UzAuto Motors ногиронларга мослаштирилган автомобилларни ишлаб чиқара бошлади

UzAuto Motors матбуот хизмати фотосурати

UzAuto Motors компанияси автомобилларни имконияти чекланган, оёқларида нуқсони бўлган ҳайдовчиларга мослаштириш учун, қўл билан бошқариладиган махсус қурилма билан қайта жихозлашни бошлади, деб хабар беради ташкилот матбуот хизмати. Қўлда бошқариш қурилмаси харидорнинг буюртмасига асосан Cobalt, Gentra ҳамда Spark русумли автомобилларга расмий дилерлик марказларида ўрнатилади. Қурилма Ўзбекистон давлат стандартлаштириш Агентлигининг барча талабларига жавоб беради.

2018 йил март ойида Ўзбекистон ҳукумати GM Uzbekistanга (UzAuto Motorsнинг аввалги савдо маркаси) автомобилларни ногиронлар эҳтиёжига мослаштириш талабини қўйганди. Корхонанинг барча дилерлик марказлари 2019 йил 1 январга қадар бу борада керакли жиҳозларга эга бўлиш мажбуриятини олган.

Ҳукумат қарорида автомобиль тўхташ жойларининг беш фоизи ногиронлар автомобиллари учун бепул ажратилиши кераклиги айтиб ўтилган.

Охирги йилларда Ўзбекистондаги ногиронлар сони аҳоли сонининг 2 фоизини ташкил этиши кўрсатиб келинган.

Шу билан бирга статистика органлари ушбу кўрсатгич камайиб бораётганини таъкидлайди. Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизи у ёки бу миқдорда ногирон ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ