Красноярскда мигрантларга қалбаки ҳужжатларни сотиб юрган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Гуруҳ аъзоларидан бирининг ҳибсга олиниши . Красноярск ўлкаси ФХХБ фотосурат

Красноярскда мигрантлар учун қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб сотиш билан шуғулланиб юрган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Тўрт нафар россиялик ва Марказий Осиёдан бир одам ишчи мигрантлар учун миграция учётини узайтиришга асос бўладиган патент муддатини узайтирувчи ҳужжатларни қалбакилаштириш билан шуғулланиб келган. «Интерфакс» Красноярск ўлкаси Федерал хавфсизлик хизмати бошқармасининг матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда шуларни хабар қилади.

Гуруҳ аъзолари Красноярск ва Новосибирскда фаолият олиб борганлар. 2019 йил давомида улар Россияда 200 дан ортиқ чет эл фуқаросининг ноқонуний яшаб, ишлашига имкон яратганлар. Шунингдек, гуруҳ аъзоларидан икки нафари вояга етмаган РФ фуқароларини хорижга чиқиши учун сохта нотариал тасдиқланган ҳужжатлар тайёрлаган.

Красноярск ўлкаси бўйича Россия ФХХБ Тергов бўлими айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-банди («Чет эл фуқароларининг РФ ҳудудига ноқонуний кириши ва яшашини уюштирганлик») билан жиноят ишини қўзғаган. Шунингдек, гуруҳ аъзоларидан икки нафарига РФ давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтилишига ҳисса қўшганлик (РФ ЖК 322.1-модда 1-банди ва 33-модда 5-банди) айби қўйилган.

Россияда ишламоқчи бўлган ишчи мигрантлар кўпинча шундай «воситачи» фирибгар фирмаларнинг қурбони бўладилар. Ишонувчан, содда одамлар ушбу жиноятчиларга анчагина пул тўлайдилар ва оқибатда сохта ҳужжатларни қўлга киритадилар.

2019 йил майда Россияда ноқонуний миграцияни ташкил этишга нисбатан бериладиган жаъзо чоралари кескинлашди. Чет эл фуқаросининг РФ ҳудудига киришига зарур бўлган ҳужжатларни ноқонуний берилишига воситачилик қилганлик учун 200 минг рубль ($3 минг) жарима, мажбурий меҳнат ёки уч йилгача озодлик маҳрум этиш чораси қўлланилади, хизмат ваколатидан фойдаланиб ноқонуний миграцияни ташкиллаштирган давлат ходими эса 500 минг ($7,7 минг) жарима тўлаган ҳолда етти йилгача қамалиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ