Ўзбекистон расмийлари 12 та чартер рейсларининг муддатларини тасдиқладилар

Москва аэропортида қолиб кетган ўзбекистонликлар . Екатерина Иващенко фотосурати, "Фарғона"

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 24 мартдан 3 апрелга қадар хорижда қолиб кетган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича 12 та чартер рейсларини амалга оширади. Рейслар амалга ошириладиган сана ва тахминий вақт жадвали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтида жойлаштирилган.

24 март куни Тошкентга иккита рейс режалаштириб қўйилган: Москвадан (Внуково аэропорти) чартер соат 17.00 да учади (бу ерда ва давомида маҳаллий вақт кўрсатилган), Истанбулдан учиш 23.00 га мўлжалланмоқда.

25 ва 26 март кунлари соат 12.00 ва 15.00 да Россия Федерацияси пойтахтидан (аэропортлар кўрсатилмаган) Ўзбекистонга қараб яна иккита махсус борт парвоз қилади.

27 март куни учта эвакуация рейсларининг амалга оширилиши кутилмоқда: Дубайдан соат 15.00 да, Москвадан – 13.00 да ва Истанбулдан (айни пайтда учиш вақтига аниқлик киритилмоқда). 29 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига қарашли самолёт ўзбекистонликларни Сеулдан ватанига қайтариб келади (вақтга аниқлик киритилмоқда). Эртаси куни соат 14.00 да Санкт-Петербург йўналиши бўйича лайнер павроз қилади.

Апрель ойининг дастлабки кунлари учта парвознинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Самолётлар 2 апрель куни Москвадан (соат 12.00), 3 апрель куни – Истанбулдан (23.00) ва Дубайдан (13.00) учиши кутилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтиб келгандан кейин Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда 14 кунлик карантинга жойлаштирилишини эслатиб ўтган.

Шу кунларда ўзбекистонлик фуқароларни Новосибирск, Москва, Истанбул, Куала-Лумпур ва Жакартадан олиб чиқиш бўйича чартерлар ташкил этилган эди. Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси Жаҳонгир Худойхўжаев 22 март куни маълум қилганидек, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Миср ва Малайзиядан еттита рейс билан ватанга жами 1750 фуқаро қайтариб келинган.

Олдинроқ Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари Истанбул-Тошкент чартет рейсларига чипталар нархи икки баробар кўтарилиб кетгани борасида шикоят қилишган эди. Етарли пул маблағларига эга бўлмаган кўплаб оилалар ватанга қандай қилиб қайтишни билмай, бошлари қотиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, республикада коронавирус касаллигини юқтириш бўйича биринчи ҳолат аниқланганидан сўнг Ўзбекистон 16 март куни ўз чегараларини бутунлай ёпиб қўйди. Кейинроқ маълум бўлишича, халқаро авиа-, авто- ва темирйўл алоқалари апрель ойининг охиригача тўхтатиб қўйилган экан. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморлар сони 50 кишини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ