Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Душанбеда прокурорнинг ўлими сабабини очиқлади

Жалолиддин Абдужабборзода . Sputnik-tj.com сайти фотосурати

Душанбе прокуратураси ходими Жалолиддин Абдужабборзода коронавирус инфекциясига чалинмаган эди, у икки томонлама ўпка яллиғланиши ҳамда А гриппининг H1N1 туридан вафот этган. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтида 20 апрель куни чоп этилган пресс-релизда маълум қилинган.

“Жалолиддин Абдужабборзодани коронавирусга тест қилинди ва натижалар манфий чиқди”, — дейилади баёнотда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Истиқлол касалхонасида прокурорга қўйилган ташхисга аниқлик киритди: икки томонлама пневмония, “А” типидаги грипп (H1N1 яъни, гриппнинг энг кўп тарқалган тури) ҳамда 3-даражадаги семириш (морбид семириш, бунда тана массаси ҳаддан зиёд юқори ва тана массаси индекси 40 дан юқори).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд этишича, ўз вақтида қабул қилинган эҳтиёт чоралари туфайли унинг барча қариндошлари “айни пайтда карантинга олинган ва ўзларини яхши ҳис этмоқдалар”.

Олдинроқ, унинг прокуратура ходими бўлган отаси Саидислом Пировни дафн этишганидан сўнг ўғлини касалхонага ётқизишга тўғри келди. Қариндошларига кўра, прокурорнинг жасади ёпиқ тобутда келтирилган ва уни очиш тақиқлаб қўйилган ва шундан сўнг ўша заҳотиёқ дафн этиш учун олиб кетилган ва уни келтирган тиббиёт ходимлари ҳимоя комбинезонларида бўлишган.

Ўпка ва юрак касалликлари, хусусан, пневмония, сил ва юрак ишемияси касалликларидан содир бўлаётган кетма-кет ўлимлар ҳақидаги хабарларга қарамай, Тожикистон ҳамон ўзини COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳоли мамлакат дея аташда давом этмоқда.

Шу йил 1 февралдан 20 апрелгача бўлган давр мобайнида мамлакатга хориждан келган 8212 нафар фуқаро мамлакатнинг тиббиёт муассасаларига карантинга ётқизиб қўйилган. Улардан 7129 нафари уйларига қўйиб юборилган, яна 1083 киши карантинда қолмоқда. “Бахтимизга шу чоққача карантинга олинган фуқароларнинг бирортасидан коронавирус инфекцияси аниқлангани йўқ”, — дея билдирди Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 апрель куни.

Марказий Осиёдаги ўзини COVID-19 инфекциясидан ҳоли деб атаётган мамлакатлардан яна бири Туркманистон бўлади. Ўзбекистонда 20 апрелгача коронавирус инфекциясини юқтириб олишнинг 1627 та ҳолати аниқланган (беш киши ўлган), Қозоғистонда – 1852 киши (19 та бемор ўлган), Қирғизистонда – 658 киши (етти киши ўлган).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида