Коронавирус Ўзбекистонда бананлар нархини тушириб юборди

Pixabay.com сайти фотосурати

Тошкент, Андижон, Самарқанд бозорларида банан нархи ўртача 25 минг сўмдан ($2,6) 10 минг сўмгача ($1) тушиб кетди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, нархларнинг тушишига Хитойдан келтирилаётган бананларда пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирус борлиги тўғрисидаги миш-мишлар сабаб бўлган.

«Потребитель.уз» гуруҳидагиларнинг таъкидлашича, ўтган дам олиш кунлари Тошкент бозорларида бир кило бананнинг нархи 6-8 минг сўмгача ($0,75) тушган. Пишиброқ қолган мевалар янада камроққа сотилган. Айрим интернет фойдаланувчилари Хитойда эмас, дунёнинг бошқа мамлакатларида етиштирилмаган бананлар ҳам коронавирус тарқалган Ухань шаҳрида сараланишига ишонишади.

Гуруҳнинг бир неча аъзолари гўёки бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантирган, деган гапларни ҳам тарқатишга улгурган.

Бироқ, тарқалган бу миш-мишларни тасдиқлайдиган бирорта расмий маълумот топилмади.

Коронавируснинг тирик мавжудоддан – масалан, ҳайвондан ёки одамдан юқиши фанга маълум. Бироқ, шунга қарамасдан тарқалган миш-мишлар туфайли бозорлардаги бананлар нархи тушиб кетган. Ижтимоий тармоқларда одамлар гўштга нисбатан ҳам шундай гаплар тарқатиш кераклиги, зора унинг нархи ҳам тушиб кетса, деган қабилида ҳазиллар тарқалган.

Ўзбек дипломатлари хитойлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда Хитойнинг касаллик тарқалган ҳудудларидан ватандошларни кўчириб келиш ишларини амалга оширдилар. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Пекиндан иккита, Ухандан битта чартер рейсларни амалга оширди. Умумий ҳисобдан ХХРдан 585 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилди.

Аввали фанга маълум бўлмаган вирус эпидемияси ўтган йил декабрда Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланди. 10 февралга келиб касалланган одамларнинг сони 40,5 мингтага етган. Эпидемия 910 нафар инсон ҳаётини қуритди.

Марказий Осиё мамлакатларида коронавирусни юқтирган инсон қайд этилмаган. Бироқ, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Туркманистонда «коронавирус билан боғлиқ касаллик»дан бир одам вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ