Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Муҳтор Тлеубердини яна республика Ташқи ишлар вазири этиб тайинлади. Тегишли фармон Оқорда сайтида эълон қилинди.
Шу билан бирга, Тўқаев Тлеубердини Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси ҳамда республикасининг Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили лавозимларидан озод қилди.
Муҳтор Тлеуберди — Қозоғистон ташқи сиёсати тизимида 30 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бўлган кадр дипломат. У Ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятини 1993 йилда атташе лавозимидан бошлаган ва кейинчалик дипломатик хизматнинг асосий босқичларидан ўтган.
Тлеуберди турли йилларда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, шунингдек, Қозоғистоннинг Малайзия, Индонезия, Швейцария, Ватикан ва Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида мамлакат манфаатларини ҳимоя қилган.
2019 йил сентябридан 2023 йил мартига қадар Тлеуберди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган ва бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган. Вазирликдан кетганидан сўнг дипломатик фаолиятини хорижда давом эттирган. Тлеуберди Фавқулодда ва Мухтор элчи дипломатик унвонига эга.
Унинг Австрияга элчи этиб тайинланишини айрим кузатувчилар ўзига хос «фахрий сургун» сифатида баҳолаган эди. Шу билан бирга, дипломатик фаолиятни хорижда давом эттириш Тлеубердига ички сиёсий жараёнлардан маълум даражада узоқлашиб, кейинчалик катта сиёсатга қайтиш имконини бериши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаганди. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Тлеубердининг ҳукуматга қайтиши Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги фаоллашаётган бир пайтга тўғри келди.



