27 октабрь куни Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар бўлиб ўтади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 ўрин учун бешта партия кураш олиб боради. Бу сафар аралаш овоз бериш тизими қўлланилади: депутатларнинг ярми бир мандатли округлар бўйича мажоритар тизим асосида (номзодга овоз бериш), қолганлари эса ягона округ бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида пропорционал тизим бўйича (номзодлар рўйхатига овоз бериш) сайланади. Парламентдаги ўринларнинг 40 фоизи аёлларга берилади. Сайловга қарийб бир ой қолганда партиялар ўз дастурларини эълон қилди. Бу ҳужжатларнинг асосий тезислари «Фарғона» материалида. Сиёсий ташкилотлар сайлов бюллетенида қандай тартибда ўрин олган бўлса, худди шундай тартибда кўриб чиқилади.
ЎзЛиДеП: ЯИМ, ЖСТ, IТ
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси дастурида бешта мақсад ва уларни амалга ошириш бўйича 500 та вазифа ўрин олган. Бу ҳукмрон сиёсий куч ва унинг раҳбари мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бўлгани учун асосий устувор йўналишлар республикани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясига тўғри келади. Хусусан, ЎзЛиДеП барқарор иқтисодий ўсиш, ҳар бир шахс ва оила фаровонлигини таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза сифатини ошириш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш, халқ хизмати йўлида адолатли давлат барпо этиш, халқ фаровонлигини таъминлаш, Ўзбекистон суверенитети ва хавфсизлигини сақлаш масалаларига урғу беради.
Уюшма ўзини тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати сифатида намоён этади. Шунинг учун дастурнинг катта қисми иқтисодиётга бағишланганлиги ажабланарли эмас. Ҳужжатда келтирилган кўплаб режалаштирилган кўрсаткичларни президентнинг ҳукумат аъзолари ва ҳокимлар билан ўтказган турли йиғилишларида сўзлаган нутқларида ҳам кўриш мумкин.
Депутатлар қуйидаги ютуқлар учун меҳнат қилишга ваъда беришади.
2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромад эса 4 минг долларга етиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажми 45 миллиард долларга етиши керак, 5 миллиард доллар эса IТ хизматларига тўғри келиши керак. Саноатда қиймати ошган маҳсулот ишлаб чиқаришни — 45 миллиард долларгача ошириш мақсад қилинган. Ислоҳотлар натижасида 2,5 млн ишчи ўринлари ташкил этилиши кутилмоқда.
Бу партия депутатлари хорижий сармояларни фаол жалб этиш ва мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш жараёнини жадаллаштириш курсини давом эттириш ниятида. Иккинчи ҳолатда, бизнесни рағбатлантириш учун янги имтиёзларни жорий этиш кўзда тутилади. Масалан, дастурда тадбиркорларга қўйиладиган 1000 га яқин бюрократик талабларни бартараф этиш, лицензияланадиган фаолият турларини икки баравар қисқартириш амалга оширилади. Бунинг шарофати билан ишбилармонлар сони 3 миллион кишига этади.
Яна такрор айтамиз, ЎзЛиДеП ҳукмрон партия бўлгани учун унинг мақсадлари республика Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси амалга оширишни режалаштирган жиҳатлар билан деярли бир хил.
«Миллий тикланиш»: давлат тили ва аёлларнинг армияда хизмат қилиши масаласи
«Миллий тикланиш» ўз йўналишини давом эттиради. Маълумки, йил бошида партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров рус тилидаги телеканаллар кўрсатувини қисқартириш ташаббуси билан чиққанди. Демак, Сайловолди дастури давлат тилини ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ғоялардан иборат бўлади. Хусусан, сиёсатчилар минглаб хорижий манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш, маҳаллий адабиётни ривожлантириш, давлат тили қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, лотин алифбосига ўтишни тезлаштиришни ваъда беришмоқда. Бундан ташқари, ишга қабул қилишда миллий кадрларга устунлик бериш ниятидалар. Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» рақобатчиларидан фарқли ўлароқ, ўз дастурини рус тилига таржима қилмаган.
Тўй-ҳашамларни тартибга солиш, мансабдор шахсларнинг дахлсизлигини текшириш, ГМО маҳсулотларини тақиқлаш, қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан фойдаланишни чеклаш каби абадий деб аташ мумкин бўлган қонун лойиҳалари билан бирга – нисбатан янги ташаббус ҳам бор. Партия аёлларнинг армияда хизмат қилишига рухсат беришни таклиф қилмоқда. Ҳозирча мажбурий ҳарбий хизматга чақириш ҳақида гап йўқ. Қодиров бошқа партиялар етакчилари иштирокидаги дебатда тушунтирганидек, ғоя қизларга ўз хоҳиши билан Қуролли Кучлар сафига қўшилиш ҳуқуқини беришдан иборат.
«Ватанни ҳимоя қилишда эркак ёки аёл тушунчаси йўқ, аёлларнинг фидойилиги ва жасорати кўп соҳаларда намуна бўлади. Бу бизнинг анъаналаримизга мос келади», — дея қўшимча қилади парламент қуйи палатаси вице-спикери.
Депутат мавзуни давом эттирар экан, мактабни тамомлаб, олий ўқув юртларига ўқишга кирмаган ёшларнинг ҳарбий хизматга жалб этилишини таъминлаш тарафдори бўлди.
Кўпчилик сиёсатшуносларнинг фикрича, «Миллий тикланиш» ЎзЛиДеП билан алоқада фаолият юритади, шу боис қатор ташаббуслар ҳукумат сиёсатига ҳамоҳангдир. Бундан ташқари, экологик муаммоларни ҳал этиш, камбағалликка қарши курашиш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳалари сайловчилар кўнглидан жой топади.
Экологик партия: «яшил энергия», «яшил иқтисодиёт», «яшил виза»
Ушбу сиёсий ҳаракат, ўз номига содиқ бўлиб, экологик сабабларни тарғиб қилади. Ташкилот сайловларда «Табиат учун бирлашамиз» шиори остида қатнашмоқда. Партиянинг асосий мақсади «мамлакатнинг барқарор ривожланиши, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлодлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда табиий ресурсларни асраб-авайлашга қаратилган давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни асраб-авайлашга эришиш давлатимиз, жамиятимиз ва ҳар бир фуқаронинг бурчига айланди», — дейилади дастурда.
Тошкент дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рейтингидан чиқмаслигини ҳисобга олиб, экологик ҳаракат йирик аҳоли пунктлари бош режалари тасдиқланмагунча қурилишга мораторий жорий этиш, шунингдек, автомобиллардан босқичма-босқич воз кечишни таклиф қилади. Партия аъзолари 2030 йилгача мегаполисларнинг 20 фоизи велосипедда саёҳат қилишини таъминлашга ваъда беришади.
Бу йўналишда яна глобалроқ ғоя ҳам бор — 2035 йилга келиб, маҳаллий автомобиль саноатини бутунлай электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказиш.
Бундан ташқари, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш доирасида экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилиш ва аксинча, «зарарли» корхоналар учун қўшимча солиқ юкини белгилаш таклиф этилмоқда. Республиканинг сармоявий жозибадорлигини ошириш учун партия «Яшил виза» дастурини амалга оширишга кўмаклашади. Тўғри, сайловолди дастурида бу лойиҳанинг тафсилотлари берилмаган.
Дастур «яшил энергия»ни ривожлантириш масаласини эътибордан четда қолдирмайди. Масалан, партия қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг миқёсда фойдаланишга қаратилган стратегияни ишлаб чиқиш ва давлат ҳокимиятининг барча даражаларида илгари суришни ваъда қилади.
Бундан ташқари, ўн ёшдан ошган дарахтларни қайта экишни тақиқлаш ёки экологик жиноятлар учун жаримани кучайтириш каби одатий ваъдалар ҳам мавжуд. Аммо, яна бир ноқонуний дарахт кесиш юз бергани ҳақидаги хабарларга қараганда, Ўзбекистонда бундай чора-тадбирлар яхши ишламаётга ўхшайди.
ЎзХДП: иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш, ижтимоий дўконлар тармоқлари ва ҳакамлар ҳайъати
Халқ демократик партияси «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини биринчи ўринга қўяди. Шундан келиб чиқиб, сиёсий ҳаракат Сайловолди дастурига 15 стратегик қадамни киритган ва уларни амалга ошириш беш йилга мўлжалланган.
Глобал ташаббуслар Ижтимоий Кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни ўз ичига олади. Ҳужжатда қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар тоифалари қонун ҳужжатларида белгиланиши, уларни аниқлаш тизими, шунингдек, ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланиши кутилади. Умуман олганда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ барча нарсалар бу ерда бирлаштирилади.
Шунингдек, ЎзХДП вакиллари кам таъминланганлар, пенсионерлар, ногиронлар, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари учун таълим ва тиббий хизматлар олишда тенг имкониятлар яратилиши учун курашишга ваъда беришади. Қизиқарли янгилик — бу ҳамёнбоп нархларда зарурий товарлар сотиладиган ижтимоий дўконлар тармоғининг яратилиши.
Иқтисодиёт масалаларида, айтиш мумкинки, партия ҳукмрон ҳукуматнинг рақиби каби кўринади. Агар ҳукумат либераллаштиришга юзланган бўлса, ЎзХДП давлатнинг асосий тартибга солиш ролини кучайтириш тарафдори. Жумладан, хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланиши режалаштирилган стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан қаттиқ назорат ўрнатишни таклиф қилинмоқда. Ҳаракат, шунингдек, давлат хизматлари ва жарималардан тушган маблағларни фондларни четлаган ҳолда тўғридан-тўғри республика бюджетига юбориш тарафдори.
«Ҳашамат солиғи» ни жорий қилиш ташаббуси қизиқарли кўринади, яъни бой фуқаролардан даромад манбаларидан қатъи назар, кўпроқ тўлаш талаб этилади.
Бундан ташқари, реклама ва тижорат фаолияти орқали интернетдан пул ишлаётган блогерлар, вайнерлар ва инфлюенсерларга фискал солиқ солиш таклиф қилинмоқда.
Ва ниҳоят, ЎзХДПнинг суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича ғоялари бор. Шундай қилиб, дастурга Ўзбекистонда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш тўғрисидаги низом киритилган. Сиёсатчиларнинг фикрича, холисликни ошириш учун вилоят, туман ва шаҳар судлари раисларини мунтазам равишда алмаштириш амалиётини йўлга қўйиш лозим. Ижтимоий ҳимоя доирасида мамлакат бўйлаб кам таъминланган фуқаролар учун бепул юридик клиникалар тармоғини ташкил этиш таклиф этилади.
«Адолат»: Бойлар кўпроқ тўлайди
«Адолат» социал-демократик партияси ўз номига муносиб бўлишга ҳаракат қилиб, «адолат таъминланиши»ни ўзининг асосий мақсади деб эълон қилди. Бунга эришиш учун сиёсий ҳаракат саккизта глобал банддан иборат дастур ишлаб чиққан, жумладан: ҳуқуқий давлат барпо этиш, демократик институтларни ривожлантириш, барқарор иқтисодий ўсиш, кучли ижтимоий сиёсат, аҳоли саломатлиги, оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳит ва коррупцияга қарши кураш.
Сайловолди дастурининг боблари сарлавҳаларига қараганда, бу ерда янгилик унчалик кўп эмаслиги, лекин ҳали ҳам электоратдан алоҳида эътибор талаб қиладиган ғоялар мавжудлиги кўриниб турибди. Масалан, партия «ким кўпроқ маош олса, кўпроқ тўлайди» тамойилидан келиб чиқиб, прогрессив солиқ ставкаларини жорий этиш тарафдори. Сиёсатчиларнинг фикрича, бундай тизим республикада кузатилаётган даромадлар тенгсизлигини камайтиради. Рақобатчи партия вакиллари билан бўлиб ўтган мунозарада «Адолат» раҳбари Робахон Маҳмудова нима учун бу янги қоида барча одамлар тенг деган тушунчани бузмаслигини айтди.
«Тенглик ва солиқ йиғишда тенглик — бу турли нарсалар. Солиқ тизимида прогрессив ставкани жорий этиш оқилона ва замонавий ёндашувдир. Ушбу ташаббусни киритишдан олдин экспертлар билан маслаҳатлашдик, бу шкала АҚШ, Канада, Италия, Францияда жорий этилганини ва самарали ишлаётганини биламиз. Прогрессив ставканинг жорий этилиши давлат бюджетини тўлдириш, ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга олиб келади», — дея жавоб берди Робахон Маҳмудова.
Айтганча, худди шундай ёндашув жарималарни белгилашда ҳам қўлланилиши режалаштирилган. Яъни, бир ҳил ҳуқуқбузарлик учун камбағалдан кўра даромади юқори шахсга жиддийроқ пул жазоси берилади.
Ҳайдовчилар билан боғлиқ қоидалар ҳам мавжуд. Тўғри, бу ерда қарама-қарши иккита ташаббус тақдим этилган. Бирига кўра, йўл ҳаракати қоидаларини доимий равишда бузаётган транспорт воситаси эгасига жавобгарлик суғуртасининг оширилган миқдори берилади. Бошқа бир таклифга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузганлик учун жазони умрбод ҳуқуқдан маҳрум қилишгача ошириш талаб этилган. Ҳуқуқбузарликларни таснифлаш керак, лекин дастурда бу ҳақда сўз юритилмаган.
***
Сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраев барча беш партиянинг сайловолди дастурларига баҳо бераркан, платформаларда илгари сурилган ташаббуслар чуқур ўйланган ва долзарб эканини таъкидлайди. Мутахассиснинг фикрича, улар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши шубҳасиз.
«Сиёсий партияларнинг дастурлари ғоявий жиҳатдан узвий бўлиб, сайловчиларга мафкуравий жиҳатдан ўзига яқин бўлган устувор йўналишларни танлашда, шубҳасиз, яхши имконият яратади. Шунингдек, бу дастурларнинг кучли томони билдирилган таклиф ва ғояларнинг реаллигидадир», — дея таъкидлайди Жураев.
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
-
11 Октябрь11.10Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керакАлишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида