АҚШ «мажбурий меҳнат» сабабли Қозоғистон товарларига янги бож жорий қилди

whitehouse.gov сайти фотосурати

АҚШ президенти Дональд Трамп 60 та давлатдан, жумладан Қозоғистондан импорт қилинадиган товарларга нисбатан янги божларни жорий этишни назарда тутувчи фармонни имзолади, деб хабар беради Reuters.

Оқ уй ҳужжатига кўра, 2026 йил 24 июлдан бошлаб Қозоғистон маҳсулотларига 12,5 фоиз миқдорида тариф қўлланилади.

Янги чоралар АҚШ Савдо вакили идораси (USTR) томонидан ўтказилган текширув натижасида қабул қилинган.

Америка расмийлари айрим давлатлар мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар импортига қўйилган тақиққа риоя этилишини етарлича самарали таъминламаяпти, деган хулосага келган.

Янги чекловлар татбиқ этиладиган давлатлар рўйхатига Қозоғистондан ташқари Россия, Хитой, Туркия, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, шунингдек Лотин Америкаси ва Осиёнинг бир қатор мамлакатлари киритилган. Собиқ совет ҳудудидаги давлатлар орасида рўйхатдан фақат Қозоғистон ва Россия жой олган.

Айрим давлатлар, жумладан Аргентина, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Мексика ва Буюк Британия учун 10 фоизлик бож белгилаган. АҚШ баҳосига кўра, бу мамлакатлар мажбурий меҳнатдан фойдаланиб ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тақиқлаган, аммо ушбу тақиққа риоя этилишини назорат қилишни етарлича самарали йўлга қўймаган.

Шу билан бирга, фармонда истиснолар ҳам кўзда тутилган. Импорт чекланиши АҚШда танқисликка олиб келиши мумкин бўлган хом ашёларга, иқтисодий узилишларни келтириб чиқариши мумкин бўлган товарларга, шунингдек Америка ҳудудида етарли миқдорда ишлаб чиқариш имкони бўлмаган маҳсулотларга божлар татбиқ этилмайди. Бу эса Қозоғистоннинг АҚШга экспортидаги айрим асосий товарлар янги тариф таъсирига тушмаслигини англатади.

Янги божлар 2026 йил февраль ойидан амал қилиб келган вақтинчалик 10 фоизлик умумий тариф ўрнини босади.

2025 йилда Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 3,2 миллиард долларни ташкил этган. Қозоғистоннинг АҚШга экспорти асосини хом нефть, уран, кумуш, ферроқотишмалар ва бошқа маҳсулотлар ташкил қилади. Ушбу тоифалар АҚШ президентининг «АҚШ товарлар савдосидаги жиддий ва барқарор тақчилликка олиб келувчи савдо амалиётларини бартараф этиш мақсадида ўзаро тарифлар орқали импортни тартибга солиш тўғрисида»ги фармонида белгиланган истиснолар рўйхатига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ