Ўзбекистонда қолиб кетган тожикистонликлар ватанига киритилмаган

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги назорат пункти. Ozodi.org сайти фотосурати

Тожикистон чегарачилари Ўзбекистондаги тожик оиласини ўз ватанига ўтказмаганлар. Турсунзода шаҳрида яшовчи Ёқуб Имомовнинг «Фарғона»га хабар беришича, у икки кундан бери хотини ва ёш боласи билан «Ойбек» — «Фотехобод» чегара ўтказиш пункти орқали ўз юртига ўта олмаяпти.

«Биз Тошкентга яқин жойдамиз. Кеча, 24 март куни таксида «Ойбек» чегара пунктига етиб келдик. Бизга чегара ёпиқлиги, тожик чегарачилари умуман ўтказмаслигини айтишди ва Тожикистонга бўладиган чартер рейсни кутиш учун жўнатиб юборишди. Лекин бизларни аэропортга етиб олишимиз учун Тошкентга ҳам киритишмаяпти», — дейди Имомов.

Унинг сўзларига кўра, бошқа чегара пунктларида ҳам аҳвол шундай: Ўзбекистонда қолиб кетган тожикистонликларни ўз юртига киритишмаяпти.

«Мен Турсунзодадаги танишимни «Дўсти» чегара пунктигача ташлаб қўйишини илтимос қилдим. Унга чегара 5 майгача ёпиқ эканини айтишган. Кеча «Сариосиё» пунктида ўзбек томони тожикистонликларни ўтказишган, лекин Тожикистон томони уларни қайтиб ўз юртига кўйишмаган. Натижада одамлар яна Ўзбекистонга қайтишган. Бугун эса ўзбек чегарачилари ҳам ўтказмай қўйишди. Менга айрим тожикистонликларни Пахтаободдаги карантин шифохонасига жойлаштиришганини айтишди», — дейди Имомов.

У икки кундан бери Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонасига қўнғироқ қилиб тушолмаётганини айтади. Унинг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига юборган электрон хати хам жавобсиз қолган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни мамлакатлар чегарасида ушланиб қолган юртдошларни қайтариш учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлайди. 23 март ҳолатига кўра, Тошкент, Нур-Султон ва Олма-Отадаги тожик дипломатлари саъй-ҳаракатлари туфайли қўшни давлатлар чегарасида қолиб кетган 1100 нафар Тожикистон фуқароси ватанига қайтарилган.