Россия Қирғизистоннинг ЕОИИдан шакар импортини тақиқлаш режалари юзасидан ЕИКга шикоят қилди

Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо давлатларидан ҳамда учинчи мамлакатлардан оқ шакар импортини олти ойга тақиқлаш режалари юзасидан Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕИК) шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Россия Шакар ишлаб чиқарувчилар иттифоқи хабар берди.

Аввалроқ, 8 октябрь куни Қирғизистон ҳукумати оқ шакар олиб киришни олти ой муддатга тақиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Тақиқ транзит юклари, қайта экспорт, саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган «экстра» навли шакар ҳамда тақиқ кучга киришидан олдин жўнатилган маҳсулот партияларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳукумат ушбу тақиқни маҳаллий қанд лавлаги етиштирувчилари ва уни қайта ишловчи корхоналарни хорижий етказиб берувчиларнинг нархлар борасидаги босимидан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлайди.

Россия томони ЕОИИга аъзо давлатлардан шакар импортини тақиқлаш иттифоқнинг ички бозор қоидаларини бузиши ва шаклланган савдо алоқаларининг узилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг мурожаатида таклиф этилаётган чора «асоссиз камситиш» деб баҳоланган. Россия томонининг фикрича, бу чора ўзаро савдо орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий тамойилларига зид, деб ёзади нашр.

Айни пайтда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида мамлакатда шакар захиралари аллақачон тўплангани ва маҳаллий заводлар маҳсулоти яқин орада бозорга чиқарилишини ҳисобга олганда, шакарнинг катта партияларини импорт қилиш таклифнинг ортиқча кўпайишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

Вазирлик баҳосига кўра, арзон импорт қанд лавлаги етиштиришни иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилиб қўяди. Бу эса қирғизистонлик фермерларни экин майдонларини қисқартиришга ёки бошқа экинларга ўтишга мажбур қилиши мумкин. Асосий хавф янги ҳосилдан етиштирилган қанд лавлагини қайта ишлаш даврида нархларга босим кучайиши билан боғлиқ, деб ёзади Economist.kg.

2026 йил январь–август ойларида Қирғизистон 37,1 миллион долларлик 68,6 минг тонна шакар импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 баравар кўп. Энг йирик етказиб берувчи Бразилия бўлиб, ундан 30 минг тонна шакар олиб келинган. Иккинчи ўринда Россия — 22,7 минг тонна. Кейинги ўринларда Озарбайжон, Қозоғистон ва Беларусь туради.

Шу билан бирга, Қирғизистонда 2026–2027 йилги мавсумда 84 минг тонна шакар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Мамлакатнинг йиллик эҳтиёжи эса тахминан 120 минг тоннани ташкил этади. Тақиқ амал қиладиган даврда мамлакатга қарийб 60 минг тонна шакар керак бўлади. Демак, кутилаётган ҳосил ички эҳтиёжни қоплаш учун етарли бўлиши кутилмоқда.

Россиянинг шикоятидан сўнг ЕИК Қирғизистон таклиф этаётган чора ЕОИИ ички бозори фаолиятига тўсқинлик қиладими-йўқми, шуни таҳлил қилади. Агар комиссия шундай хулосага келса, Қирғизистон ҳукуматига тақиқни жорий этишдан воз кечиш талабини юбориши мумкин.

▪️ Евроосиё шакар ассоциацияси маълумотларига кўра, ЕОИИда қанд лавлагидан шакар ишлаб чиқариш ҳажми иттифоқнинг ички эҳтиёжини тўлиқ қоплайди. 2026/2027 йилги мавсумда эса 1 миллион тонна миқдорида ортиқча маҳсулот ҳосил бўлиши кутилмоқда.