АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан туҳфа қилинган иккита анъанавий ўзбек айвони (шийпон) учун ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Америка етакчиси бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
Трамп ўзбекистонлик ҳунармандлар бир неча ой давомида оилаларидан йироқда, мураккаб об-ҳаво шароитида 200 йиллик тоғ ёнғоғи ёғочидан ўймакор иншоотлар яратганини таъкидлади. АҚШ президенти усталарнинг маҳоратини юқори баҳолади.
Оқ уй раҳбари совғани жамоатчилик ихтиёрига топширишга қарор қилди. Айвонлар Вашингтондаги Ғарбий Потомак боғи ҳудудида, Тўлқинли ҳавза қирғоғига ўрнатилди.
Иншоотларнинг 17 ноябрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва Қўшма Штатлар Ички ишлар вазири Дуглас Бергам иштирок этди. Трампнинг ўзи эса, сўзларига кўра, айвонларни президент вертолёти бортидан томоша қилган.
Америка етакчиси 2027 йилга мўлжалланган Америка қаҳрамонлари миллий боғи очилганидан сўнг, ўзбек айвонлари Вашингтоннинг энг оммабоп диққатга сазовор жойларидан бирига айланишига умид билдирди.
Ўзбекистон АҚШда ўз маданий меросини фаол тарғиб қилмоқда. Жумладан, 2025 йил мартида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU) АҚШ Конгресси кутубхонасига 50 жилдлик китоб-альбомларни топширди.
2026 йил июнида футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида Хьюстон ва Атлантада хорижлик мухлисларни ўзбек маданияти, миллий таомлари ва анъаналари билан таништиришга бағишланган тадбирлар ташкил этилди.
Октябрь ойида эса Вашингтонда Ўзбекистоннинг анъанавий ва замонавий тўқимачилик санъати кўргазмаси бўлиб ўтди.



