Соғлом фикрга қарши кетмон ва белкурак

Самарқанддаги ўрта асрлар меъморий ёдгорлиги – Шоҳи Зинда мақбарасини «реставрация»лар қандай қилиб ҳалок этаётгани ҳақида
ШОҲИ ЗИНДА МАЖМУАСИ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Самарқанднинг асосий диққатга сазавор ёдгорликларидан бири бўлмиш Шоҳи Зинда вайрон бўлмоқда. Оми реставраторлар туфайли унинг деворларини ёриқлар қоплади, деталларининг кўпи репродукция бўлиб қолди. Рангли фотографиянинг “кашшофи” (“пионер”) Сергей Прокудин-Горскийнинг фотообъектини вақт аямагани етмагандек, ушбу замин ва юртнинг тарихини сақлаб қолишни ўзларига ҳунар қилиб олган одамлар ҳам унга шикаст етказдилар. Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасини қандай қилиб дабдаласини чиқаришгани ҳақида ўлкашунос, Самарқанд тарихи бўйича мутахассис Дмитрий Костюшкин ҳикоя қилади.

Пайғамбарнинг биродари

Форс тилида тирик шоҳ маъносини берувчи Шоҳи Зинда некрополи бутун бир минг йиллик давомида меъморчилик санъатининг ҳамда Самарқанд маънавий ҳаётининг дурдонаси бўлиб қолган. Шоҳи Зинда архитектура ансабли сифатида XI асрларнинг бошларида, Қорахонийлар сулоласининг биринчи ҳукмдорлари даврида пайдо бўлган. Мажмуа мусулмонлар учун муҳим аҳамиятли муқаддас даргоҳлардан бири саналган. Негаки, Мавароуннаҳрга Ислом байроғини келтирган Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари бўлмиш Қусам ибн Аббоснинг афсонавий қабри айнан шу ерда жойлашган. Афсонага кўра, кофирлар уни Самарқандда намоз ўқиб турган пайтда ўлдирганлар. Шаҳидлик мақомига эришган пайғамбарнинг қариндоши тарихий тахминлардан бирига кўра осмонга кўтарилиб кетган, бошқа ривоятларга кўра эса муқаддас қудуқ ичида яширинган. “Шоҳи Зинда” – “Тирик шоҳ” Қусам ибн Аббос мусулмонлар ҳузурига Ислом дини таҳлика остида қолган пайтда қайтиб келишга ваъда қилган эканлар.

Сўфийлик ва авлиёларни эъзозлаш анъанаси Ўрта Осиёда кенг тарқалган йиллари Самарқандда мўғуллар истилосидан олдин кўҳна Афросиёб шаҳрида Ўрта Шарқ кўламида йирик саналган диний-маърифий ва таълим маркази барпо бўлади. У бутун бир вилоят аҳолиси диний маданиятининг шаклланишига ва ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Анъанавий тарзда, муқадас қадамжо марказида Қорахонийлар сулоласи дахмаси барпо бўла бошлади, унинг ўрнида XIV-XV асрларда Темурийлар даври киборларининг ҳозирги кунларда мавжуд бўлган оилавий мақбараларининг ансамбли пайдо бўла бошлади.

Эски шаҳарнинг шаҳар ландшафтида устунлигини намоён этиб турувчи Самарқанднинг Регистон майдони ёки Гўри Амир каби монументал ёдгорликлардан фарқли ўлароқ, Шоҳи Зинда мажмуасининг бутун чиройи дарров кўзга ташланиб қолавермайди. Айнан шу ерда XIX асрнинг охирлари — XX аср бошларида Прокудин-Горский ва Ҳюго Крафтнинг фотосуратларида ҳамда мусаввирлар Павел Беньков ва Леон Бурэнинг полотноларида тасвирланиб қолган зинапояларидан кўтарилиш мумкин бўлади. Анъанага кўра, зинапоядан кўтарилаётганда ва тушаётганда поғоналарни санаш лозим. Агар юқорига кўтарилганда санаган поғоналарингизнинг сони тушаётгандаги сонлар билан тенг бўлиб чиқса, унда сизнинг кўнглингиздаги энг катта орзуингиз ушалади. Шу йўл билан юксак маҳорат ила орнаментлар билан безалган XIV асрнинг иккинчи ярмига оид мақбараларнинг тор галереясига ўтиб олиш, ваниҳоят ўша даврнинг замон руҳини ҳис этиш мумкин бўлади, ҳолбуки бу хислатни энг янги даврнинг ваҳшиёна евроремонтлари қўлланган Ўзбекистоннинг аксарият ёдгорликлари йўқотиб бўлган. Шоҳи Зинда мажмуасининг шимоли-ғарбида эса машҳур ёдгорлик мажмуасининг номи билан аталадиган қабристон жойлашган.

ЮНЕСКО биз учун ҳеч ким эмас

Ёши йигирма саккиз асрга тенг Кўҳна Афросиёб шаҳри каби археологик ёдгорликлар ҳамда Шоҳи Зинда каби аслига тўғри меъморий ансамбллар мавжудлиги учун ЮНЕСКО Самарқанд шаҳрини Умумжаҳон Мероси рўйхатига киритди. Бу воқеа 2001 йилда содир бўлди, бироқ уч йил ўтиб халқаро ташкилот ўзининг бу қароридан афсус чекишига тўғри келди.

Айнура Тентиева (ЮНЕСКО Умумжаҳон Мероси маркази) ва Нур Акин (ИКОМОС) раҳбарлигидаги кузатувчилар назорат гуруҳининг 2007 йил 12-17 декабрь ҳисоботида қуйидагиларни ўқиймиз: “Регистон майдони ёки Бибихоним масжиди каби мисли кўрилмаган архитектура ансамллари билан бир қаторда XIII асрдан бошлаб бугунги кунларгача шаклланган тарихий шаҳар ва Самарқанд шаҳар ладшафти ҳам Самарқанд шаҳрини Умумжаҳон Мероси рўйхатига киритилишга сабаб бўлган мезонлар таркибига кирган”. Давомида ҳисоботни некрополга тааллуқли бандлари бўйича ўқиймиз: “2004 йил октябрда Умужаҳон Мероси қўмитасини хабардор қилмай ёки розилигини олмай Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида комплекс реставрация ишлари бошлаб юборилди. Умумжаҳон Мероси қўмитаси 29-чи сессияда (Дурбан, 2005 йил) Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилиб, йирик реставрация ишлари ва объектнинг яхлитлиги ва асллигига (severely affecting the integrity and authenticity of the property) жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шаҳарни ободонлаштириш дастурига тааллуқли тўлиқ ҳужжатларини тақдим этишини сўради”.

Қўмитанинг топшириғига мувофиқ ИКОМОС экспертлари 2006 йил мартида Тошкентдаги ЮНЕСКО бюросининг раҳбари иштирокида ёдгорликни бориб кўришди. Миссия Шоҳи Зинда мажмуасида яқинда ўтказилган ишлар боис асллигини йўқотиши хавотир уйғотаётгани ҳамда барча қазиш ва асраш бўйича қарорлар келажакда ташкилий фаолият режасига асосланиши лозим деган хулосага келди. Бундан ташқари, қўмита қайд этиб ўтишича, иштирокчи давлат юқорида зикр этилган тавсияларга амал қилишга ожизлик қилса, Умумжаҳон Мероси қўмитаси ушбу объектни Умумжаҳон Меросининг таҳлика остида қолган объектлари рўйхатига қўшиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин бўлади.

Ҳужжат давомида аҳамияти кам бўлмаган техник таъриф келтирилган: “Жуда ҳам муҳим бўлган ушбу некрополда кўламли реставрациялар ва реконструкциялар (2004-2006 йиллар) бошлаб юборилди. Декоратив деталларнинг кўпи айни пайтда репродукция бўлиб қолди, ҳолбуки баъзи асл қисмларга тегилмай қолди. Бинолар атрофидаги ердаги тупроқни тозалашдан асосий мақсад, намлик даражадаси кўтарилиши ортидан пайдо бўлган муаммолар даражасини пасайтириш эди. Илмий мониторинг тизими реставрация ишларининг ёдгорликка қандай таъсир кўрсатиши бўйича маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш ва айниқса дренаж тизимининг нечоғлик фойдалилигига баҳо бериш учун қўлланиши керак. Ғиштдан қурилган девор, деворга солинган гуллар ва архитектура орнаментлари каби сиртлар мавсумий ёғингарчиликлар пайтида емирилади. Дренаж тизимининг етишмовчилиги боис бу ҳолатни ер остидаги хоналарда ҳам кузатиш мумкин. Баъзи ёдгорликларга реставрация зарур бўлиб қолган”.

2004 йил мардикор-реставраторлари

Ҳисоботдан кўриниб турибдики, ЮНЕСКО Умумжаҳон Мероси маркази ва ИКОМОС мутахассислари олдида ўта нохуш манзара намоён бўлган. 2004 йилнинг қайғули кунларида кўз олдимда содир бўлган воқеалар шу чоққача гўё даҳшатли туш каби гавдаланади. Менинг шаҳримда ва мен учун энг севимли ва энг ҳурматли бўлган ёдгорликда содир бўлган глобал жиноят жойидан олинган видео- ва фотокадрларга назар ташлашингизнинг ўзи кифоя. Ўша йилларда мен Болония университетининг Ўзбекистондаги Италия археологик экспедицияси таркибида таржимон бўлиб ишлаган эдим. Ундан олдинроқ эса, ўн уч ёшимдан бошлаб қатор археологик қазишма ишларида, шу жумладан, Афросиёб кўҳна шаҳрида у ёки бу ҳолатларда иштирок этганман, шунинг учун ҳам назарий ва ҳам амалий жиҳатдан содир бўлаётган ишларнинг барча “латофатлари” мен учун очиқ ва равшан эди.

Шоҳи Зинда 2004 йилда. Фотосурат Дмитрий Костюшкин томонидан тақдим этилган

Археология ёдгорлигида ўрта аср мақбараларининг атрофидаги кўп метрли қалинликдаги турпоқ қатламларини олдириш учун оғир техникани ишга солдилар. Эслатиб ўтаман, фойдаланиладиган максимал миқдордаги белкураклар сони кўрсатилган археологик тадқиқот ишларни олиб бориш учун очиқ варақ дея аталувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги берадиган рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. Мазкур ҳолатда эса ЮНЕСКО ҳам рухсат бериши керак, чунки Сиёб бозорининг орқасидаги ҳеч кимга керак бўлмаган кимсасиз харобазор аслида Сўғд подшоҳлигининг пойтахти, кейин ахамонийлар давлатининг ва анча кейинроқ араб ҳалифалигининг бир қисми бўлган – биринчи Самарқанд бўлади. Бу шаҳар деярли уч минг йиллик тарихга эга бўлган ва бир вақтлар уни Македониялик Искандар забт этган ва саккиз аср илгари, 1220 йилнинг баҳорида Чингизхон бутунлай вайрон қилган эди.

Арзон нархларга ёлланган замонамизнинг “асосий мутахассис-қурувчилари” бўлмиш мардикорлар XIV-XV асрга оид мақбараларида бўёқчи чўткаси ва шпателдан фойдаланиш зарур бўлган жойларга кетмон ва белкуракларни беаёв ишга солиб меҳнат қилдилар. Ҳисоботда кўриб турганимиздек, ташқи декор ва интерьерлар нари борганда репродукциялар билан алмаштирилди. Иш шунгача етиб бордики, реставрация давомида сийқаси чиққан кафель ва реставрация ишида тақиқланган кимёвий бўёқларни ишга солдилар. Икки йилга бормай ушбу “гўзалллик” кўчиб туша бошлади. Шоди Мулк мақбарасидаги темурийлар майоликасинининг (сополга ишлов бериш санъат тури) самарқанд мактаби сирларини тадқиқ этаётган Париж университетининг малакали мутахассислари ва профессор Мартина Абри раҳбарлиги остидаги Потсдам Амалий фанлар университетидан келган немис ҳамкасблари ўзларининг экспедициявий жомадонларини йиғиштириб, Самарқанд билан видолашишдан бошқа чоралари қолмади. Ваҳоланки, ўзининг маданий мероси билан ҳар қандай олим учун, у тарихчи бўладими ёки археологми ёки санъатшуносми, кимлигидан қатъий назар, бу шаҳар ушалмас ҳаёт орзуси бўлиб қолаверади.

Шоҳи Зиндани сақлаб қолмоқ керак

Ўшандан бери кўп йиллар ўтди, қалбимни яралаган ранж ва аламлар ҳиссиётлари аста-секин ўтиб кетди. Бироқ сўнгги йилларда ҳар сафар Шоҳи Зиндани зиёрат қилганимда некрополнинг кўплаб мақбараларидаги аҳволнинг тобора ёмонлашиб бораётгани сезила бошлади. Бунга неча йиллардан бери лойиҳанинг эксперт томонидан баҳоланиши ва мониторингисиз ўтказилаётган таъмирлаш ишлари сабаб бўлди (бунга 2017 йилда Қусам ибн Аббос мажмуасининг кириш галереясидаги ишларни мисол тариқасида келтириш мумкин). Шоҳи Зинданинг энг муқаддас қадамжоси, Қусам ибн Аббоснинг гўрхонаси қошидаги бўлган зиёратхона айниқса ҳаммасидан кўп хавотир уйғотмоқда: унинг жанубий ва шимолий деворларида ёриқлар пайдо бўлиб, вақт ўтган сайин катталашмоқда. Бу ҳолат пойдеворнинг чўкаётганига ва сурилаётганига ҳамда масжидга ва чиллахонага кираверишдаги хонада дераза ва тешик очиш бўйича “оқилона” қарорнинг натижаси ўлароқ келиб чиққанига далолат бўлмоқда.

Бироқ, жорий йилда, март ойининг бошида энг чиройли ва ўзининг аввалги декорини энг кўп сақлаб қолган, 1372 йилда Темурнинг синглиси Қутлуғ Туркон-оға томонидан ўзининг қизи Улжой Шодимулк-оға учун қурилган мақбара гумбазининг ички тарафида пайдо бўлган ёриқни кўриб қолганимда, некрополнинг бут ҳолича сақлаб қолиниши атрофидаги вазият критик нуқтага етиб келгани англаб етдим.

Дастлабки хулосалар эса етарли даражада кўнгилсиз, ахир гумбаз конструкциясида деструктив жараёнлар бошланган бўлса, демак мақбаранинг умумий конструкциясида ва айниқса унинг пойдеворида аҳвол чатоқ. Айниқса, ўша машъум 2004 йилда мақбаранинг шундоққина ёнида пишган ғиштдан вайрон бўлган иншоотларнинг эски пойдеворлари устида барпо этилган тўртта оғир иншоотлар мақбарага салбий таъсир кўрсатаётгани аниқ.

Афсуски, Самарқанддаги архитектура ёдгорликларида турли даврларда масъулиятсизлик билан ўйламай амалга оширилган зараркунандалик фаолиятининг мисоллари етарли даражада кўп. Мисол тариқасида айни пайтда шаҳар ўлкашунослик музейи жойлашган 1916 йилда архитектор Нелле лойиҳаси бўйича қурилган (биринчи гильдия савдогари Калонтаровнинг уйи) данғиллама уйдаги янги қурилган иншоотни келтириш мумкин. Музейнинг асосий биносига тақаб қурилган икки қаватли (!) ҳожатхона тарихий бинонининг кўринишини тамомила расво қилиб ташлади.

Ушбу ўта жиддий муаммони ҳал қилиш учун нафақат жаҳон илмий ҳамжамияти ва малакали реставраторларнинг эътиборини жалб қилмоқ керак, балки уларнинг Самарқандга келишлари ҳамда дала лаборатория тадқиқотларини бошлаш имкониятга эга бўлишлари учун қўлдан келадиган барча зарур чораларни кўриш керак. Бу Умумжаҳон маданият меросининг ёдгорлиги бўлмиш Шоҳи Зинда архитектура мажмуасининг барча иншоотларида бошланган деформацияларни бартараф этиш учун зарур.

Дмитрий Костюшкин

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ