Хивадаги тарихий обидага алюмин ойналари ўрнатилган

Ҳозирда XIX аср обидасига ўрнатилган алюмин ойналари олиб ташланган. Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Хивадаги XIX асрда қурилган Тош-Ҳовли мажмуасига реставраторлар алюмин ойналарини ўрнатганлар. Бу билан боғлиқ жанжалдан сўнг ойналар олиб ташланган, қонун бузилишига доир ҳужжатлар прокуратурага юборилган, дейилади Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайтида.

Вазирлик томонидан Хива шаҳридаги Ичанқалъа музей қўриқхонаси ҳудидаги Тош-ҳовли мажмуасига ўрнатилган “Акфа” роми Илмий-эксперт Кенгашидан рухсат олмасдан ўрнатилгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 март қарорига асосан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Кенгашининг маданий мерос объектларида олиб бориладиган ҳар қандай таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича бажариладиган ишлар смета лойиҳалари тақдим этилган ҳолда, Илмий хулоса олиш белгиланган

Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Кенгаши рўй берган ҳодисани маданий мерос объектига зиён келтириш, деб баҳолаган. Вазир топшириғи билан ҳужжатлар Республика Прокуратурасига оширилади, маданий мерос объектларига еказилган зарар учун айбдорлар жавобгарликка тортилади.

Хива ҳукмдори Алиқулихон саройи алюмин ойналар билан. Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайти фотосурати

Август ойида республикада маданий мерос объектларига келтирарган зарарга нисбатан солинадиган жарималар миқдорини беш баробарга оширишга доир қонун қабул қилинганди.

Ўзбекистон бўйлаб олиб борилаётган қурилиш ишлари кўп ҳолатларда тарихий обидаларга хавф солмоқда. ЮНЕСКО ташкилоти мамлакатда тарихий обидаларни сақлаш бўйида олиб борилаётган ишларни танқид қилганидан сўнг, июл ойида мазкур ташкилот билан алоқа боғловчи Миллий комиссия котиби ишдан олинди.

Ўзбекистон ҳукумати ноябрь ойида республикадаги моддий маданий мерослар рўйхатини тасдиқлади. Рўйхатдан жами 8208 объект ўрин олган бўлиб, улар 4748 археология , 2250 архитектура, 678 монумент санъат мерослари ва 532 диққатга сазовор обидалардан иборат.