Тошкент юқумли касалликлар шифохоналарини қуриш тезлиги бўйича Ухандан ўзиб кетмоқчи

Тошкентнинг Чилонзор туманида касалхона қурилиши. “Ўзбекистон 24” телеканалидан олинган лавҳа

Тошкентда учта янги касалхона қурилиши режалаштирилмоқда. Янги касалхона қурилиши ишлари Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Занги ота туманларида бошланди, шу билан бирга, Юқори Чирчиқдаги касалхонани беш кун ичида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда, дея хабар беради “Газета.Uz”.

“Ўзбекистон 24” телеканалининг хабар беришича, ўзбекистонлик қурувчилар хитойликларнинг Ухандаги 10 кун ичида барпо этилган 1500 беморга мўлжалланган госпитални ҳамда Новая Москвадаги 500 ўринли тез барпо этилувчи юқумли касалликлар касалхонасини қуриш бўйича тажрибасига суяниб, ишни икки баробар тезроқ бажаришни режалаштирмоқдалар.

Тез барпо этилувчи касалхоналар қурилишида корпус биноларининг қурилиши билан коммуникациялар (газ, сув, электр энергияси) ўтказиш ва инфратузилмалар яратиш ишлари параллель равишда олиб борилади.

Тошкент шаҳри ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов чартер рейслар билан хорижий мамлакатлардан қайтарилаётган ўзбекистонликларни карантинга жойлаш режалаштирилаётган тўртта қурилиш майдончаларининг тайёрлигини билдирди. “500 кишига мўлжалланган биринчи контейнерлар бугун кечқурун етиб келади. Уларнинг етиб келишига қараб биз майдончаларни тайёрлаб борамиз”, деди ҳоким ўринбосари.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов ҳар бир бемор учун конденционер, телевизор ва коммуникациялар билан жиҳозланган алоҳида “уйча” кўзда тутилаётганини маълум қилди: “Ҳар бир лот худди иккита самолёт каби. Қаторлар орасида ўтиш жойлари бўлади. Улар медицина ходимларининг ҳаракатлари учун қолдирилади”. Медицина ходимлари алоҳида корпусда жойлашадилар.

Шерзод ва Даврон Хидоятовлар қурилиш бўйича мажлисда . “Ўзбекистон 24” телеканалидан олинган лавҳа

Қурилиш вазири Ботир Зокиров маълум қилишича, ҳозирги пайтда ҳар бири 1000 нафар беморни сиғдира оладиган иккита клиника босқичма-босқич барпо этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ худди шунақанги тез барпо этилувчи касалхоналарни бир нечта вилоятларда қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳалар коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб бориш учун амалга оширилади, бироқ келгусида улардан бошқа эпидемиологик таҳдидлар пайдо бўлганда фойдаланиш мумкин бўлади.

Ўзбекистонда 28 мингдан зиёд одам карантинга жойлаштирилган, 60 нафар COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар аниқланган. Охирги бемор Намангандан чиқди, шундан кейин шаҳар ҳар қандай транспорт учун кириб ва чиқишга ёпиб қўйилди, бундан озиқ-овқат ташиган юк машиналари истисно этилган.

Дунё бўйича деярли 460 минг киши коронавирус инфекциясини юқтириб олди, улардан 20 мингдан зиёди вафот этди. Қурбонлар сони бўйича Италия ва Испания Хитойдан ҳам ўзиб кетди.