Қўқонлик буюк мудаббир

Ҳақиқий Остап Бендер лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлмаган. У Ўзбекистон Марказий ижроя қўмитасининг раиси бўлган
ТУРҒУН ҲАСАНОВ . BELARUSPARTISAN.BY САЙТИДАН ОЛИНГАН САНАСИ КЎРСАТИЛМАГАН ФОТОСУРАТ

Русийзабон китобсеварлар Ильф ва Петровнинг «Олтин бузоқча» романи саҳифаларида илк бор пайдо бўлган лейтенант Шмидтнинг ўғли ҳақидаги учар иборани жуда яхши биладилар. Бироқ ёзувчилар романда таърифи келтирилган фирибгарлик схемасини ўзлари ўйлаб чиқармаганлари ҳам рост. Улар ҳаётда чинакамига қўлланган алдов механизмини киноя ила баён этиб бердилар, холос.

Большевиклар томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши ортидан ёппасига алғов-далғов даврлар, бузғунчилик ва очарчилик бошланди. Шунинг учун ҳам мамлакатда лойқа сувда балиқ тутиш иштиёқида юрган кўп сонли фирибгарлари кўпайганига ҳайрон бўладиган ери йўқ.

Таниқли қўзғолончи ва инқилобчи – денгиз флоти лейтенанти Пётр Шмидтнинг номидан фойдаланиш кенг тарқалган фирибгарлик схемаларидан бирига айланиб қолди. Ўзини лейтенант Шмидтнинг ўғли ёки қизи деб таништириш осон пул ишлаб олишнинг етарли даражада самарали услуби бўлиб хизмат қилди. Романда таърифи келтирилган алдов одатда марказдагн узоқ бўлган вилоятлар шаҳарчаларида амалга оширилган, уларни бошқараётган расмийлар – кечаги пролетариат ва батраклар бўлиб, заковат ва саводхонлик жиҳатидан етуклик даражасига етишмаган эдилар. Бунақа одамларнинг аксариятига хос фазилат – ўзидан юқори турган раҳбарлар олдида ялтоқланиш ва эгаллаб турган лавозимидан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси бўлган, холос. Шунинг учун ҳам моҳиятан жуда жўн «операция» етарли даражада самарали натижаларни берарди.

Оперециянинг моҳияти қуйидагилардан иборат эди: вилоят ёки шаҳар раҳбарининг кабинетига кўринишидан ёш йигит кириб келар ва ўзини қалтис вазиятга тушиб қолган лейтенант Шмидтнинг ўғли деб таништирар эди. Гўёки у поездда бораётган манзилиги етмай туриб ўғриларга дуч келиб қолган, бор пуллари, ҳужжатлари ва нарсаларидан айрилиб қолганини айтарди. Афсонавий революционер ҳақида юзаки маълумотларга эга бўлган чекка ҳудудлардаги арбоблар шундай машҳур лейтенант Шмидтнинг ўғлига ёрдам қўлини чўзмасликни ўзлари учун ор деб билишарди ва ҳаттоки, шубҳаланаётганлар ҳам заррача бўлса ҳам рўпарасидаги турган одам эҳтимол лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлиши мумкин, дея ўзини овутарди. Ёрдам қўлини чўзмаган маҳаллий маъмурият даҳшатли жазоларга дуч келиши муқаррр эди: шон-шавкат эгаси бўлмиш лейтенантнинг ўғли Москвага шикоят ёзса борми, бунинг ортидан албатта текширув етиб келиши мумкин эди. Провинциал доҳийларнинг аксарияти гуноҳлардан фориқ эмасдилар ва уларнинг ишларидаги камчиликларни пойтахтлик партиячилар топиши қийин эмасди. Шунинг учун ҳам маҳаллий ҳокимият идоралари кичик қурбонлик эвазига катта қон тўкилишларнинг олдини олишни афзал кўриб, пул, умумий овқатланиш корхоналарига талонлар, йўлга озиқ-овқат бериш билан қутулиб қоларди.

Биринчи прототип

Андрей Миронов Остап Бендер ролини ижро этяпти . 1976 йилда суратга олинган "Ўн икки стул" филмидан кадр

Илк бор 1928 йилда нашрдан чиққан «Олтин бузоқча» романини етмиш йил давомида бутун советлар мамлати қайта-қайта ўқиб чиқди, унинг бош қаҳрамони Остап Бендер эса йигирманчи аср рус адабиётининг энг оммабоп персонажига айланди. Россия оғзаки ва ёзма ижодиёти тарихчилари ҳамда энг қизиқувчан ўқувчилар ушбу адабий қаҳрамонга ким прототиплик қилганини яхши биладилар. Бу одам иккала муаллифнинг ҳам таниши бўлган Осип Шор бўлиб, яқинлари ва дўстлари уни Остап деб чақиришар эди. Одессалик бу авантюрист ёшлигида ўзини фаолиятнинг турли жабҳаларига уриб кўрган: у сохта куёв, фирибгар-рассом, гастролга чиққан гроссмейстер ва ҳатто цирк томошаларини ҳам кўрсатган. Бироз кейинроқ у жиноят қидирув бўлимининг ходимига айланиб, одессалик қароқчиларни қайратган ва ҳатто одессалик Мишка Япончикдан кам бўлмаган даражада танилиб кетган. Осипни ёзувчилар билан унинг яқин дўсти, Евгений Петровнинг акаси Валентин Катаев таништирган. Ғаройиб саргузаштларга тўлиб кетган бу одамнинг ҳаёти роман сюжетига асос бўлган. Қаҳрамоннинг исмини Остаплигича қолдириб, унга Илья Ильфнинг қўшниси бўлган қассобнинг экзотик Бендер фамилиясини тортиқ қилишган.

Бош қаҳрамон

1998 йилнинг 17 ноябрь куни содир бўлган тасодифий ҳодиса Бендернинг адабий сиймосига қандайдир янги чизғиларни қўшиб, роман қаҳрамонининг ягона прототипи сифатида Осип Шорнинг ролига бирмунча путур етказиб қўйди. Шу куни Белорусь Республикаси Миллий архивининг ходими, ёш тарихчи Илья Курков ўзининг жорий йил охиригача тугатиши лозим бўлган режадаги мавзуси устида ишлаётган бўлган.

Иш куни охирига келиб, 1920-чи йиллар архивларини титкилаб чарчаган тадқиқотчи кўзига бегона бўлиб кўринган ёзувлар тушиб қолди, унда «Ўзбекистон ССР Маркизий Ижроя Комитетининг раиси» ҳамда «бир неча юзта шойи пиллалари» деган сўзлар бор эди.

Яхши таълим олган ва шу билан бирга, рус классик адабиётининг билимдони бўлган тарихчи бу жумлаларни авантюрист Бендернинг диалогларида учратганини эслади: «Остап шу заҳотиёқ қўҳлик бекага ваъдани қуюқ қилди: Ўзбекистон Марказий Ижроқўмининг раиси гўё шахсан ўзи совға қилган бир неча юз дона пиллани унга бағишлаб юборди...», «Остап тўхтовсиз нутқ, спич ва қадаҳ сўзларини сўзлар эди. Халқ маорифи ва Ўзбекистон ирригацияси учун ичишарди...» «Географик ўхшашликлар кўпайиб кетмадими? – деган хаёл келди минсклик тарихчига. – Қизиқ, бу делодаги ҳужжатлар нима ҳақида экан?..»

Чарчоқ бир зумда даф бўлди, Илья қизиқиш билан авантюристнинг саргузаштлари баён этилган материаллар тўплами билан таниша бошлади, авантюрист ҳам оддий эмас, даҳо экан! Мана сенга «пиллалар»! Буларнинг ҳаммаси «Олтин бузоқча» учун тайёр сюжет эканку! Дилрабо қаллоб совет муассасаларининг содда ва ишонувчан раҳбарларини чув тушириб, пулларини ўзлаштирмоқда. Романда эмас, балки реал ҳаётнинг ўзида, ташқарида 1925 йил. Бироқ, агар чиндан ҳам шунақа бўладиган бўлса, демак Ильф ва Петров бу одам ҳақида билишган ва ундан кейин ўзларини китобини ёзишган эканда. Шошмай тур, ҳаммасини хотиржам текшириб чиқиш керак... Эртаси куни Курков ўзининг топилмаси ҳақида минсклик филологларга маълум қилди...

Турғун Ҳасанов, ҳам Файзулла ХЎжаев, ҳам Бендернинг ўзи

Файзулла Ходжаев . Openlist.wiki сайти фотосурати

Шундай қилиб, 1998 йилда Белоруссиянинг архивларидан бирида мутлақо тасодифан қандайдир Турғун Ҳасановнинг иши топилиб қолди, адабиётшунослар улардан буюк муддабир (комбинатор) образи билан кўп ўхшашликлар мавжудлигини кўриб қолдилар. Ҳасанов ХХ асрнинг 20-чи йилларида ўз юртини тарк этиб, мамлакат бўйлаб саёҳат қилар, давлат муассасалари ва ташкилотлариги кириб, ўзини Ўзбекистоннинг раҳбари деб таништирар, йўлда пуллари ва ҳужжатларини ўғирлатиб қўйгани ҳақида шикоят қиларди. Фирибгарнинг ёнида унинг Ўзбекистон Марказий ижроя комитетининг раиси Файзулла Хўжаев эканини тасдиқловчи фақат биттагина сақланиб қолган ҳужжати – «ҳамкасбига» соддалик қилиб ишониб қўйган Қрим республикаси Марказий ижроқўмитаси раиси Вали Ибрагимов/Ибраимов томонидан берилган справка бор эди. Шу справка билан у СССР бўйлаб саёҳат қилар ва ишонувчан содда мансабдор шахсларнинг пулларини олиб юрарди...Бироқ кўза ҳам кунида синади, деган мақолга мувофиқ, унинг бу ишларига чек қўядиган воқеалар содир бўлди. Таърифи келтирилаётган воқеаларнинг кульминацияси 1925 йилнинг 8 августида содир бўлди. Ўшанда Гомель губернияси ижроия қўмитаси раиси Егоровнинг кабинетига «Файзулла Хўжаев» кириб келиб, одатдагидек 60 сўм беришларини сўради.

Фахрий меҳмонни кўнглини олиш бошланди, унга зудлик билан сўралган пул берилди, губерния ижроқўми мажлиси президиумига ўтқазиб қўйдилар, кейин хизмат автомобилида қаергадир зиёфатга олиб кетдилар, ундан кейин театрга, кейин – ижроқўм меҳмонхонасига олиб келдилар. Лекин баланд мартабали осиёлик меҳмон негадир милиция бошлиғи Матвей Хавкинда шубҳа уйғотди. У кутубхонага бориб, «Красная нива» журналининг керакли сонини топиб, ундаги иттифоқчи республикалар ижроя қўмиталари раисларининг портретларини кўриб чиқди ва... куч ишлатувчи акцияни қўллашга қарор қилди. Кеч тунда меҳмонхона номерига ширакайф ҳолатда қайтган «Файзулла Хўжаев»ни характерли петлицалар тақилган формадаги одамлар кутиб олдилар. Бироқ қўлга олинган одам ўта совуққонлик билан уларга биргаликда шаҳарлараро сўзлашув станциясига боришни ва у ердан туриб тўғридан тўғри Калининни ёки Сталинни чақиртиришини ва Совет ҳукуматининг раҳбарлари шахсан ўзлари юзага келган вазиятга ойдинлик киритиши мумкинлигини таклиф қилди. Матвей Хавкин тўғридан-тўғри алоқа орқали ўртоқ Сталиннинг ўзи билан гаплашишдан ўзини тийди, аммо қўлга олинган одамнинг шахсий тинтувчини ўтказди ва натижада унинг пиджаги астари остидан Турғун Ҳасановнинг амнистия бўйича қамоқдан озод қилингани тўғрисидаги справкани топиб олди.

Шундай қилиб Илья Курков томонидан топилган жиноят ишининг фигуранти –Туркистон генерал-губернаторлигининг уезд маркази бўлган ўзбек шаҳри Қўқонда туғилган 27 ёшли Турғун Йўлдошевич Ҳасанов бўлиб чиқди.

Гомель Ҳасановнинг бутуниттифоқ саёҳатида сўнгги манзил бўлиб қолди. Қўлга олинганидан сўнг «ўзбекистонлик мудаббир»нинг ҳисобида мамлакатнинг ўнлаб йирик шаҳарлари: Новороссийск, Ялта, Симферополь, Харьков, Полтава ва бошқалар бўлгани аниқланди.

Кўриб турганимиздек, ундаги кўп жиҳатлар адабий образ билан ўхшаш бўлиб чиқди. Ёши ҳам ўша Бендернинг ёшига тўғри келяпти, ташқи кўринишидаги келбати ҳам, ўзини эркин тутиши ҳам ва ниҳоят, ҳаёт тарзи ҳам ўша-ўша. СССР шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб саёҳат қилаётган йигит ижроқўм ва бошқа муҳим идораларга кириб, осонлик билан пул ундирар, бунинг учун эса у биргина «поездда ўғирлатиб қўйилганннинг ўрнига берилган гувоҳномадан» фойдаланарди. Мансабдор шахслар ҳужжатга қараб уларнинг олдига ташриф буюрган меҳмон қандайдир оддий одам эмас, балки Ўзбекистон ССР Марказий Иқжроқўмининг раиси Файзулла Хўжаев эканлигини билиб қолишарди. Делодан кўриниб турганидек, «ибраимов»нинг ҳужжатини қўлга киритган «Хўжаев» ўта сурбетлик билан ҳаракат қила бошлаган: Новороссийскда масалан у маҳаллий ижроя ҳокимияти раисини тўппа-тўғри меҳмонхонадаги ўзининг номерига чақиртириб, дўстона суҳбат давомида «йўлда содир бўлган ажабтовур ҳодиса» — ўғирланган портфель ва ҳоказолар ҳақида маълум қилган эди. Хушмуомалалик билан, аммо қатъий равишда 100 сўм сўради ва ўша заҳоти сўралган пулни қўлига олди.

Совет Белоруссияси пойтахтида воқеалар ривожланиши янада ажабланарли тарзда кечди. Республика Марказий Ижроқўмига кириб келган Ҳасанов мақтовга арзийдиган тартиб ва матонат билан бошқа шаҳарлардаги каби 60-100 сўм эмас, бир йўла 500 сўм сўради (таққослаш учун: давлат хизматчиисининг ўртача ойлиги ўша пайтда 40 сўм атрофида эди). Афтидан у Белоруссияни Қрим ва Украинага қараганда анча бой деган хулосага келган бўлса керак. Бироқ республика раҳбари қабулхонасида ишлайдиган мутасаддилар меҳмонга молиявий ёрдамни республика бюджетидан эмас, балки Ўзбекистон ССРнинг Москвадаги ваколатхонаси ҳисобидан қилишга қарор қилдилар ва бу ҳақда Ўзбекистон ССРнинг ўша пайтдаги пойтахти Самарқандга телеграмма жўнатдилар. Афтидан, Ўзбекистоннинг мухтор вакили қўрқиб кетган бўлса керак, зудлик билан 500 сўм пулни Минскга жўнатиб юборди...

Советлар Қримининг ўша пайтдаги раҳбари Ибрагимовни фирибгарнинг «оқ фотиҳа берган падари» деб атаса бўлаверади. Бу ерда «Олтин бузоқча» романини эслаш жоиз бўлади, унда Паниковский Бендерга ўз садоқатини изҳор этиши учун “Остап Ибрагимовични” ҳурмат қилиши ҳақида онт ичади. Жиноят иши делосида фирибгарнинг фотосурати ҳам топилди: бичими бақувват, нигоҳи қатъий бўлса ҳам, қувноқ эмас, ботинкаси Бендер услубида — «шик-модерн», салобатли пиджак.

Аниқланган фактлар ҳамма нарсани ҳам очиқлаб бергани йўқ. Масалан, москвалик сатириклар Гомельдаги воқеларни қайси манбалардан билиб олдилар?

«Правда» газетасидаги фельетон

Гомель, 1920-чи йиллар . Wikimedia Commons фотосурати

«Ўн икки стул» романи учун сюжетни ёш ёзувчиларга Валентин Катаев ҳадя қилганини адабиёт тарихчилари яхши биладилар. Шу билан бирга, унинг ўзи янги Хлестаков тўғрисидаги роман ғоясини матбуотдан топиб олган, дея тахмин қилиш мумкин: «Правда» газетасининг 1925 йил 1 октябрь сонида биринчи саҳифада П. Сосновскийнинг «Атоқли саёҳатчи» («Знатный путешественник») дея номланган ёрқин фельетони чоп этилган эди.

Унда сатирик шаклда «1925 йил 8 август куни эрталаб кўриниши жанубликка ўхшаган, юзи офтобдан қорайган қора пиджак, оқ шим ва лакланган боғичли ботинка кийган эркак Гомель станциясида поезддан тушгани, ҳикоя қилинади. Унинг қўлида юки йўқ эди. У шахдам қадам ташлаб маҳаллий губерния ижроия қўмитасига қараб йўл олди. Губерния ижроқўми раиси Егоров кутилмаган ушбу ташрифдан ўзини йўқотиб, хижолат бўлиб қолди. Салобатли қиёфадаги эркак ўзини Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Файзулла Хўжаев деб таништирди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этди. Маълум бўлишича, ўртоқ Хўжаев жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолган экан – ўғрилар поездда унинг барча пулларини ва нарсаларини ўғирлаб кетишибди

Серқуёш республикадан келган давлат мулозими чипта сотиб олиш учун 50 сўм ҳамда бир неча кун дам олиш учун шароит қилиб беришларини сўради. Уни нафақат пул билан, балки шаҳардаги «Савой» меҳмонхонасининг энг яхши номери билан таъминладилар. Кечқурун эса гомеллик мансабдор шахслар Ўзбекистон раҳбарининг кутилмаган ташрифига бағишлаб каттагина зиёфат уюштирдилар. Биргина маҳаллий милиция бўлими бошлиғи Матвей Хавкин осиёлик меҳмонга нисбатан шубҳали муносабатда бўлди. Гомеллик милиционерда нафақат ўғирлик тўғрисидаги йўл кечинмалари, балки Ўзбекистон раҳбарининг биттагина ҳужжати ҳам шубҳа уйғотди. Бу ҳужжат Қрим Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Вели Ибрагимов томонидан берилган бўлиб, унга фотосурат илова қилинмаган эди: у пайтларда ҳужжатларга фотосуратлар ёпиштирилмас эди, шунинг учун ҳам Хавкин фирибгарни фош қилишнинг ғайриодатий усулини ўйлаб топди. У кутубхонага бориб, «Красная нива» журналидан иттифоқчи республикалар раҳбарларининг фотосуратларини қидириб топди. Фотосуратлар ўрганиб чиқилганидан кейин «Савой» меҳмонхонасига оператив гуруҳ йўналтирилди. Хонада ўтказилган тинтув натижасида Тифлис турмаси томонидан Ҳасан Турғунов номига берилган қамоқдан озод этилганлиги тўғрисидаги справка топилди».

Турғун Ҳасановнинг ўз номи билан битилган кулгили ҳамда авантюраларга бой кечинмалари бутун СССР бўйлаб жуда катта тиражларда тарқаб кетди ҳамда кўпчилик учун ўзига хос алоҳида ҳолат – “янги хлестаковшчина”нинг рамзига айланди.

Хотима

Тақдир ўйини: фош этилган фирибгар қамоққа тушиб ўз ниятига эришди, деса ҳам бўлаверади – у қандайдир вақт давомида ҳақиқий Файзулла Хўжаевдан ҳам янада машҳурроқ бўлиб кетди. Ҳолбуки, келажакда уни ҳақиқий – адабий умрбоқийлик кутарди.

Қўқонлик Бендернинг саргузаштлари реал тарихининг барча персонажлари табиий ўлим топмадилар. Ҳасановга «олтин» ҳужжатларни тақдим этган Қрим Марказий ижроқўмининг раиси Вели Ибрагимов 1928 йилда отиб ташланган. Тўққиз йил ўтиб, 1937 йилда Ўзбекистон раҳбари Файзулла Хўжаевнинг ҳаёти шунга ўхшаш тарзда ниҳоясига етди. Авантюристни Минскда қабул қилган Белоруссия раҳбари Александр Червяков ҳибсга олинишдан олдин ўз жонига суиқасд қилиб, ҳаётдан кўз юмди. Гомель милициясининг бошлиғи Матвей Хваткин сиёсий лавозимлар поғонасидан кўтарилиб, 1938 йилда контрреволюцион троцкийлик фаолияти учун ҳибсга олинди ва шу билан қамоқхона лагерларидан тирик чиқмади.

Фирибгар Турғун Ҳасанов эса бир неча йил турмада ўтириб чиққанидан кейин озодликка чиқди. Эҳтимол, узоқ муддатга қамалишдан уни «келиб чиқиши деҳқонлардан» бўлгани асраб қолгандир. Тажрибали фирибгарда, афтидан шунақанги справка бўлган бўлиши мумкин. Афтидан, у ўз саргузаштларининг адабий версиясини ҳам ўқиб чиққан бўлса керак: «Олтин бузоқча» романи биринчи марта 1931 йилда «30 кун» журналида чоп этилди. Бироқ қўқонлик йигит тез орада яна қамалди. Қамалишидан бир йил ўтиб «ўзбек мудаббири»нинг ҳаётига нуқта қўйдилар – сургундаги турмаларидан бирида блатнойлар уни « заточка» – учи чархланган темир бўлаги билан ўлдирдилар.

Рубен Назарьян

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ