Россия импорт қилинаётган мева ва полиз маҳсулотларига солиқни камайтирди

Pixabay.com сайти фотосурати

Россия Янги йилдан бошлаб четдан сотиб олинаётган мева ва полиз маҳсулотларига солинадиган қўшимча қиймат солиғини (ҚҚС) 20 дан 10 фоизга камайтирди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати Россия ҳукумати қарорига асосланиб хабар беради.

Ўзбекистоннинг асосий ҳўл мева маҳсулотлари ҳисобланадиган тарвуз, қовун, узум, анжир, олма, нок, беҳи, ўрик, гилос, олча, шафтоли (жумладан нектарин ҳам), олхўри ва лимонга нисбатан аввал амал қилган 20 фоизли ҚҚС ўрнига 10 фоизли ставка жорий этилади.

РФ Марказий Осиё мамлакатларида етиштирилаётган маҳсулотларни сотиб оладиган энг йирик савдо ҳамкори саналади. Бироқ, ўзгаришлар қуруқ меваларга нисбатан жорий этилмайди. Ушбу категория бўйича 20 фоизли ҚҚС сақланиб қолинган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 11 ойида республика $1,1 млрд миқдорида 1,3 миллион тонна мева ва полиз маҳсулотларини экспорт қилган. Бу маҳсулотлар ялпи экспортнинг 7 фоизини ташкил этади. Ўтган йили Россия Ўзбекистондан $151 млн эвазига 2333 минг тонна маҳсулотларни сотиб олган ва миқдор жиҳатидан Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллаган. 2019 йилнинг январь — ноябрь ойларида Қозоғистон 520 минг тонна ўзбек маҳсулотларини сотиб олган.

Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йили мева ва полиз маҳсулотлари экспортини $2,5 миллиардга, яқин уч йил ичида эса — $5 миллиардга етказиш кераклигини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ