Ўзбекистонда четга чиқмасдан коронавирусни юқтирган биринчи одам қайд этилди

Баҳром Алматов. UzReport TV лавҳаси

Ўзбекистонда ичкаридан туриб COVID-19 коронавирусини юқтирган биринчи одам қайд этилди. Бунга қадар барча ҳолатларда вирус четдан кириб келганди. Бу ҳақида Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов онлайн брифингда айтиб ўтди, дея хабар беради Gazeta.uz.

Алматовга кўра, 20 ёшга кирган қизда шундай ҳолат аниқланган. Қизнинг ўзи, қариндош-уруғлари чет элда бўлмаган. Улар соғлом, текширишдан ўтказилган. Қиз ўзининг ўқиш фаолиятида қандайдир ҳолатда вирусни юқтириб олган.

Алматов республикада вирус қандай тарқалаётганини айтиб ўтган. 11-мартда Париждан учиб келган, хусусий клиника ишлайдиган врач аёл уйига 35 та одамни чақиради. Кейинчалик уларнинг 13 тасида коронавирус борлиги аниқланган. Шунингдек, аёл ўз оила аъзоларига ҳам вирусни юқтирган. Битта манзилда аёл билан бирга ўнта одам истиқомат қилади. Ишхонада эса врач аёл 42 та касал ва 80 та одам билан мулоқотда бўлган.

Ўз навбатида бу одамлар ҳам ўз қариндошлари билан мулоқот қилганлар, магазин, сартарошхона, бозорларга ташриф буюрганлар.

«Бу ҳалқа давом этиб кетаверади, у геометрик прогрессия тарзда кўпаяди», — дейди Алматов.

Коронавирус илк бор аниқланганидан кейин, Франциядан келган аёл билан контакт қилган одамлар рўйхати тузилиб, уларнинг барчаси карантинга олинган.

Бош санитар врач бешта мижозда касаллик симптомлари йўқолганини айтади. Бу одамлар яна 14 кун давомида врачлар назоратида қоладилар, кейин уларга жавоб берилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 49 та одамда коронавирус аниқланган, улардан 19 нафари эркак киши, 30 нафари аёл киши. Аксари касалланганлар 20-40 ёшда. Вирус юқтирганларнинг олтитаси 60 ёшдан ўтган. 11 та одамнинг аҳволи ўртача оғир, беш нафар одамда сурункали касалликлар мавжуд.