ОТБ Тожикистонга соғлиқни сақлаш ва ижтимоий суғурта соҳаларидаги лойиҳалар учун 63,7 миллион доллар ажратди

ОТБ матбуот хизмати фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Тожикистон ҳукумати республикада соғлиқни сақлаш ва ижтимоий суғурта соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 63,7 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги битимларни имзолади. Бу ҳақда халқаро молия институтининг Facebookдаги саҳифаси хабар берди.

Тегишли ҳужжатларни имзолаш маросими 21 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди. Битимларни Марказий Осиё мамлакати Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва ОТБнинг Тожикистондаги доимий вакили Ко Сакамото имзолади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш лойиҳаси учун 43,7 миллион доллар маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Грант маблағлари бир нечта тузилма томонидан ажратилади:

✅ Осиё тараққиёт жамғармаси — 28 миллион доллар;

✅ Пандемия жамғармаси — 10,7 миллион доллар;

✅ Осиё ва Тинч океани минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлиги япон жамғармаси — 3 миллион доллар;

✅ Яшил иқлим жамғармаси — 2 миллион доллар.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи хавфларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга самарали жавоб қайтариш имкониятларини оширишни кўзда тутади.

Ижтимоий суғурта тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 20,5 миллион доллар йўналтирилади. Бу маблағларнинг 19,5 миллион доллари Осиё тараққиёт жамғармаси, 1 миллион доллари эса Юқори технологиялар жамғармаси томонидан ажратилади.

ОТБ маълум қилишича, лойиҳалар республикада пенсия таъминоти қамровини кенгайтириш, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларни амалга ошириш тизимини янгилаш, шунингдек, ушбу хизматларни аҳоли учун тезкор, хавфсиз ва қулай қилиш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ