Қирғизистондаги барча масжидлар Мусулмонлар диний бошқармаси балансига ўтказилади

Чуй вилоятидаги масжидлардан бири. wikipedia.org сайти фотосурати

Қирғизистонда фаолият юритаётган барча масжидларни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ, муфтийлик) балансига ўтказиш жараёни бошланди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар беради.

Муфтийлик маълумотларига кўра, мамлакатда 4470 та масжид мавжуд. Ҳозирда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган объектларнинг аниқ сонини белгилаш мақсадида улар текширилмоқда. Инвентаризациянинг дастлабки натижаларини 2026 йил охиригача сарҳисоб қилиш режалаштирилган.

Ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар аниқланган масжидларни ёпиш режалаштирилмаган. Асосий вазифа — ҳужжатларни қонун талабларига мувофиқ тартибга келтириш.

Муфтийлик таъкидлашича, кўплаб масжидлар маҳаллий аҳоли, хусусий шахслар ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қурилган. Бироқ, қурилишга рухсатномалар, фойдаланишга топшириш далолатномалари ва ер участкаларига оид ҳужжатлар ҳар доим ҳам расмийлаштирилмаган. Айрим ҳолларда ер участкалари бошқа мақсадлар учун ажратилган, ер ёки бинонинг мулк ҳуқуқи эса расмийлаштирилмаган. Қонунчилик ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларидаги ўзгаришлар ҳам вазиятни мураккаблаштирган.

Текширувлар Қирғизистоннинг барча туманларида олиб борилмоқда. Ҳар бир масжид бўйича ер кимга тегишли экани, бинонинг ҳужжатлари тўғри расмийлаштирилгани ва объект рўйхатдан ўтказилгани аниқланмоқда. «Дин эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, диний объектлар марказий бошқарув органи балансида бўлиши керак. Агар масжид хусусий мулк бўлса, уни бошқарма балансига ўтказиш учун мулкдорнинг ихтиёрий розилиги ва белгиланган тартибга риоя этилиши талаб қилинади.

Диний объектларни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси балансига ўтказиш жараёни 2027 йил 1 февралга қадар якунланиши керак.

Янги қонун 2025 йил 1 февралда кучга кирган. Ҳужжатга мувофиқ, энди диний объектлар қурилиши ваколатли орган билан келишилиши шарт, уларнинг сонини эса Вазирлар Маҳкамаси тартибга солади. Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси масжидлар ва мадрасалар қурилишини келишишда, шунингдек, диний объектлар ҳамда таълим муассасалари раҳбарларини тайинлашда иштирок этади.

ҚМДБда масжидларнинг коммунал харажатлари масаласи ҳам алоҳида кўтарилилган. Одатда, бу харажатларни маҳаллий жамоалар, ҳомийлар ва хайрия қилувчилар қоплайди. Давлат бюджети ёки муфтийлик маблағлари ҳисобидан ушбу харажатлар марказлашган тартибда тўланмайди. Тўлов миқдори масжиднинг катталиги, электр энергияси истеъмоли ва иситиш тизимига боғлиқ. 2026 йил 1 майдан бошлаб диний объектлар учун электр энергияси тарифи киловатт-соат учун 2,96 сомни (0,03 доллар), тижорат истеъмолчилари учун эса 4,33 сомни (0,05 доллар) ташкил этади. Муфтийлик турли масжидлар амалда қайси тарифлар бўйича тўлов қилаётганини аниқлаштирмоқда. Бошқарма вакиллари тарифлар масаласини алоҳида кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Уларнинг таъкидлашича, масжидлар тижорат объектлари ҳисобланмайди ва диний ҳамда ижтимоий вазифаларни бажаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ