«Чуқур ташвишдамиз»: БМТнинг Афғонистондаги миссияси толиблар томонидан аёлларнинг ҳибсга олинаётгани ҳақида хабар берди

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси (UNAMA) толиблар ҳукумати томонидан аёллар ва қизларнинг ҳибсга олиниши ҳамда ушлаб турилиши ҳолатларидан «чуқур ташвишда» эканини билдирди. Бу ҳақда UNAMA 8 октябрь куни тарқатган матбуот баёнотида маълум қилди. Унда мамлакатнинг турли ҳудудларида аёлларни ҳибсга олиш билан таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

UNAMA маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойидан сентябрь ойига қадар Ҳирот ва Кобул шаҳарларида камида 52 нафар аёл ва бир нафар қиз ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган. Бошқа аёлларга ҳам ҳибсга олиш билан таҳдид қилинган. Миссиянинг таъкидлашича, бундай ҳолатларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин. Кўплаб жабрланганлар ўз хавфсизлиги учун хавотирлангани сабабли содир бўлган воқеалар ҳақида хабар бермайди.

Ҳибсга олиш ҳолатлари толибларнинг кийиниш қоидалари бузилгани ҳақидаги гумонлар билан боғлиқ бўлган. Аёллар чадра киймагани, сочларини ёпмагани, ёрқин рангли рўмоллар ўрагани ёки косметикадан фойдалангани учун ушланган. Яна бир сабаб — аёллар маҳрам ҳамроҳлигисиз жамоат жойларида пайдо бўлишган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси бир неча соатдан сўнг озод қилинган.

UNAMA шунингдек, аёлларга, жумладан, дўкон эгаларига нисбатан оғзаки ҳақоратлар, калтаклаш ва таҳдид қилиш ҳолатларидан ҳам хавотир билдиради. Миссия бундай хатти-ҳаракатлар аёллар ва қизларнинг эркин ҳаракатланиш, ўз фикрини эркин ифода этиш ва шахсий мустақиллик ҳуқуқларини бузишини таъкидлайди. Бундан ташқари, ҳибсга олиш ва ушлаб туриш ҳолатлари уларнинг жамиятда ёмон отлиққа чиқиши ҳамда янада яккаланиб қолишига олиб келмоқда.

UNAMA толиблар ҳукуматини аёллар ва қизларга нисбатан камситувчи амалиётларга барҳам беришга чақирди. Миссия барча афғонистонликларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилишни, шунингдек, Афғонистоннинг ўз зиммасига олган инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ мажбуриятларини бажаришни талаб қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ