ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайлов участкаларининг тенг яримида қонун бузилишини қайд этган

DW.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистондаги участка сайлов комиссияларининг деярли ярмида қонунчиликда кўрсатилган процедураларга амал қилинмаганини қайд этган. Бу ҳақда ЕХҲТ ДИИҲБнинг 22 декабрда Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловга бағишланган ҳисоботида сўз юритилади.

14 та сайлов участкаларига ташриф буюрган ташкилот кузатувчиларининг 42 фоизида овозларни санаш жараёни салбий баҳоланган. Уларнинг сўзларига кўра, сайлов тинч ҳолатда ўтган, лекин жиддий қонунбузарликка йўл қўйилган: сайловчиларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз овоз беришга рухсат берилган, кўплаб «бошқалар учун» овоз бериш ҳолатлари кузатилган. Участка сайлов комиссияси вакилларининг олдиндан бўш протоколларни имзолагани, сайловчилар рўйхати, протоколга киритилган маълумотларни сохталаштиргани кузатилган.

Шунингдек, миссия аъзолари кўп марта овоз беришни олдини олиш мақсадида яратилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати сифатсиз ишлаганига эътибор қаратганлар. Бироқ, МСК қайд этилган маълуотларни таққослаш учун олдиндан сайловчилар рўйхатини эълон қилмаган, рўйхатда ўзини топмаган сайловчилар сайлов куни рўйхатга киритилган, бу эса халқаро амалиётга зид келади.

Ҳисоботда айтилишича, сайловлар қонунчиликка яхши ўзгартиришлар киритилган пайтда ўтказилган, лекин у реал рақобатни кўрсатолмаган, сиёсий альтернатив диапазони торлигича қолиб кетган.

Ижобий ўзгаришларга келсак, миссия аъзолари жазони ўтаётган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этишига рухсат берилгани, депутатликка номзодлар ичида аёллар салмоғи яхши эканини кўрсатган. Сайлов очиқлик шароитида ўтказилган, лекин МСК сайловолди ташвиқотларини анчагина чеклаган, шунинг учун ташвиқот медиамайдони кам фаол бўлган.

Ҳукмат сайловни кузатиши учун кўп миқдорда халқаро кузатувчиларни аккредитациядан ўтказган. Сиёсий партиялар вакилларига ҳам кузатувчи мақоми берилган, лекин алоҳида фуқаролар бундай мақомга эга бўлмагани холис текширув ишларини торайтирган.

Фуқаровий кузатув маҳалла қўмиталари вакиллари томонидан олиб борилган, бироқ ДИИҲБ уларнинг мустақил равишда иш юритишини шубҳа остига олади.

«Муҳим марра қўлга киритилди, лекин бугунгача бартараф бўлмаган айрим сарқитлар мамлакатда ҳали катта ишларни амалга ошириш кераклигини кўрсатади. Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган кенгқамровли ислоҳотлар сайловга реал таъсири ўтказолган, лекин демократик тараққиёт улкан мусобақа ва асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишини талаб этади. Биз бундан буён ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дея якунга келади ЕХҲТнинг сайловлар бўйича махсус координатори ва ташкилотнинг қисқа муддатли миссияси раҳбари Георгий Церетели.

Ўзбекистонда Парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар 22 декабрь куни бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, унда 14 миллион одам ёки рўйхатга олинган сайловчиларнинг 67,8 фоизи иштирок этган. Бу йили ўзбек матбуоти, МСК ва Бош прокуратура биринчи бор сайлов участкаларида рўй берган қонунбузарликлар тўғрисида маълумотлар берди.

Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш ишларида 37 давлатдан 316 нафар ҳалқаро кузатувчи, жумладан ДИИҲБ нинг 271 эксперт ва кузатувчиси, ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг 45 вакили иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари сув тошқинлари домида қолди