Ҳокимлар пахта теримини назорат қилишдан озод этилади

Ўзбекистонда пахта терими. Occrp.org сайти фотосурати

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистонда пахтага давлат хариди бекор қилинади ва ҳокимлар пахта ҳосили терими билан шуғулланмайдилар. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Халқаро пресс-клуб мажлисида гапириб ўтган, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Вазирнинг таъкидлашича, кластерлар қарамоғида бўлмаган пахта далалари бўйича фермерлар коорперацияси тузилади ва бошқарув пахта тозалаш заводларига берилади. Янги тартиб қишлоқ хўжалиги корхоналарининг хом-ашё эмас, қўшимча қийматга эга маҳсулотларни сотишига имкон яратади.

Шунингдек, Ўзбекистонда пахтадан ташқари бошқа қишлоқ маҳсулотларига нисбатан ҳам давлат буюртмасидан воз кечилади. «Давлат буюртмаси билан экин экиш қишлоқ хўжалиги тажрибаларига зид ҳолат, деб ҳисоблайман», – деган Жамшид Хўжаев.

Бундан аввал вазир ушбу ислоҳотлар 2023 йили амалга оширилишини айтиб ўтганди.

Ўтган йили сентябрда вазирлик қишлоқ хўжалигини ривожланиш Стратегияси лойиҳасини тайёрлаган эди. Ҳужжатда пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сотишда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилганди. Шунингдек, ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини давлат томонидан бошқарилишининг бекор қилиниши, фермерларнинг ерга нисбатан ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экин майдонларини аренда ва сударендага бериш бозорини шакллантириш қоидалари ёзилганди. Кейинчалик президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш Стратегиясини тасдиқлади.

2019 йили пахтага нисбатан давлат буюртмаси 2 млн 958 минг тонна миқдорида белгиланди. Авваллари фермерлар 3,4-3,5 млн тонна «оқ олтин» етиштиришга мажбур эдилар. Кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, айнан пахта режасини бажариш ҳоким ва ташкилот раҳбарларини барча одамларни, ҳатто мактаб ўқувчилари ва талабаларни ҳам пахта даласига ҳайдашига сабаб бўлганди.

2019 йилги пахта кампанияси ҳокимларнинг илғор теримчиларни автомобиль ва бошқа рўзғор буюмлари билан рағбатлантириши билан эсда қолди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди