Бўйнидан бўғизланган мода

Тошкентлик машҳур модельер Нариман Григоряннинг ўлимига доир тергов нимадан бошлангани тўғрисида
Нариман Григорян. Унинг Facebook саҳифасидаги фотосурати

14 январь куни Тошкентдаги хонадонлардан бирида модельер Нариман Григоряннинг жасади топилди. Гарчи тафсилотлари берилмаган бўлсада, ушбу янгилик бир зумда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда яшин каби тарқалди ва муҳокама қилинаётган энг қайноқ мавзуга айланди: яқин орада пайдо бўлган Nariman Grigoryan бренди тез орада Ўзбекистондаги энг ёрқин брендларнинг бирига айланолди. 2018 йили модельер пойтахтда ўзининг модалар уйини очганди, Vogue China журнали эса Haute couture кийимлар коллекцияси учун Григорянни «йилнинг энг яхши дизайнери» деб эътироф этганди. .

Nariman Grigoryan брендини 1985 йил 8 августда таваллуд топган Нариман Олимжонов ўйлаб топганди. Кўпчилик «Григорян» унинг тахаллуси эканини билмасди.

«Фарғона» Нариман Григоряннинг дўстлари, яқинлари билан суҳбатлашиб, нима бўлгани, тергов қандай кетаётганига доир айрим тафсилотларга эга бўлди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан суҳбатдошларимиз исми-шарифларини ўзгартириб берамиз.

Бўлиб ўтган воқеа тафсилотига доир

Нариман Григоряннинг жасади 14 январь куни соат 11 дан 50 дақиқа ўтганда, у ижарада яшаётган пойтахтнинг Чигил кўчасидаги 42-уйда топилган. Нариманнинг таниш сураткаши фотосессия ўтказиш ниятида уйига келиб, эшикни узоқ вақт тақиллатади, лекин ичкаридан ҳеч ким жавоб бермайди. Фотограф Нариманга қўнғироқ қилиб ҳам кўради. Подьезднинг пастки қаватидаги қўшни тақиллаш овозини эшитиб юқорига кўтарилади ва ярим кундан бери Нариман «жим» эканини айтади. Модельернинг дўстларидан бири Нариман жасади топилганидан бир-икки кун олдин, яъни 12 ёки 13 январь куни ўлдирилган, деган тахминга келади.

Қўнғироқ қилиб, эшик тақиллатиб Нариман билан боғланолмаган фотограф ва унинг иқўшнилар милицияни, уйнинг эгасини чақиришмоқчи бўладилар. Нариманнинг жасади студияга айлантирилган квартиранинг полида ётар, баданнинг очиқ жойлари кўкариб кетган, томоғи пичоқ билан бўғизланганди. Квартирада ўт қўйишга бўлган уринишлар аломати ҳам кўзга ташланарди. Орган ходимлари Григоряннинг мобил телефони (iPhone) йўқлигига эътибор қаратдилар. «Фарғона» таҳририяти ўғрилар модельернинг планшет ва иккита тефонини олиб кетганини билди.

Ёппасига ўтказилган «сўроқлар»

Ҳозирда тергов Яшнобод тумани Ички ишлар бўлими томонидан олиб борилмоқда. Григорян автомобилидан унга қарашли ноутбук топилди. Модельер ундаги Telegram мессенжери орқали алоқалар олиб борган ва улар айфон телефонида ҳам акс этганди.

Соат 15.00 да Яшнобод ИИБга Григорян ноутбукида исмлари қайд этилган ва унинг қўшниларидан иборат йигирмага яқин одам мажбурий тарзда сўроққа олиб келинган.

Нариман Григорян. Унинг Facebook саҳифасидаги фотосурати

«Бизларни у урда соат 15дан 23 га қадар ушлаб туришди, – дейди сўроққа чақирилганлардан бири. – Деярли сўроқ ишлари олиб борилмади. Бизларни ҳеч қаерга қўйиб юбормаганлари боис, ўша ерга егуликка овқат чақиришга мажбур бўлдик».

Сўнгги пайтлар Григорян алоқада бўлган одамларни алоҳида ушлаб туришган. «Бизларни қўйларга ўхшаб у хонадан бу хонага ҳайдаб юришди. «Ярим соат кутиб туринг, сўроқ бошланади», дейишди. Лекин ҳеч қандай сўроқ олиб боришмади. Фақат марҳумнинг ойнаси олдидан ўтганларни аниқлаш ниятида видеокамерадаги ёзувни кўрсатишди. Лекин тасвирнинг сифати ёмон эди. Қизиғи шундаки, видеодаги кимсалар ниқобда, капюшони кўтарилган ёки юзлари ёқа билан яширинган ҳолатда эдилар. Ёзувга кўра, бу куни Нариман олдига 3-4 нафар одам ташриф буюрган», – дейди суҳбатдошимиз.

«Фақат кечқурунги соат 11 да бизларни бармоқ излари олиш учун бошқа жойга олиб боришди, – дейди Нариман Григоряннинг ИИБга чақирилган бошқа таниши. — Уларда ҳатто дактилоскопия учун керакли жиҳоз ҳам йўқ эди. Улар эскичасига қандайдир қора суюқликни бармоғимизга суртиб, бу Украинадан келтирилган қимматли сиёҳ эканини айтишди».

Унчалик қонуний эмас

Нариман Григоряннинг учинчи таниши сўзларига қараганда, органнинг тезкор ходимлари ўзларининг кимлигини, қандай лавозимда эканини айтишмаган, гувоҳномаларини кўрсатишмаган. «Бизлар қандай юридик мақомда бўлишимизни, яъни шубҳа остидаги ёки гувоҳ шахс эканимизни айтишмади. Ҳуқуқларимизни тушунтиришмади, адвокат беришмади. Кираверишда телефонларимизни олиб қўйишгани учун яқинларимизга қўнғироқ қилолмадик. Қонунчиликка кўра, сўроқ олиб бориладиган хоналарда видеокамералар ўрнатилган бўлиши керак. Лекин Ички ишлар бўлимида бирорта ҳам кемерани кўрмадик».

«Фарғона» суҳбатдошининг айтишича, тезкор ходимлари ўзларини кўпол равишда тутишган ва «қанча хоҳласак, шунча вақт ушлаб турамиз» дейишган. Ходимлардан бири «бу ахир, сизларнинг фойдангизга қилиняпти» деган. Шуниси диққатга сазоворки, ҳеч қанақа баённома тузилмаган, фақат «сўроқ қилинганлар»дан тилхат олинган.

«Бизлар паспорт маълумотларини, прописка манзилини, яшаш жойимизни қайд қилиб, марҳум билан қайдай таниш эканимизни, псих ва наркодиспансерда учётда туриш-турмаслигимизни айтишимиз керак эди. Айтганда, бизлардан марҳум билан қачон охирги марта гаплашганимиз, унга таниш қандай йигитларни билишимизни сўрашди».

«Ички ишлар бўлимида одамни узоқроқ ушлаб туриш учун ҳеч қандай минимал шароит йўқ . Нариманнинг онасига ҳатто сув ва дори-дармонни ҳам беришмоқчи эмасдилар. Чунки бу ерда дори қутичаси йўқ эди. Навбатчи врач йўқ. Марҳумнинг онаси бўғила бошлаганида, унга сув беришди».

Тахминлар

Сўроқ қилинганларнинг тезкор ходимлар суҳбатидан англагани шу бўлдики, орган ходимлари ҳозирча жиноят «рашқ» туфайли содир этилган, деган тахминни қилишмоқда. Григоряннинг танишлари унинг гомосексуал эканини эътироф этишган. «Бу ҳеч кимга сир эмасди, — дейди марҳумнинг дўстлари. — Нариман бу «тоифадаги» кўп одамлар билан алоқада бўлган, фақат муҳтожликда кун кўрувчилар билан эмас».

Нариманнинг сексуал озчиликка мансуб бир неча танишлари ИИБга сўроққа чақирилган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, орган ходимлари уларга босим ўтказиб, қўрқитишган, айрим сўроқ қилинганлар калтакланганини ҳам айтишади.

«Биз ички ишлар ходимларидан жиноятлар фош этиладими, деб сўрадик. Улар «бизда жиноятларнинг 99 фоизи фош этилади», деб жавоб беришган».

Шуни таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар «бесоқолбозлик» жиноят ҳисобланиб, бунинг учун бир йилдан уч йилгача эркинлик чекланиши ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин (Жиноят кодексининг 120-моддаси).

«Унинг учун барча дўст эди»

Биз суҳбатлашган Нариман дўстларидан бири, модельер билан Чирчиқ мактабида практика ўтаётганида танишганини айтади. У пайтлар Нариман 18 ёшда, пионеретакчиси бўлган. «У биз дўст эканимизни айтди. У бунга жуда енгил қарар, унинг учун барча дўст эди. Нариман барчани бирдек яхши кўрарди. Менимча, бу унинг энг катта ҳатоси эди. У барчани — тойчоғим, болам, қадрдоним, жигарим дерди… У барча билан хат ёзишганда доимо юрак, ўпич тимсолларини юборарди. Бу унинг учун гўё одоб доирасида ҳолат эди. Ахир ўзбеклар саломлашганда, «қандайсиз, болалар яхшими?», деб сўрашадику…

Нариман Григорян. Унинг Facebookдаги саҳифаси фотосурати

Нариман доим модалар кўргазмасидан, машҳурликдан чарчаганини гапирарди, лекин ўз ишини яхши кўрарди. Менимча, у трентларни яхши ажратолмасди, биз бунга турлича ёндошардик. Масалан, мен Dolce&Gabbana, ва Pradaни арзимас деб билардим, у эса бу брендларни жони дилидан яхши кўрарди. Менга — Зуҳаир Мурод, Жузеппе Заннотти, Casadei ёқади. У эса бу каби брендларга жўн қарар, Италиянинг энг йирик модалар уйи деб ҳисобламасди. Унга кўра, энг катта дизайнер овоза қилинган, кўп жиҳатларга эга бренд бўлиши керак эди. 2018 йили Нариман бу квартирани топганида бирга ижарага туришни таклиф қилганди. Мен бу хонадон шаҳар марказида жойлашмагани, атрофида ҳеч нарса йўқлиги сабаб рози бўлмадим. Бундан ташқари, Нариманнинг машинаси бор, унга қулай, менинг эса машинам йўқ. Энди эса, у билан бирга туришга розилик бермай тўғри қилган эканман, деб ўйлайман, чунки ёки мени ҳам ўлдиришарди ёки шубҳа остида қолган бўлардим.

Мен учун Нариман оддий, шу билан бирга амбицияларга бой инсон эди. Менга унинг машҳурлиги, алоқалари керак эмасди. Ҳар қалай улар шубҳали эди. Мен доимо унинг соғлиги ва хавфсизлиги учун жой куйдирардим, доимо яхши ухламаслиги, овқатланмаслини айтиб қойирдим… Унинг бошқа ишлари мени қизиқтирмасди.

У шоҳона яшамасди. Агар модалар ўлчами билан қараганда, унинг яхши кийимлари ҳам кўп эмасди. Бир-иккита қимматбаҳо пойабзали бор эди холос. Кўпгина нарсаларни у қарзга оларди. Аниқ биламанки, у бой одам эмасди.

Нариман қаерда бўлмасин, аввало хореограф сифатида турли конкурларда иштирок этарди. Кейинчалик бу ишлар унинг жонига теккач, у ўз кийимларини ўзи тикадиган бўлди. Айтиш керак, бу борада унинг тажрибаси бор эди, чунки унга қарашли «Алаша» балет театрига кийимларни унинг ўзи тикарди.

Лекин Нариман паришонхотир йигит бўлиб, доимо нарсаларни эсдан чиқариб юрарди. 17 йил дўстлашган бўлсак, у мендан доимо инглиз тилини ўргатишимни илтимос қилган, лекин унинг ўзи бирор марта тил билан жиддий шуғулланмаганди».

* * *

30 декабрь куни Нариман Григорян Facebookдаги саҳифасида 2019 йилнинг шахсий якунлари тўғрисида шу сўзларни ёзганди: «Ўзбекистон Миллий банкининг энг зўр Visa Infinite картасининг, Саноат Курилиш Банки VIP филиалининг расмий дизайнери бўлдим. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси бортпроводник ва стюардесслари формаси устида ишладим. “Халқаро миқёсда энг яхши дизайнер” унвонини қўлга киритдим.

Коллекциям билан Fashion Week доирасида кўплаб мамлакат, шаҳарларни кездим. Энг ёдда қолгани – Испанияда ўтказилган модалар ҳафталигида фахр билан Ўзбекистон номидан иштирок этганимдир. Тошкентда, шунингдек, Ватанимизнинг турли вилоятларида ўтказилган фестивалларда иштирок этдим. Одамлар орасида шов-шув бўлган «Севимли Овоз», «Зипарча» телелойиҳаларида қатнашдим»…

Бу йил якунлари ўз якунига етиб қолган Нариман умридаги охирги ёзувлар эди. Орадан икки ҳафта ўтиб, у бу оламни тарк этди.

Даниил Кислов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистондаги расмий Koronavirus Info каналининг администратори мулозимларнинг қандай қилиб гапиртира олгани ҳақида

  • Ўзбекистонда давлат индивидуал хайрия ёрдам фаолиятини назорат остига олмоқда

  • Ўзбекистон ўзининг энг янги тарихида биринчи марта аҳолини рўйхатга олишга тайёрланмоқда

  • Amnesty International эксперти ўзбекистонлик фаолларнинг аккаунтларини қандай қилиб бузиб кирилаётгани ҳақида сўзлаб берди