Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) фаолиятини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилади. Улардан бири Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишдан иборат. Лойиҳа махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бизнес вакиллари, инвесторлар ҳамда давлат тузилмалари учун ягона рақамли платформага бирлаштиришга қаратилган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида сўзга чиққан Мирзиёев ташкилот аъзолари учун яна бир қатор муҳим ташаббусларни санаб ўтди. Унинг таъкидлашича, «ШҲТ-2040: умумий тараққиёт макони» концептуал тасаввурини ишлаб чиқишни бошлаш зарур.
– Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим, – деди давлат раҳбари.
Асосий амалий қадамлардан бири транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни саралаб олиш бўлиши керак. Улар ШҲТ Тараққиёт банки фаолияти бошланганидан сўнг амалга оширилади.
Ўзбекистон президенти иқлим ўзгариши билан боғлиқ чақириқларга ҳам эътибор қаратди. У ташкилотдаги ҳамкорларни озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича ягона кун тартибини шакллантиришга чақирди. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 2035 йилгача сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш зарур.
Ўзбекистон раҳбари Хитойнинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ушбу альянс билан яқин алоқалар ўрнатишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Мирзиёев Ўзбекистонда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Замонавий технологияларни биргаликда ривожлантириш мавзусига яна бир нотиқ — Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам ўз нутқида тўхталди.
«Катта илмий ва инновацион салоҳиятга эга бўлган ШҲТ давлатлари тажриба алмашишдан технологияларни биргаликда яратиш ва компетенцияларни оширишга ўтишни жадаллаштириши, изчил равишда сунъий интеллект соҳасида ўз экотизимини шакллантириши мумкин», — дея таъкидлади республика раҳбари.
У Қозоғистон сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилотининг муассислари қаторига кирганини қўшимча қилиб, ШҲТ шафелигида етакчи университетлар, илмий муассасалар ва технологик компаниялар иштирокида сунъий интеллект марказлари тармоғини ташкил этишни таклиф қилди.
Тўқаев илгари сурган бошқа ташаббуслар қаторида Евроосиёнинг транспорт-логистика каркасини яратиш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, электрон ҳужжатларни ўзаро тан олиш ва «яшил» йўлаклар тамойилини қўллаш каби таклифлар бор.
Давлат раҳбари стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналиш сифатида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Зеро, ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 триллион долларга яқинлашмоқда. Ушбу йўналишни ривожлантириш учун пилот саноат консорциумлари механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ташкилотнинг барча аъзолари қўшилишини кутмасдан, лойиҳалар тайёр бўлиши билан уларни амалга ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, Тўқаевнинг таъкидлашича, амалдаги чегараолди ҳамкорлик марказлари негизида ШҲТнинг чегаралараро савдо зоналарини ишга тушириш, шунингдек, ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш муҳим қадам бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилган ташаббусларнинг аксариятини Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қўллаб-қувватлади. У ҳам экологик кун тартибига алоҳида урғу берди. Сиёсатчи жаҳон энергетика бозорларидаги кескинликни инобатга олган ҳолда, анъанавий энергетика соҳасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва «яшил» трансформация лойиҳаларини илгари суришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Раҳмон ШҲТ маконида иқтисодий ўсиш зоналари ва Минтақавий рақамли ҳамда агроэкологик платформани ташкил этиш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилди. У сув хавфсизлиги мавзусига ҳам тўхталди.
«Музликларни сақлаб қолиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерлар деградациясининг олдини олиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш бугунги кунда барқарор ривожланишнинг стратегик вазифаларидир», — дея хулоса қилди Тожикистон президенти.
ℹ️ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, ўшанда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари тегишли декларацияни имзолаган эди. 2026 йилга келиб ШҲТ аъзолари сони ўнтага етди — альянс таркибига Беларусь, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон қўшилди. Ташкилотда Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар ҳисобланади.



