Самарқанд вилоятида жамоат транспорти қатнови қисман тўхтатилади

Самарқанддаги автобус бекати. Самарқанд вилояти матбуот хизмати фотосурати

Жорий йилнинг 24-март кунидан бошлаб вилоятда шаҳарлараро (туманлараро) жамоат транспорти (автобус) қатнови вақтинча тўхтатилади, деб хабар беради вилоят ҳокимиятининг матубот хизмати.

«Сизнинг саломатлигингиз биз учун муҳим. Коронавирусга қарши курашиш қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз», – дейилади ҳокимият хабарида.

Бундан олдин шу каби чоралар пойтахт Тошкент ва Қашқадарё вилоятида жорий қилинганди. 24-мартдан республика пойтахтида нафақат жамоат транспортлари, балки енгил автомобилларнинг ҳам ҳаракатланиши чекланади. Пойтахтга кириш-чиқиш қоидаси юк ташувчилар, Тошкентда доимий пропискада бўлганларга таъсир қилмайди.

Карантин пайтида таксининг асосий транспорт воситага айланаётгани сабаб, ҳукумат таксичилик қилмоқчи бўлганларнинг бир кунда ҳужжат олишига имконият яратди.

Шунингдек, 24-мартдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мамлакат ичидаги барча рейсларини тўхтатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ