Тўқаев маъмурияти раҳбари ўринбосари Асел Жанасова Қозоғистон Транспорт вазири этиб тайинланди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Нурлан Сауранбаевни Транспорт вазири лавозимидан озод қилди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бошқа фармони билан ушбу лавозимга ўз маъмурияти раҳбари ўринбосари Асел Жанасовани тайинлади ва уни аввалги лавозимидан озод этди. Шунингдек, у Бош вазир ўринбосарларидан бири бўлди.

Сауранбаев 2025 йил июнь ойидан буён Транспорт вазирлигини бошқариб келаётган эди. Унинг истеъфосидан аввал Тўқаев мамлакатдаги йўллар ҳолатини танқид қилганди. Президент 28 октябрь куни халққа йўллаган мурожаатида йўл қурилиши сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади ва барча республика ҳамда маҳаллий автомобиль йўлларини Транспорт вазирлиги орқали ҳукумат тасарруфига ўтказишни топширди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, аввал марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари бу соҳа учун масъулиятни бир-бирининг зиммасига юклаган ва «муаммони ботқоққа ботириш учун қўлларидан келган барча ишни қилган».

Асел Жанасова 1987 йилда Олмаотада туғилган. «Болашақ» дастури бўйича Кембриж университетини тамомлаган ва 2010 йилда компьютер фанлари йўналиши бўйича диплом олган.

2010–2014 йилларда Лондондаги ENRC офисида ишлаб, IT мутахассисидан киберхавфсизлик департаменти директори лавозимигача кўтарилган. Қозоғистонга қайтгач, Миллий банкда ишлаган, «Зерде» холдингини бошқарган, Савдо ва интеграция вазири ўринбосари бўлган. 2022 йил октябрь ойида «Қазпочта» раҳбари этиб тайинланган, 2025 йил июнь ойида эса президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган. 2025 йил декабрь ойида уни Президент администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинлашган.

2025 йил апрель ойида Жаҳон иқтисодий форуми Жанасовани Young Global Leaders («Ёш глобал етакчилар») дастурига киритган. Ўша йилги иштирокчилар рўйхатидан қарийб 50 мамлакатдан 40 ёшга тўлмаган 116 киши ўрин олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ