АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандда C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди. Сафар 17–22 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистондан сўнг Давлат котиби Ҳиндистонга йўл олади ва у ерда Мумбай ҳамда Жамнагар шаҳарларида бўлади.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, Самарқандда Рубио C5+1 форматидаги стратегик ҳамкорлик АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун «янада тинч ва фаровон келажак» барпо этишга қандай ёрдам бераётгани ҳақида гапиради. Бундан ташқари, у минтақадаги барча беш давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Вазирлик ушбу сафарни «тарихий» деб атади ва Давлат котиби 200 дан ортиқ Америка компаниялари раҳбарларидан иборат тижорат делегациясига бошчилик қилишини маълум қилди. Дипломатларнинг таъкидлашича, мазкур ташриф АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигида «янги давр»ни бошлаб бериши керак.
Сентябрь ойи охирида АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор бўлажак ташриф ҳақида маълум қилган эди. Ўшанда гап 100 дан ортиқ компания вакилларидан иборат делегация ҳақида бораётганди, деб ёзган «Фарғона» агентлиги. Музокараларнинг асосий мавзулари сифатида минтақанинг иқтисодий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, энергетик хавфсизлик ва умумий минтақавий муаммоларни ҳал этиш белгиланган эди. Муҳим минераллар ва нодир ер металлари соҳасидаги ҳамкорлик Вашингтон ва Тошкент учун алоҳида аҳамиятга эга. 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда Рубио билан учрашган эди. Ўшанда томонлар бундай ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолаган.
Апрель ойида Вашингтонда Америка-Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгаши ўз фаолиятини бошлади. Уни ташкил этиш тўғрисида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп 2025 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган C5+1 саммитида келишиб олганди.
Рубио Давлат котиби лавозимида Ўзбекистонга ва умуман Марказий Осиёга биринчи марта ташриф буюради. Аввалроқ у 2026 йилда минтақадаги бешта давлатнинг барчасига бориш нияти борлигини билдирган эди. Бироқ, ҳозирча фақат Ўзбекистонга ташрифи эълон қилинди.
Ҳиндистонда Рубио икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича расмийлар билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, у ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашади. Бу унинг жорий йилда Ҳиндистонга иккинчи расмий ташрифи бўлади.



