Ўзбекистон пойтахтидан 55 километр масофада, Тошкент вилоятининг Паркент туманида, шимоли-ғарбий Тянь-Шань тоғ тизмаларида ҳамда Угам-Чотқол миллий боғининг шундоққина ёнгинасида Кумушкон посёлкаси жойлашган.
Поселканинг юқори томонида Ҳазрати Али Бува муқаддас қадамжо мажмуаси жойлашган. Ривоятлардан бирида айтилишича, авлиё бува Ҳазрати Имомнинг куёвболаси бўлган. Ҳазрати Имом номи остида Х асрда яшаган Қуръон ва ҳадислар билимдони, шунингдек, шоир ва тилшунос бўлган ал-Қаффол аш-Шоший аталишини биламиз. Бу инсон шарафига Тошкентда 2007 йилда бутун-бир тарихий-меъморий ансабль барпо этилиб, Ҳазрати Имом номи берилган.
Шу билан бирга, бошқа турдаги ривоятлар ҳам мавжуд. Улардан баъзиларини экскурсоводлар ҳикоя қилиб берадилар. Уларга ишонадиган бўлсангиз, Ҳазрати Али Бува деб нақ Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси, куёв боласи ва чаҳор ёрлардан бири бўлмиш Али ибн Абу Толиб розиаллоҳу анҳу номи билан танилган машҳур Абул-Ҳасан Али ибн Абу Толиб ал-Қурайшийнинг (599-661 йиллар) ўзлари бўлиб чиқади.
Кумушконда истиқомат қилувчи 71 ёшли қария Суюн Ҳожиқулов ҳикоя қилиб берган ривоятда айтилишича, Муҳаммад (с.а.в.) ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига маҳаллий аҳолини Исломга даъват қилиш учун ўзининг куёвболаси Али розиаллоҳу анҳуни жўнатган эканлар. Ҳазрати Али ўзларининг қанотли Дулдул лақабли тулпорларини миниб йўлга тушган эканлар. Тоғдаги қишлоқ узра учиб ўтаётганларида намозларини адо этиш учун тўхтаган эканлар.
Намоз ўқиш учун таҳорат олиш фарзлигини ҳамма билади. Ҳазрати Али таҳорат учун сувни Аллоҳнинг ўзидан сўрабдилар. Ана шунда Аллоҳ Таъалонинг иродаси билан қишлоқда бирданига бешта булоқнинг кўзи очилиб сув чиқа бошлаган. Кейинчалик улар Авлиё булоқ деб атала бошлаган. Ҳазрати Али отларини ниқтаб юрган хивчинлариними ёки ҳассалариними булоқ ёнига суқиб қўйган эканлар, ундан ўша заҳоти кўркам чинор дарахти ўсиб чиқибди. Ҳазрати Али намозларини ўқиб юрган пайтларида унинг қанотли Дулдул тулпорлари Қизил Нура тоғидаги яйловда ўтлаб юрган экан ва эгалари хуштак чалиб чақирганларида, чинорнинг ёнига етиб келар экан.
Қачонлардир, чинорнинг тўққизта танаси орасида вазни 80 килограммга етадиган катта тош ётган, унда ҳазрати Али бияларининг туёғи ва итларининг оёқ излари қолган, — дея ҳикоя қилади Суюн-тоға. – Шўролар даврида бу тошни аллақаерга олиб кетишади. Кейин маҳаллий аҳоли уни пастроқда топиб, жойига қайтариб келади. Бироқ кейинроқ тош яна йўқолиб қолади, миш-мишларга қараганда, у ҳозир Санкт-Петербургдаги Эрмитажда сақланаётган эмиш.
Тош Қуръон
Мана 1400 йил бўлибдики, Кумушкондаги булоқлар ва чинор муқаддас қадамжо саналмоқда. Бутун Ўзбекистондан ҳамда қўшни республикалардан бу ерга ҳар куни юзлаб, баъзида эса мингаб зиёратчилар келадилар. Зиёратчилар бу ердаги булоқ сувидан ким таҳорат олса, ёшариб кетади, деб ишонадилар.
Чинор ҳам муқаддас саналади: унинг тўққизта танаси гўё турли дардларга шифо беради деб эътиқод қилишади. Бунақа дардлар орасида бепуштлик ҳам бўлгани учун зиёратчиларнинг кўпчигини ҳомиладор бўлиш истагида юрган аёллар ташкил этади. Айтишларича, фойда бераётган эмиш.
Мен ҳам, қўшниларим ҳам ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Бир куни бу ерга битта фарзандсиз оила зиёратга келди, — дея ҳикоясини давом этади Суюн тоға. – Эр-хотин чинор ёнида ётиб қолдилар ва эрталаб уйларига қайтиб кетдилар. Бир йил ўтиб чақалоқ ўғлини бағрига босиб келдилар. Улар ўзлари билан катта қўчқорни олиб келдилар. Биз қўчқорни сўйиб, бутун қишлоқ билан зиёфат қилиб едик.
Айтишларича, бу муқаддас қадамжонинг руҳоний қуввати жуда ҳам кучли, шунинг учун ҳам бу ерга келаётган ўзбекистонликлар бу зиёратни Макка шаҳрига умра қилиш билан тенглаштирадилар. Маълумки, умра зиёратини Зул-ҳижжа ойида бажариладиган ҳаж амалидан фарқли ўлароқ, йилнинг исталган бошқа ойларида бажариш мумкин. Бунақанги катта савобга эга бўлиш истаги кўпчилик ўзбекистонлик мусулмонларни ўзига жалб қилиши табиий, негаки Саудия Арабистонига сафар қилиш учун ҳаммада ҳам молиявий имконият мавжуд эмас.
Аваллари булоқ бошига ва чинорга етиб келгунча тор ва хатарли сўқмоқ орқали тоққа кўтарилиш керак бўлган. Бироқ тўққиз йил илгари вазият ўзгарди. Гап шундаки, Ислом Каримов оиласига қарашли дала ҳовлиларидан бири Кумушконда жойлашган бўлиб, айни пайтда бу ерда ҳеч ким яшамайди. Шундай қилиб, 2010 йилда Ислом Каримов божасининг ўғли Акбар бу дала ҳовлига келган эди. У қадамжони ободонлаштирди, унинг ёнида масжид барпо этиб, қишлоқдан қадамжогача тош тердириб суянчиқли йўлак қурдирди.
Бундан ташқари, Акбар Кумушконга ичимлик суви қувурларини ва табиий газ олиб келди, поселканинг Ҳазрати Алидан Паркентсойгача олиб борувчи марказий кўчасига асфальт ётқизди, йўл четига фонусли чиройли панжаралар қўйдирди. Муқаддас булоқларда ҳеч ким чўмилмаса ҳам, зиёратчилар бу ерда таҳорат қилиб масжидга кўтарилишлари мумкин.
Татьяна Каримованинг ўша жияни масжид тепасида унчалик катта бўлмаган айвонча қурдириб, унинг ичида супа устида қалин ойнак остида улкан мармар Қуръон ўрнатиб қўйди. Унинг очиқ саҳифасида араб тилида “Инсон туғилганида, Аллоҳ унга еттита калит беради. Инсон ҳаётини яшай туриб, еттита эшикни очиб, уларнинг ҳар бирида нур ва яхшилик қолдиришлари керак”, деган ёзув қолдирилган.
Сид Янишев фотосурати, «Фарғона"
-
29 Июнь29.06Шойи булутларШарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида