Қирғизистоннинг 24.kg ва Тemirov Live нашрлари офисларидаги тинтувлар, журналистларнинг оммавий ҳисбга олиниши қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларда Бишкекнинг демократик тамойиллардан узоқлашиб кетаётганига доир хавотирларни уйғотди.
Дипломатлар бонг уради
Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ушбу Марказий Осиё республикаси доимо ўзининг мустақил ОАВ ва сўз эркинлиги билан ҳақли равишда фахрланиб келганини қайд этади.
«Мустақил оммавий ахборот воситалари барча демократик жамиятлар фаолияти учун зарурдир. Барча мамлакатларда журналистлар одамларни хабардор қилиш, жамиятда шаффофлик ва ошкораликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Биз қирғиз ҳукуматини журналистларга эркин ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаб беришга чақирамиз», — дейилади дипломатик миссия баёнотида.
Қирғизистон ҳукуматининг мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларга қарши ҳаракатлари ҳукуматнинг оммавий мунозаралар ва сўз эркинлигини бостиришга қаратилган ҳаракатларига мос келади, дея таъкидлади АҚШ Давлат департаменти.
«Биз Қирғизистон расмийларини журналистларга ортиқча босим ва таъқибларсиз ишлаш имкониятини таъминлашга чақирамиз. Эркин ва мустақил матбуот инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, самарали демократик институтларни қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга», — деб таъкидлайди Давлат департаменти.
Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси, Австрия, Бельгия, Финляндия, Франция, Германия, Латвия, Литва, Нидерландия, Португалия, Испания ва Швеция элчихоналари ҳам Қирғизистонда журналистлар таъқиб қилинаётганидан хавотир билдирди.
«Турли фикрларни ифодалаш ва мустақил журналистик фаолиятда иштирок этиш умуминсоний ҳуқуқ ва сўз эркинлигидан фойдаланишнинг асосий белгиларидир», дея эслатади европаликлар.
Улар Бишкекни:
👉 инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга,
👉 журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўз касбий фаолиятини амалга оширишлари учун сўз эркинлиги ҳамда дахлсизлигини ҳимоя қилишга;
👉 текширувлар қонуний талаблар асосида ва адвокатлар иштирокида ўтказилишини таъминлашга чақиришди.
«Қирғизистон ҳукумати фуқаролик жамиятига қарши уруш эълон қилди»
Қирғизистонда матбуотга босим ўтказилаётганига Россиядагилар ҳам қарши чиқишди. Эллик нафар россиялик журналист ва мустақил нашрлар ходимлари демократик давлатларни журналистларни тезроқ озод қилиш ва уларга нисбатан жиноий ишларнинг тўхтатилиши учун Қирғизистон ҳукумати билан дипломатик алоқаларни бошлашга чақирувчи мурожаатни имзолади.
«Мувтақил журналистикага босим қандай бўлишини яхши биламиз. Бу ерда биргина қўллаб қувватловчи сўзлар етарли эмас: бундай вазиятда биз учун кенгроқ резонанс керак. Журналистлар ўз фаолияти учун қамоқжа ўтиришлари керак эмас», — дейилади баёнотда.
Унда қайд этилишича, республикада ўзига хос ва кучли журналистика мактаби, жумладан, журналистик суриштирув мактаби шаклланган ва «қирғиз расмийлари биринчи бўлиб айнан текширувлар олиб боручиларни нишонга олишмоқда».
«11 нафар журналистнинг «оммавий тартибсизликларга чақириш»да айбланиб ҳибсга олиниши энг даҳшатли ҳавотирни тасдиқлайди: Қирғизистон ҳукумати фуқаролик жамиятига қарши уруш эълон қилди ва репрессияни қурол сифатида танлади. Ва, албатта, бу каби репрессиялар Қирғизистонда журналистик суриштирув билан шуғулланишга қарор қилган ҳар бир киши учун муҳокама қилиб бўлмайдиган мавзулар борлигини намойиш этади. Бу Марказий Осиёдаги энг кучли институтлардан бири бўлган мамлакатда сўз эркинлигига жиддий зарба бўлди», — дея таъкидлайди имзо чекувчилар.
Қирғизистонда мустақил журналистларнинг таъқиб қилиниши аввалроқ қатор халқаро ташкилотлар, жумладан «Чегара билмас мухбирлар» (RSF), Human Rights Watch, Қийноқларга қарши Бутунжаҳон ташкилоти (World Organisation Against Torture), Халқаро матбуот институти (IPI) ва бошқалар томонидан қораланган эди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси ҳам мавжуд вазиятдан хавотир билдирди.
Қўрқитиш ва овозини ўчириш
Қирғизистон ОАВ ҳамжамиятининг таъкидлашича, оммавий тинтувлар, сўроқ ва ҳибсга олишлар журналистларни қўрқитишга қаратилган.
«Бу биз керак бўлмаган жойларга бурнимизни тиқмаслигимиз кераклиги ҳақидаги сигналдир, акс ҳолда биз билан ҳам худди шундай ҳолат содир бўлади», — дейди «Қирғизистон Медиа Платформаси фаолияти» раҳбари Тамара Валиева.
Унинг фикрича, мамлакат президенти Садир Жапаров мустақил матбуот вакиллари билан учрашиш учун вақт топиши керак.
«Чунки ҳозир ҳамма суҳбатлашиб олиш вақти келганини ҳис қилмоқда ва бусиз чексиз қарама-қаршиликлар давом этаверади.
Қолаверса, биз уруш эълон қилмадик, қарама-қаршиликка бормадик, шунчаки ўз касбий бурчимизни бажардик», — дея Тамара Валиеванинг сўзларини келтиради Kloop.
ℹ️ 15 январь куни эрталаб Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg ахборот агентлигининг Бишкекдаги офисида тинтув ўтказди ва ОАВ раҳбариятини «Уруш тарғиботи» моддаси бўйича очилган жиноий иш доирасида сўроққа тутди. Нашр раҳбарлари бу ишда гувоҳ сифатида жалб қилинган.
Эртаси куни Ички ишлар вазирлиги вакиллари Temirov Live ва «Айт Айт Десе»нинг собиқ ва ҳозирги ходимларининг уйларида тинтув ўтказди. Ҳаммаси бўлиб 11 киши тинтув қилинган ва қўлга олинган. Кейинчалик муҳрлаб қўйилган Temirov Live офисидан журналистларнинг смартфон ва ноутбуклари ҳамда ҳужжатлари олиб қўйилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, 2023 йил 30 декабрь куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Temirov Live ва «Айт Айт Десе» саҳифаларидаги контентнинг «суд-лингвистик экспертизаси» натижаларига кўра, ушбу ҳолат юзасидан Қирғизистон ЖКнинг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликларга чақирув») билан жиноят иши қўзғатилган. 17 январь куни журналистларни ҳисбда ушлаб туриш муддати 13 мартгача чўзилган.
Мана уларнинг исм-шарифлари: Махабат Тожибек қизи (Temirov Live и «Айт Айт Десе» онлайн-лойиҳалари директори, Қирғизистондан чиқариб юборилган журналист Болот Темировнинг рафиқаси), Сапар Акунбеков, Азамат Ишенбеков, Саипидин Султаналиев, Актилек Капаров, Тинистан Асипбеков, Мақсат Тажибек уулу, Жоодар Бузумов, Жумабек Турдалиев, Айке Бейшекеева ва Акил Орозбеков.
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
12 Август12.08Минтақанинг ўзига хос одимиМарказий Осиё давлатлари президентлари Остонадаги учрашувда умумий манфаатларни илгари суриш тарафдори бўлдилар