Депутатлар Ўзбекистоннинг 12 йиллик ўрта таълим тизимига ўтиши тўғрисидаги қонунни қабул қилдилар

Фото: uz24.uz сайтидан

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси бир йиллик мактабга тайёрлов босқичини мажбурий умумий ўрта таълимнинг бошланғич бўғини сифатида белгиловчи қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилди. Ушбу қарор миллий тизимни халқаро стандартларга мослаштиришга интилиш билан изоҳланади, деб хабар беради парламент қуйи палатаси матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида.

Шу тариқа, ҳужжат барча босқичларда тасдиқлангач, мамлакатда амалдаги 11 йиллик тизим ўрнига 12 йиллик мактаб таълими жорий этилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуснинг маъқулланиши мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлашга, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини оширишга ҳамда уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, янги тузилма республиканинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга ва Ўзбекистонда берилган таянч таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг хорижий мамлакатлар томонидан тан олиниши учун қулай шароит яратишга имкон беради.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида депутат Сайёра Имомова бир қатор статистик маълумотларни келтириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олти ёшли болаларни қамраб олиш эса 98 фоизга етган. 2027 йилга келиб эса охирги кўрсаткич 100 фоизга етказилади.

Унинг қўшимча қилишича, мактабга мажбурий тайёрлов фақат болалар боғчалари билан чекланиб қолмайди. Бундай гуруҳлар умумтаълим муассасаларининг бўш синф хоналарида, чекка ҳудудларда эса ижтимоий объектлар, жумладан, «келажак марказлари» ва бошқа муассасалар негизида ташкил этилади.

Имомованинг ойдинлик киритишича, 4 мингдан ортиқ мактабнинг бўш хоналарида тайёрлов гуруҳлари очилган бўлиб, яна 191 та таълим муассасасида 246 та шундай гуруҳни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунда машғулотларни боғчаларда тарбиячилар, мактабларда эса ўқитувчилар олиб боради.

Депутатлар қонуннинг кучга кириш муддатларини ҳам алоҳида кўриб чиқдилар. Улар таълим муассасаларининг янги тизимга пухта ва тизимли тайёргарлик кўриши учун камида олти ой муҳлат талаб этилади деган хулосага келдилар.

12 йиллик ўрта таълимга оид қонун лойиҳаси Сенатга юборилди. Ҳужжат юқори палата томонидан маъқулланганидан сўнг давлат раҳбари томонидан имзоланиши лозим бўлади.

Тегишли ислоҳот Ўзбекистонда бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг сентябрь ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов тайёрлов гуруҳларини мактаб тизимига уйғунлаштириш орқали 12 йиллик тизимга босқичма-босқич ўтилиши белгиланганини маълум қилган эди.

Янги тизим қуйидаги тартибда шакллантирилиши назарда тутилган: 1 йиллик тайёрлов босқичи, 4 йиллик бошланғич таълим, 5 йиллик таянч умумий ўрта таълим (5–9-синфлар) ҳамда 2 йиллик умумий ўрта таълим — мактаблар, лицейлар, ҳарбий билим юртлари ёки техникумлар.

Мулозимнинг таъкидлашича, ушбу янгилик битирувчиларга хорижий олийгоҳларга кириш учун foundation — тайёрлов курсларида ўқимаслик имконини беради. Бундан ташқари, 12 йиллик таълимнинг татбиқ этилиши Ўзбекистон таълим тизимини ЮНЕСКОнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ