Туркманистон расмийлари хорижда таҳсил олган талабаларга ҳарбий гувоҳнома беришни рад этмоқда

milligosun.gov.tm сайтидан олинган сурат

Хорижий олий таълим муассасаларида ўқиб, ватанига қайтган Туркманистон фуқаролари ҳарбий комиссариатлар қонунга хилоф тарзда ҳарбий гувоҳнома беришдан бош тортаётганидан шикоят қилмоқда. Бунинг устига, муассаса ходимлари бундай қарор сабабларини очиқламасдан, баъзан: «Бу армияда хизмат қилиш ўрнига чет элда юрганингиз учун жазо», дея жавоб қайтармоқда. Қонунчиликнинг бундай қўпол равишда бузилиши ҳақида республика фуқароларининг кўрсатмаларига таянган ҳолда Turkmen.news хабар беради.

Нашрнинг қайд этишича, бундай шикоятлар асосан Болқон ва Лабоп вилоятларидан тушмоқда. Ҳарбий комиссариатлар раҳбариятининг қаршилигига дуч келган эркаклар бу ҳолат жиддий қийинчиликлар келтириб чиқараётганини таъкидламоқда. Зеро, Туркманистонда ҳарбий гувоҳнома ўта муҳим ҳужжат ҳисобланади. У ишга қабул қилиниш, доимий рўйхатдан ўтиш ва банкда ҳисобрақам очишда талаб этилади. Шу боис «ҳужжатсизлар» ҳуқуқлари сезиларли даражада чекланиб, кўплаб ижтимоий хизматлардан маҳрум бўлмоқда.

Ҳарбий комиссариатлар, одатда, фуқароларга аниқ тушунтириш бермайди. Республиканинг ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонунига кўра, рўйхатга қўйилмайдиган эркаклар тоифаси назарда тутилган, бироқ соғлиғи ёки ўқиши сабабли армияга чақирилмаганлар учун бошқача тартиб белгиланган. Бундай туркманистонликларга 26 ёшга тўлгунга қадар муддат узайтирилади. Бироқ қуролли кучлар сафига чақирув 27 ёшдан тақиқланади. Шу боис хорижий ОТМларнинг кўплаб битирувчилари уйларига айнан шу ёшга етгачгина қайтади. «Чақирув ёши»ни чет элда ўтказган талабаларнинг ҳарбий гувоҳномаси бўйича қандай йўл тутилиши эса меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда очиқланмаган.

ОАВ манбалари ҳарбий комиссариатларнинг ҳужжат беришни рад этишини мамлакат мудофаа вазири Бегенч Гундоғдиевнинг фармойиши билан боғламоқда. Бунда зобитлар келтираётган ягона сабаб — ҳукумат «чақирув йиллари»ни ватандан ташқарида ўтказганлар учун шундай жазо ўйлаб топгани билан изоҳланмоқда.

Аслида, бу каби ҳолат ўтган йили ҳам кузатилган, аммо унда амалдорлар ҳарбий гувоҳнома бергани учун очиқчасига пора талаб қилган эди.

Turkmen.news нашрининг ёзишича, кўпчилик туркманистонликлар учун армиядаги хизмат муқаддас бурч эмас, балки қуллик ҳисобланади. Боиси, муддатли ҳарбий хизматчилар аксар ҳолларда командирларнинг шахсий томорқаларида меҳнат қилишга ҳамда мажбурий пахта теримига жалб этилади.

Ўғлини ҳарбий хизматдан асраб қолиш имконига эга бўлган оилалар ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилади. Улар фарзандларини хорижга ўқишга юборади. Бунда йигитлар олийгоҳни битиргач ҳам, қуролли кучларда хизмат қилмасдан ҳарбий гувоҳнома олиш учун 27 ёшга тўлгунга қадар чет элда ишлаб юради.