«Сув балоси» билан юзма-юз

Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари сув тошқинлари домида қолди

Қозоғистонда Абай, Ақтўбе, Қўстанай ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари аҳолиси сув тошқини сабабли эвакуация қилинмоқда, деб хабар беради республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Умуман олганда, ҳозиргача 1400 дан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб кетган. Булар асосан ҳаво ҳароратининг кескин ошиши туфайли қор ва музларининг эриши ва бир неча кундан бери тўхтамай ёғаётган ёмғир туфайли сув босган кичик аҳоли пунктлари аҳолисидир.

Куни-кеча Қўстанай вилоятининг Екидин, Оққиси, Қизилжулдиз, Янгиқала қишлоқлари ва тўққизта қишлов аҳолиси сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинди. Операцияга Ми-171Ш, Ми-17 ва Ми-8 транспорт-жанговар вертолётлари жалб этилган.

Баъзи жабрланганларни ҳарбий вертолётга арқонда тортиб олишга тўғри келган. Уларнинг барчаси Аркалиқ шаҳридаги эвакуация пунктларига етказилди, деб хабар беради Қозоғистон Мудофаа вазирлиги.

«Тунда учиш кўрга ташланадиган ёруғлик белгиларининг йўқлиги туфайли мураккаблашади. Ҳамма жойда электр узилган. Мобил алоқа тармоғининг паст қамрови ҳам вазифани бажаришни қийинлаштиради. Биз ҳозирги вазиятда бу одамларни қутқаришнинг ягона йўли эканини тушунамиз ва бунинг учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз», — дея эвакуацияни амалга оширган экипажлардан бири командири подполковник Миршат Сагиндиқов сўзларидан иқтибос келтирилади хабарда.

Ҳозирда ўз қариндошларини қидираётган Екидин қишлоғининг қариндошлари ҳам офат ҳудудида алоқа йўқлигидан нолиган. Қўстанай вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Қайрат Қосим минтақадаги вазиятни изоҳлар экан, бундай сув тошқини 1990 йилдан бери бўлмаганини айтади.

«30 йилдан бери бундай нарсани кўрмаганман! Ёғингарчилик жуда тез бошланди. Қор захираси тахминан 200% ни ташкил этарди, тупроқнинг музлаган қатлами — 40 см дан 1 метргача бўлган, шунинг учун сув ерга сингимай аҳоли пунктлари томон тошиб бораверган», — дея қўшимча қилади у.

Қозоғистоннинг Кустаной вилоятидаги сув тошқини. www.gov.kz сайти фотосурати

Ғарбий Қозоғистон вилоятида ҳам оғир сув тошқини ҳолати юзага келган. У ерга ёрдам учун Манғистау ФВВ қутқарувчилари ва техникалари жўнатилган. Кечаси Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 28237-ҳарбий қисми хизматчилари Олмаотадан вилоятга етиб келган.

Ҳозирда маълумки, даштлардан эриган сувлар 600 га яқин аҳоли яшайдиган Коржин қишлоғини босиб кетган. Деркул дарёсидаги сув даражаси хавфли даражадан ошиб кетган Тасқала ва Чижа-2 қишлоқлари хавф остида қолмоқда, деб хабар беради «Мой город» нашри.

ҒҚВ Каратобин тумани Коржин қишлоғидаги вазият. www.gov.kz сайти фотосурати

Самара-Чимкент автойўлида йўловчи транспорт воситалари ҳаракати чекланган. Жимпити қишлоғидан Ақтўбе вилояти чегараларигача бўлган йўл ёпилган.

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази Уралск шаҳрида бир кун аввал сув тошқини сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилганди. Шаҳарнинг айрим кўчалари сув остида қолган. Уралск ҳокимяти биносининг биринчи қавати ҳам шикастланган. Шаҳардаги канализация насос станцияларини сув босиб кетгани сабаб, ичимлик суви етказиб беришда чекловлар жорий этилган. Уралск ҳокими маҳаллий ҳокимият органларининг табиий офатга тайёр эмаслиги учун қаттиқ танбеҳ олди.

Уралскдаги вазият. www.gov.kz сайти фотосурати

Ақтўбе вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Ақтўбе шаҳрида Саздинка дарёси оқиб ўтадиган канал тошиб кетган. Натижада кўчаларни сув босган, яқин атрофдаги уйлар ҳам хавф остида қолган, деб ёзади Tengrinews.kz. Жойларда коммунал ва фавқулодда хизматлар ходимлари ишламоқда. Ҳокимлик маълумотларига кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳам жалб қилинган.

Бир кун аввал сув тошқини туфайли Ақтўбе аэропорти фаолиятини маълум муддатга тўхтатига тўғри келган. Ҳозирда аэропорт нормал режимда ишламоқда.

Ниҳоят, Абай вилоятида 600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Қиндиқти қишлоғи ташқи дунёдан узилиб қолган. Қишлоққа олиб борувчи ягона кўприкни сув ювиб кетган. Бундан ташқари, вилоятнинг Аяғоз туманида ҳозирда қутқарувчилар сув тошқинидан ғойиб бўлган уч нафар эркакни қидирмоқда.

Улкан сув тошқини янги Фавқулодда вазиятлар вазири Чингиз Аринов учун март ойида Олмаотадаги зилзиладан сўнг иккинчи жиддий синов бўлди. Аринов, эслатиб ўтамиз, бу лавозимни шу йилнинг февраль ойида эгаллаган эди. Вазир Қозоғистон халқига мурожаат қилиб, табиий офатга қарши кураш унинг шахсий назорати остида эканини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ