Коронавирус Тошкент халқаро инфестиция форумининг бошқа муддатга кўчирилишига сабаб бўлди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида брифинг . Mift.uz сайти фотосурати

Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси шу йилнинг ноябрь ойига кўчирилди. Бунга коронавирус COVID-19 тарқалиши сабаб бўлган, деб хабар беради республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати.

Форум 2020 йил 5–6 март кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилганди. Жами рўйхатдан ўтганлар сони 1706 киши бўлиб, улардан бизнес вакиллари – 1284, хорижий ҳукумат вакиллари – 422, оммавий ахборот воситалари вакиллари – 42 кишини ташкил этган. Рўйхатдан ўтганлар дунёнинг жами 63 та мамлакати вакилларидир.

Форумда иштирок этиш қиймати $850 ташкил этади (бунга меҳмонхонада яшаш, Тошкентга бориш-қайтиш ҳаражати киритилмаган). Форум дастуридан республика олий раҳбарияти билан мулоқот ўтказиш, давра суҳбатлари, «Бизнес учун очиқлик», «Минтақавий алоқаларни ривожлантириш», «Технологик инновациялардан фойдаланиш» мавзусидаги сессиялар ўрин олган.

Ўзбекистонда халқаро инфестиция форуми 2018 йилдан бери ўтказиб келинади ва унинг сўнггида кўп миллионли контрактлар имзоланади. 2019 йил Жиззах вилоятида ўтказилган форумда $600 млн, кейингисида – $1,1 млрд миқдорида келишувлар имзоланган. 2019 йили Фарғона вилоятида бўлиб ўтган инвестиция форумида $358 млн, Андижонда – $250 млн, Тошкентда – $1 млрд, Самарқандда — $1,7 млрд миқдорида шартномаларга қўл қўйилган.

Коронавирус COVID-19 эпидемияси 2019 йил декабрда Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланган. Бугунги кунга келиб ундан 2247 нафар одам оламдан кўз юмган, 76 727 киши касалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ