Қозоғистон Адлия вазирлиги Қашаған оператори — North Caspian Operating Company (NCOC)га нисбатан ижро иши юритилиши тўхтатилгани ҳақида пайдо бўлган маълумотлар муносабати билан изоҳ берди.
Вазирлик маълум қилишича, ижро иши ҳақиқатан ҳам тўхтатилган. Бироқ бу NCOC томонидан давлат суд ижрочисининг ҳаракатлари устидан шикоят берилгани билан боғлиқ. Материаллар судда кўриб чиқилаётган даврда ижро иши улар қайтарилгунига қадар тўхтатиб турилади.
Шу тариқа, Адлия вазирлиги таъкидлашича, гап NCOCдан маблағ ундиришни тўхтатиш ҳақида бормаяпти.
«NCOCдан давлат фойдасига маблағ ундириш бўйича ишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давом эттирилади», — дея маълум қилди вазирлик.
Қозоғистон ҳукумати Қашаған операторидан 2023 йилда конда олтингугуртни сақлашнинг рухсат этилган ҳажмларидан ошириб юборилгани учун солинган 2,3 триллион тенге (тахминан 5 миллиард доллар) миқдоридаги жаримани тўлашни талаб қилмоқда. Консорциум унга қўйилган даъволарни тан олмаган ва жарима устидан халқаро арбитражга шикоят қилган.
Жорий йил июль ойида UNCITRAL арбитраж трибунали иш кўриб чиқилиши якунлангунига қадар Қозоғистонга мажбурий ундириш чораларини қўллашни тақиқловчи таъминлов чораси тўғрисида қарор чиқарди. Республика Адлия вазирлиги эса жарима қонуний эканини ва бу миллий судларнинг қарорлари билан тасдиқланганини маълум қилди.
Вазирлик, шунингдек, Қозоғистон судининг қарори 20 июлга қадар ихтиёрий равишда ижро этилиши кераклигини, ушбу муддат ўтганидан сўнг ҳокимият органлари мажбурий ундириш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлишини қўшимча қилди. 25 июль куни Қозоғистон ҳукумати North Caspian Operating Company компаниясининг мол-мулки ва транспорт воситаларига хатлов қўйгани маълум бўлди.
North Caspian Operating Company консорциуми таркибига Shell, Eni, TotalEnergies, ExxonMobil, CNPC, Inpex ва «ҚазМунайГаз» миллий компанияси киради. NCOC томонидан ўзлаштирилаётган Қашаған кони сўнгги ўн йилликларда дунёда очилган энг йирик нефть конларидан бири ҳисобланади. Унда тижорий нефть қазиб олиш 2016 йилдан бошланган.
Сўнгги вақтларда Қозоғистон ҳукумати консорциумга нисбатан бир қатор даъволарни илгари сурди. Улар орасида коррупция билан боғлиқ даъволар ҳам бор.



