Кенг миқёсда юз берган сув тошқинлари кунларида Қозоғистон раҳбарияти нафақат аҳолини табиий офат юз берган зоналардан зудлик билан эвакуация қилишга, балки одамлар кайфиятини ҳам диққат билан кузатишга мажбур бўлди. Президент рақиблари беқарор вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилишди ва амалдаги ҳукуматнинг давосига кўра, «Эски Қозоғистон» дея аталмиш унсур яна бошини кўтарган. Лекин бу ҳақиқатга тўғри келадими? Наҳотки, энди ҳар қандай танқид давлатчиликка таҳдид деб ҳисобланса? «Фарғона» материалида шу ҳақда сўз юритилади.
Март ойининг охиридан бошлаб Қозоғистонда сўнгги 80 йилда юз берган энг йирик сув тошқинлари кузатилмоқда. Бу вақт ичида энг таниқли шахс Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Чингиз Аринов бўлиши керак эди, у ўз лавозимига тайинланганидан кейин иккинчи синовга дуч келганди (биринчиси Олмаотадаги зилзила эди). Бироқ, февраль ойидан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқариб келаётган президентни қўриқлаш хизматининг собиқ раҳбари ошкора учрашувлардан ўзини четга олиб юради. Сув тошқинлари бошланганда у Қозоғистон халқига видеомурожаат ёзиб, вазиятни шахсан назоратга олишини айтди ва шундан бери журналистлар билан камдан-кам суҳбатлашади ва афтидан буни истамаётганга ўхшайди. Масалан, Vlast.kz нашри Чингиз Ариновдан унинг вазирлик режаларини билишга ҳаракат қилган:
«...1994 йили бўлган, кейин 2005, 2007, 2014, 2017 йиллари. Ўртача ҳар беш йилда бир марта сув тошқини содир бўлади. Вазият ўзгармаяпти. Сиз нимани ўзгартирмоқчисиз?
Аслида, сув ва зарар ҳажми анча кам бўлган.
Сиз нимани ўзгартирмоқчисиз?
Аввало айтмоқчиманки, биз босқичма-босқич ҳаракат қилишимиз керак. Вазирлик билан боғлиқ, ўзаро ҳамкорликка оид бир қанча масалалар бор, биз бу масалаларнинг барчасини кўрдик, уларни такомиллаштириб, таклифлар киритамиз. Президентимиз бизга қўшимча ваколат ва назорат функцияларини бериш бўйича топшириқлар берди, буни биласиз. Шу боис, биз бу йўналишда борамиз ва яна аниқ натижага интиламиз, деб ўйлайман.
Аниқлик китилгани маъқул — айнан сизнинг қарашларингиз, нимани ўзгартиришни хоҳлайсиз? Яхшиламоқчисиз? Сизга қандай ваколатлар керак?
Нима бўлганини ва нималарга дуч келганимизни ҳисобга олсак, ҳаммасини кўрасиз. Мен буни ҳозир айтмоқчи эмасман (...)»
24.kz телеканалига берган бошқа интервьюсида Аринов сув босган ҳудудларнинг айрим аҳолиси эвакуацияни сўнгги дақиқагача чўзаётганидан, таҳдидни эътиборсиз қолдириб, эвакуация марказларига имкон қадар кўпроқ нарсаларни олиб кетишга ҳаракат қилаётганидан ғазабланган. Бир томондан, вазирнинг норозилиги тушунарли, чунки идорасининг асосий вазифаси одамларни қутқаришдир, гарчи одамлар баъзан бунга қаршилик кўрсатсалар ҳам. Бошқа томондан, айнан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг раҳбари аҳолига эвакуация зарурлигини тушунтириши ва ҳукумат одамларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслигига ишонтириши керак. Ҳозирча, бу ишлар билан асосан президент шуғулланяпти ва бунинг фонида Фавқулодда вазиятлар вазири хира сояга ўхшайди.
Қосим-Жомарт Тўқаев жабрланган ҳудудларга бир неча бор учиб бориб, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилди, уларни давлат ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига ваъда берди.
Президент сув тошқинлари билан боғлиқ молиявий муаммоларни ҳам тезда ҳал қилди. Жабрланувчилар йўқолган мол-мулклари учун олаётган товон пулидан ташқари, Тўқаев яна қозоғистонлик тадбиркорларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уларни «катта сув» босган ҳудудларга бириктиришга қарор қилинди. Апрель ойи охирида «тайинланган» биснесменлар Бош вазирнинг масъул ўринбосари Канат Бозумбаев ҳамроҳлигида икки вилоятда бўлиб, бўлажак қайта тиклаш ишлари кўламини шахсан баҳоладилар.
26 апрель куни Бозумбаев Шимолий Қозоғистон вилоятига Kazakhmys Holding директорлар кенгаши раиси Эдуард Огай, Kaspi.kz директорлар кенгаши раҳбари Вячеслав Ким ва KAZ Minerals Management бошқаруви раиси Элдар Мамедовни олиб борди. 30 апрель куни Костанай вилоятига ADD Capital холдинги асосчиси Данияр Абулгазин, ERG директорлар кенгаши аъзоси Шуҳрат Ибрагимов, «Аллюр» ва «АгромашХолдинг» компаниялари директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентьев ва RG Brands бошқаруви раиси Тимур Калтаевлар ташриф буюришди.
Танишув сафарларидан сўнг олигархлар тезда жабрланганлар учун пул йиғишди. Булат Утемуратов Ақтўбе вилояти аҳолиси учун 10 миллиард тенге (22,5 миллион доллар) ажратиш орқали уларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Тимур Кулибаев Атирау вилоятига ёрдам бериш учун 30 миллиард тенге (67,5 миллион доллар) юборишга қарор қилди. Kaspi.kz сайти ҳаммуассислари Вячеслав Ким ва Михаил Ломтадзе Шимолий Қозоғистон ва Оқмўла вилоятларига 20 миллиард тенге (45 миллион доллар) ва ҳоказо ўтказиш орқали ёрдам беришларини айтди. Умуман олганда, бизнес томонидан сув босган ҳудудлар учун тахминан 100 миллиард тенге (225 миллион доллар) йиғилди.
2022 йил январдаги тартибсизликлардан сўнг қозоқ олигархлари президент томонидан ташкил этилган «Қазақстан халқына» фондига ўз ихтиёри билан пул ўтказишганини қандай эсламаслик мумкин? Шундай кўринади
мамлакатдаги йирик бизнес мулозимлар қўлидаги сеҳрли таёқчага айланиб қолган, турли фавқулодда вазиятларда ушбу таёқча ишга солинади.
Ҳукуматни танқид қилиш
Президент ва мамлакатнинг энг бой кишиларининг сув тошқларинидан жабр кўрганлар тақдирида фаол иштирок этаётгани аҳолини тинчлантириши керак эди ва бир қарашда шундай ҳам бўлди. Бироқ, норозилик овозлари вақти-вақти билан блоглар ва оммавий ахборот воситаларида эшитила бошланди.
Апрель ойи бошида BizBirgemiz Qazaqstan хайрия фонди раҳбари Перизат Қайрат ўзининг Instagramида Тўқаевга сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят қилган эди. Волонтёр амалдорларни ҳаракатсизлиги учун танқид қилиб, улар ҳали бажарилмаган ишлар бўйича президентга ҳисобот беришаётганини айтди. Нашрларда, хусусан, Атирау вилоятининг Қулсари шаҳридаги вазият ҳақида гап борган. Кейинчалик Перизат Қайратнинг саҳифасидаги пост йўқолди. Бироз вақт ўтгач, у узр сўрашини эълон қилди.
Қулсари — Атирау вилояти Жилиой туманининг маъмурий маркази, минтақадаги энг йирик нефть қазиб олиш марказларидан бири. Шаҳар бир неча ҳафта давомида сув остида қолмоқда ва «кучланиш маркази»га айланиш хавфи остида. 3 майга ўтар кечаси бир неча ўнлаб маҳаллий аҳоли туман ҳокимлиги биносига келиб, давлат томонидан ажратилган пулни беришни талаб қилган.
Маҳаллий «Ак Жайык» нашрининг хабар беришича, йиғилганлар зарарни аниқлаш масаласини бир ҳафта ичида ҳал қилишни ва шу муддатда банк ҳисоб рақамларига тўловларни амалга оширишни талаб қилишган. Туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари халқ олдига чиқиб, 15 майга қадар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот беришга ваъда беришган, шундан сўнг ҳамма тарқалган.
Спонтан учрашув иштирокчиларига нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмаган. Лекин фавқулодда вазият вақтида ҳукуматни танқид қилгани учун жабр чекканлар ҳам бўлдган ва уларнинг аксарияти журналистлар бўлган.
Журналистларнинг таъқиб қилиниши
20 апрель куни Ғарбий Қозоғистон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Канат Карабалаев тезкор штабнинг ОАВ вакилларининг сув тошқини зоналарида бўлишини ва сув тошқинларини ёритишни тақиқлаш бўйича қарорини эълон қилди. Бу фармойиш уларнинг (оммавий ахборот воситалари вакиллари) ҳаёти ва соғлиғи ҳақида қайғуриш билан изоҳланади, дея хабар беради Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси.
21 апрель куни ураллик журналист Рауль Упоров Instagramда (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) видео жойлаштирди ва у ерда «ҳақиқий журналистлар зарур бўлган жойларда ишлаши керак» деб таъкидлади. шахсан унга бундай буйруқлар «пустон» экани («ҳеч нарса эмаслиги») ни қўшимча қилган. Беҳаё сўз ишлатгани учун Упоровга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 433-моддаси («Кичик безорилик») билан маъмурий иш қўзғатилиб, 30 апрель куни унга 23 ОҲМ (ойлик ҳисоб миқдори — тахминан 160 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган.
Яқин кунларда тошқинларни ёритган журналист Кирилл Павловни ҳам навбатдаги суд жараёни кутмоқда. Ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича унга қарши «Қазақстан Ғарыш Сапары» (собиқ «Казкосмос») миллий компанияси томонидан даъво қўзғатилган. Кирилл Павловнинг ёзишича, сўнгги икки йил ичида ушбу компания ёнғин ва сув тошқини прогнози бўйича 1,5 миллиард тенге (3 миллион доллар)лик давлат тендерларида ғолиб чиққан. Бундан ташқари, «Қазақстан Ғарыш Сапары» Ғарбий Қозоғистон вилоятида Жайиқ дарёси қирғоқларининг барқарорлигини таҳлил қилиш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлган. Аммо, бу харажатларга қарамай, минтақадаги аҳоли пунктлари сув остида қолди ва фавқулодда ҳолат эълон қилинди, дея журналист ғазабланади (ulysmedia.kz дан иқтибос).
Павлов, шунингдек, сув тошқини бўйича башоратлари самаралироқ эканини ёзган ва пулларни бюджетга қайтаришни талаб қилган.
Ниҳоят, YouTubeдаги «Обожаю» канали муаллифи Асхат Ниёзов яқинда Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги қўзғатган туҳмат бўйича ишда ғолиб чиқди. Ниёзовга қарши даъво «Азаттик» (Россия Федерациясида номақбул ташкилот сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий хизмати)даги ҳамкасбларини қўллаб-қувватловчи репост билан боғлиқ бўлган. Бироқ, журналистнинг ўзи бу жараённи сув тошқинлари ҳақидаги сюжетларни суратга олиш билан боғлаган ва расмийлар шу йўл билан унинг ишига тўсқинлик қилмоқчи, деб ҳисоблаган.
25 апрель куни Президент Тўқаев оммавий ахборот воситалари ва блогерларни «ваҳима қўзғатувчи тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка» чақирди. У фуқароларни фақат расмий манбаларга ишонишга чақирди. «Биз бу вазиятни тўғирлаймиз», деб ишонтирди давлат раҳбари ва тошқинларни «кўп йиллардан бери кузатилмаган табиий офат» деб атади.
Тахмин қилиш мумкинки, мамлакат раҳбарияти нафақат фавқулодда вазиятлар тўғрисида ягона маълумот манбаи бўлишни, балки ўзини энг қулай нуқтаи назардан кўрсатишни ҳам хоҳлайди.
Зеро, журналистларнинг сув тошқини зоналарига киришига тўсқинлик қилиб, расмийлар уларни жабрланган ҳудудларда вазият қандай экани ва маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиляптими ёки йўқлигини билиш имкониятидан маҳрум қилишди.
«Эски Қозоғистон»
Икки йил олдинги тартибсизликлардан сўнг, Қозоғистон ҳукумати ўз ҳаракатларининг ҳар қандай танқидига оғриқли муносабатда бўлиб, бу ҳозирги вазият билан эмас, балки мағлубиятга учраган «Эски Қозоғистон» ҳийла-найранглари билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Тегишли далиллар нафақат аноним Телеграм каналларида эълон қилинади, балки омма олдида ҳам тилга олинмоқда. Масалан, парламент қуйи палатаси депутати, ҳукмрон Amanat партияси фракцияси аъзоси Ерлан Саировнинг фикрича, реваншист кучлар табиий офат шароитида жамиятда тартибсизликлар ва сиёсий жанжал келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.
«Буларнинг барчаси уюшқоқлик билан содир бўлмоқда ва бу танқид эмас, балки мамлакатимизда одамлар орасида тарқоқлик ва бўлиниш ҳукм сураётган бир пайтда давлатга таҳдиддир», — дея таъкидлайди у.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев фонди номидан «Эски Қозоғистон» бу каби айбловларнинг барчасини рад этади.
«Айни кунларда биринчи президент мамлакатимизнинг кўплаб фуқаролари каби тошқиндан жабр кўрган Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирмоқда. Биз давлат ва ҳукумат раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудларида мисли кўрилмаган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — дея ишонтиради ташкилот.
Табиий бир савол туғилади: наҳотки Қозоғистон расмийларига нисбатан билдирилган ҳар қандай танқид энди давлатга таҳдид сифатида қабул қилинса? Албатта, йўқ. Тез орада сув тошқинлари тугайди ва уларнинг ортидан маълумот олиш ва айбдорларни қидириш бошланади. Ҳукумат амалдорлари буни тушунишади ва уларнинг риторикаси сувнинг камайиши билан ўзгариб бормоқда. Куни кеча сенатор Андрей Лукин вилоят ҳокимликлари сув тошқинларига ёмон тайёргарлик кўргани, муҳандислик муҳофазаси чораларини фақат «қўл учида» амалга оширганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, қорнинг ўз вақтида тозаланмагани, айланма каналлар ва тўғонларнинг етарли даражада мустаҳкамланмагани, шунингдек, гидротехника иншоотларининг ёмон аҳволи вазиятни янада оғирлаштирган.
Яқин келажакда бундай ошкора баёнотлар кўпаяди ва айрим амалдорлар тергов, суд жараёнларига тортилиши ва истеъфога чиқишлари мумкин. Тўғри, бу ҳақда фақат расмий манбалардан билиб олиш мумкин бўлади.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди