Мирзиёев мутасаддиларни вилоятлар эҳтиёжларига юзаки ёндашаётгани учун танқид қилди

Шавкат Мирзиёев . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларни республиканинг турли вилоятлардаги шаҳарлар ва қишлоқлар иқтисодиётининг ривожланишига юзаки ёндашаётганлари учун танқид қилди.

Марказдаги раҳбарлар қарорлар қабул қилишда ҳокимларнинг умумий ҳисоботлари билан кифояланиб қолмоқдалар, ваҳоланки ҳудудларга оид ҳар бир масалани аниқ туман, қишлоқ, маҳалла, соҳа ва корхона кесимида, муаммонинг энг қуйидаги илдизигача тушиб, уни ҳал қилиш зарур.

Мирзиёев дастурлар ишлаб чиқишни ҳар бир қишлоқдан бошлаш, қайси қишлоқда қайси йўналишни ривожлантириш, бунга қанча маблағ ажратиш кераклигини аниқ кўрсатиш талабини қўйди. Мисол учун, Сурхондарёда 55 мингта, Андижонда 41 мингта, Навоий вилоятида 14 мингта оилани камбағалликдан чиқариш лозим. Кичик корхоналарни кўпайтириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш зарур.

Йиғилишда бунинг учун учта йўналишдаги ишларга қўшимча туртки бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди: саноатни ривожлантириш, мавжуд хомашёни чуқур қайта ишлаш, ҳар бир туман, қишлоқ ва маҳаллани ихтисослаштириш, жойларда инвестицион ва туристик салоҳиятни ошириш, сервис хизматларини яхшилаш учун инфратузилма объектларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш.

Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқаришнинг асосий қисми битта тармоққа ёки республика тасарруфидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Андижонда саноат ишлаб чиқаришнинг 69 фоизини машинасозлик, Навоийда эса 72,5 фоизини кон-металлургия ташкил этади.

Мирзиёев Андижон вилояти Хўжаобод туманида ташаббускорларга 6,5 мингта иш ўрни яратиб бериш имкониятини берадиган 32 та тикув-трикотаж корхонаси учун жой ажратиш бўйича кўрсатма берди. Асака туманидаги автомобиль заводи яқинида эса, унумдорлиги паст ерларда кичик саноат зонаси ташкил этиб, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берилди.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида гиламдўз ҳунармандлар бор. Бандихон туманида эса гилам учун зарур хомашё – қўй ва эчки жуни кўп. Мазкур қўшни туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш орқали йилига 85 тонна жун ва терини қайта ишлаш мумкин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга Андижон, Навоий ва Сурхондарёда 33 гектар ер ва 5,3 минг квадрат метрли бўш биноларда 10 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Мирзиёев туристик зоналар ташкил этиш учун Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори ҳамда Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” ҳудудига олиб борувчи йўлларни таъмирлашни топширди.

Навоий вилоятида 8 миллион гектардан ортиқ яйлов ерлари бўлиб, чорвачиликни, айниқса, қўй ва эчкичиликни ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Бунинг учун қудуқлар қазиб, янги чорва хўжаликлари ташкил этиш зарур. Натижада 500 дан ортиқ киши меҳнат билан банд бўлади.

Сурхондарё вилоятининг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд. Ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла майдонлари ўрнида анор плантациялари барпо этилса, 10 баробар кўп даромад олиш, 30-40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мумкин.

“Ҳар бир раҳбар ўз иш услубини ўзгартириб, оддий одамларнинг имконияти ва кўникмаларини инобатга олиб, амалий лойиҳалар қилинсагина тезроқ натижа бўлади. Қишлоқда, маҳаллада ўзгариш бўлса, иқтисодиёт ҳам ривожланади”, – деди Шавкат Мирзиёев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ