Олмаотада фаол Алнур Иляшев хонадонида тинтув ўтказилди

Алнур Иляшев. Vlast.kz сайти фотосурати

4 сентябрь куни Олмаота шаҳрида жамоат арбоби Алнур Иляшевнинг хонадонида тинтув ўтказилди. Бу ҳақда «Власть» интернет нашри фаолнинг акаси Канат Иляшевга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 6:37 атрофида отаси унга Алнур Иляшевнинг уйига СОБР (тезкор ҳаракат қилувчи махсус отряд) ходимлари бостириб кирганини айтган. Канат воқеа жойига етиб келганида, уй олдида полиция машинаси йўқ бўлган. Бироқ, подъезд олдида полиция ходимлари турган. Канат Иляшевни хонадон ичига киритишмаган, аммо у ичкаридагиларнинг аҳволи жойида эканига ишонч ҳосил қилган.

Фаолнинг хонадонида тинтув қайси жиноят иши доирасида ўтказилаётгани ҳозирча номаълум. Полиция ходимлари Канат Иляшевга ҳеч қандай маълумот беришмаган, бироқ Алнурни сўроқ қилиш учун олиб кетишларини маълум қилишган.

Бир кун аввал Иляшев Кўк-Жайляу ҳимоячиси Аруна Ортаеванинг ҳибсга олинишига бағишланган матбуот анжуманида иштирок этган.

Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бюроси (ҚХҲҚБ) ёзишича, воқеалар июль ойи охирида эълон қилинган «партиясизлар партияси»ни тузиш ташаббуси билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ташкилотчиларнинг режасига кўра (улар орасида Алнур Иляшев ҳам бўлган), партия Қозоғистонда рўйхатдан ўтган партияларнинг бирортасига ҳам аъзо бўлмаган 11 миллион фуқаронинг манфаатларини ифода этиши керак.

ҚХҲҚБ маълумотига кўра, ҳозирда яна бир фуқаролик фаоли — Марат Туримбетовнинг хонадонида ҳам тинтув ўтказилаётган бўлиши мумкин. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Алнур Иляшев — Қозоғистонда танилган фаол. 2020 йилда фавқулодда ҳолат амал қилган даврда қасддан ёлғон маълумот тарқатиш иши бўйича унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ишга собиқ президент Нурсултон Назарбоевга йўлланган видео мурожаат ва фаолнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги Nur Otan партияси ҳақидаги постлари асос бўлган. Улардан бирида у тадбиркорлар Назарбоевнинг чақириқидан сўнг Birgemiz жамғармасига 41 миллион доллар хайрия қилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берган бўлса, иккинчисида Қизилўрда вилояти ҳокими, бир вақтнинг ўзида Nur Otan партиясининг вилоят филиали раҳбари бўлган Қуанишбек Искаковнинг қўлга олингани ҳақида ёзган.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди