Сардоба сув тошқинидан жабрланган қозоғистонликларга 240 АҚШ доллари миқдорида пул тўланади

Туркистон вилояти Мақтаарал туманидани сув тошқини. Primeminister.kz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши натижасида содир бўлган сув тошқинидан жабрланган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти аҳолисига давлат 100 минг тенге (240 АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пули берадиган бўлди, дея хабар беради Қозоғистон ҳукумати сайти.

Ушбу қарор бош вазир ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг Туркистон вилояти Мақтаарал туманига бориб, Оргебас ва Фердоуси посёлкаларини кўриб қайтгани заҳоти қабул қилинган.

Бош вазир ўринбосари Скляр ва вилоят ҳокими Умирзақ Шукеев сув тошқинидан жабрланган маҳаллий аҳоли билан учрашдилар, сув остида қолган посёлкаларнинг оқсоқлларининг мурожаатларини тингладилар ва Мирзакентда мажлис ўтказдилар.

Оргебас ва Фердоуси аҳолисига турар жой масаласини ҳал қилишда учта вариант таклиф этилди: бошқа аҳоли яшайдиган пунктларга кўчиб ўтиш, бу ерда уларга янги уй қуриб берилади, уйларини қайта тиклаб бериш ёки уйларини қайта қуриш ва тиклаш учун кетадиган харажатларини қоплаб бериш. Сув тошқинидан жабрланганлар қишлоқ йиғини ўтказиб, таклиф этилган вариантлардан бирини танлашлари керак бўлади.

Мирзакент четида янги микрайон қурилмоқда, бу ерга Достиқ, Жанатурмис ва Женис поселкалари аҳолиси кўчириб келинади. Янги турар жой массивига барча коммуникациялар ўтказилади, бу ерда болалар боғчалари ва мактаблар қуриб беришга ваъда қилишмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларига келтирилган зарар фавқулодда ҳодиса оқибатларини тугатиш бўйича оператив штабнинг комиссияси томонидан ўтказиладиган ревизия якунларига мувофиқ ҳукуматнинг захиралари ҳисобига қоплаб бериладиган бўлди. Фермерларга қишлоқ хўжалиги кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддатлари кечиктириладиган бўлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги олимлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги далаларини қайта тиклаш ишларини амалга оширади ҳамда деҳқонларга бу йил қайси турдаги экинларни етиштириш бўйича тавсиялар беради.

Ўзбекистон содир бўлган фавқулодда ҳодиса учун узр сўради ва шу важдан Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотасини юбормайдиган бўлди. Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманига 6 май куни Ўзбекистондан 100 дан зиёд махсус техника (гусеницали ва ғилдиракли тракторлар, мотопомпалар билан жиҳозланган ўт ўчириш машиналари) ва 200 нафар ишчи ходимлар, шу жумладан, гидротехника мутахассислари етиб келдилар.

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг участкаси 1 май куни эрта тонгда ўпирилиб кетган. Маҳаллий ҳокимият органлари юзага келган сув тошқини натижасида 85 мингдан зиёд аҳолини кўчиришга тўғри келди. Элликдан зиёд одамлар турли оғирликдаги тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилди, тўрт киши ҳалок бўлди ва бир киши бедарак йўқолди. Қозоғистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқини оқибатида 99 та кўп қаватли турар жой бинолари қисман шикастланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ