Қозоғистонлик мутасаддилар Ўзбекистонни сув тошқини кўламини камайтиришда айбладилар

Туркистон вилоятидаги сув остида қолиб кетган уйлар. ratel.kz сайти фотосурати

Туркистон вилояти (Қозоғистон) ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқамановнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг барча сай-ҳаракатларига қарамай, сув ҳамон Мақтаарал туманига бостириб келишдан давом этмоқда.

Ҳоким ўринбосари Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2 май куни кечқурун қилган тўғридан-тўғри эфир орқали чиқишида Ўзбекистон томони вазият барқарорлашди дея ишонтиргани боис, сув босган қишлоқлардан одамларни кўчириш кечикиш билан бошланган. Бир кун олдин Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Сардоба сув омборида тўғон ўпирилгани боис икки республиканинг чегараолди ҳудудлари сув тошқини зонасида қолиб кетган эди.

Қалмақановга кўра, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги гидроузел Ўзбекистон тарафидан ёпиб қўйилгани ва оқиб чиқаётган сув сатҳи пасайгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, Қалмақановнинг аниқлик киритишича, Қозоғистон тарафидаги сув сатҳи соатига ўртача 10-20 сантиметрдан кўтарилишда давом этиб келган. Мутасадди шунингдек, вазият назорат остига олингани ҳақида тинмай ишонтириб келаётган Ўзбекистон томони билан ўзаро ёзишма протоколлаштириб қўйилганини билдирган.

3 май куни эрталаб соат 05.00 дан бошлаб Қозоғистоннинг сув остида қолиб кетган Фирдоуси ва Нурли Жол посёлкаларидан сув Туркистон вилояти Жанажол қишлоқ округининг Оргебас аҳоли пунктига етиб кела бошлади. Бу қишлоқда 1451 киши истиқомат қилади. Эрталаб соат 8 да қишлоқ сув остида қолди ва ундаги аҳоли кўчирилди. Бундан ташқари, туман маркази – Мирзакент поселкасининг ҳам сув остида қолиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Ҳоким ўринбосарига кўра, аҳоли қисман кўчирилганига қарамай, расмийлар посёлкани бостириб келаётган сувдан максимал даражада ҳимоя қилишга уринмоқдалар.

Туркистон вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти бошлиғи Нурғали Жунусовнинг маълум қилишича, сув босиб келаётгани тўғрисидаги биринчи сигнал келиши биланоқ юзага келаётган вазият борасида Ўзбекистон томони хабардор қилинган. Жунусовнинг айтишича, у чегараолди ҳудудидаги Жана Турмис посёлкасида шахсан ўзи турган ва сув йўлини тўсиш бўйича ҳеч қандай натижалар кўринмагани борасида аниқлик киритган. “Сув оқимии тезлиги жуда кучли эди, ҳатто баланд овозда гувиллаб келган. Омадимиз келиб, барча аҳоли пунктлардан одамларни кўчиришга улгурдик ва ҳеч ким қурбон бўлмади ва жабрланмади”, — дея қайд этди у.

Kun.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беришича, 1 май куни Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Содир бўлган фавқулодда ҳодиса оқибатида бир неча посёлкалар сув остида қолган, йўллар вайрон бўлган, қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказилган. Воқеа содир бўлган жойда истиқомат қилаётган 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилган. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. ФВВ раҳбарлари ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳодиса содир бўлган жойга етиб боришган, кейинроқ президент Шавкат Мирзиёев вертолётда ҳалокат зонасини кўздан кечирган. Давлат раҳбари матбуот хизматида маълум қилишларича, “вазият тўлиқ назорат остига олинган, ваҳима қилишга асос йўқ”.

ФВВ маълумотига кўра, 1 май куни 56 нафар одам турли тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ