Туркманистон электр тармоғидаги авария туфайли ўзбекистонликлар вақтинча электр энергиясисиз қолдилар

Pixabay.com сайти фотосурати

Туркманистон электр узатиш тармоғида рўй берган носозлик туфайли Ўзбекистон энергетика тизимида аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида ўзбекистонлик истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилганини хабар қилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати.

21 февраль куни эрталаб Туркманистон энергетика тизимига тегишли «Мари иссиқлик станцияси» ва «Сердар» подстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғи фавқулотда ўчган. Натижада Туркманистондан етказиб берилаётган электр энергияси 780 МВтдан 60 МВтгача камайган.

«Айни пайтда туркманистонлик энергетиклар томонидан ҳаво тармоғидаги носозлик бартараф этилмоқда.

Ўзбекистон электр энергияси таъминоти тизимида импорт амалиёти ўрнини қоплаш учун барча захира кучлари сафарбар этилган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон 2019 йил 1 декабрдан қўшни Туркманистондан электр энергиясини импорт қила бошлаган. Биринчи кун 14,9 млн кВт*с электр энергияси, иккинчи кун — 15,4 млн кВт*соат етказиб берилган. Бироқ, 4 декабрь куни «Сердар» (Туркманистон) ва «Қоракўл» (Ўзбекистон) станцияларини боғлаб турувчи электр тармоғида авария юз бергани боис Навоий, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари автоматлаштирилган тизим туфайли автоматик равишда тармоқдан узилган.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 69 млрд кВт*соатни ташкил этади. Республикадаги иссиқлик ва гидро электр станциялари йилига 64 млрд кВт*с электр энергиясини ишлаб чиқаради. Электр энергияси дефицити Тожикистон ва Қозоғистондан қилинаётган импорт ҳисобига қопланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ