Москва суди Twitter ва Facebook компаниясига саккиз миллион рубль миқдорида жарима солди

Pxhere.com сайти фотосурати

Москва суди шахсий маълумотлар сақланишига доир Россия қонунчилигини бузганлиги учун Facebook ва Twitter компанияларини жаримага тортди, деб хабар беради РБК.

Ҳар бир ҳолатда жарима миқдори 4 млн рублдан ($63,4 мингга яқин) иборат. Икки компанияга РФ Маъмурий кодексининг 13.11-моддаси 8-банди («Шахсий маълумотлар соҳасида РФ қонунчилигини бузиш») қоидабузарлиги айби юклатилган.

«РИА Новости» маълумотига кўра, жарималар компаниядан фойдаланувчилар маълумотлари сақланаётган сервернинг Россияга ўтказилишидан бош тортгани учун солинган.

Twitter ва Facebook юристлари, шунингдек Роскомнадзор вакиллари суд жараёнида иштирок этмаганлар. Судга тақдим этилган ёзма материалларда жавобгарлар ўз айбини тан олмаганлар.

Бундан бир неча йил олдин Россияда «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгаришлар амал кучига кирган. Унга кўра, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи россияликларга доир маълумотлар РФ ҳудудида сақланиши керак. Ушбу талабга риоя этмаслик оқибатида LinkedIn ёпилган эди, Facebook ва Twitter компаниясига эса маълум муддат вақт берилганди. Икки компания 2020 йил бошига қадар берилган вақт муддати тугаганлигидан огоҳлантирилган.

Бундан аввал Роскомнадзор Facebook компаниясини блоклаб қўйишидан огоҳлантирган, лекин кейинчалик ҳукумат катта миқдордаги жарималар самарали восита эканини таъкидаганди.

Персонал маълумотлар борасидаги талабларга бўйсунмаслик учун солинадиган жарималар тўғрисидаги қонун РФ президенти Владимир Путин томонидан имзоланган. Юридик шахслар учун солинадиган жарималар миқдори 6 миллион рубль ($95 мингга яқин), қайтадан қонун бузилганда –18 млн ($285,5 мингга яқин) рублгача бориши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ