Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаровни озод қилишдан бош тортди

Азимжон Асқаров . Қирғизистон ЖЎДХ фотосурати

Қирғизистон Олий суди 13 май куни бир умрга қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров бўйича навбатдаги кассация ишини бекор қилди. Бу ҳақда Kloop нашри хабар беради.

Суд мажлиси 2011 йили озодликдан маҳрум этилган Асқаров иштирокисиз ўтди. Маҳкум манфаатларини адвокатлар ва «Бир Дуйно — Кыргызстан» ташкилоти ҳимоя қилди. Улар суддан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси талабидан келиб чиқиб, ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан жиноий ишни тўхтатиш ва уни озодликка чиқаришни сўрадилар.

Судда Жалол-Обод области, Бозор-Қўрғон районидаги милиционернинг қариндошлари иштирок этган. Улар суд қарорини қарсаклар билан олқишлаганлар.

11 май куни Бишкек районлараро суди Асқаровнинг ҳукуматга нисбатан фуқаровий аризасини кўриб чиқиши керак эди. Асқаров ҳукуматни БМТ қўмитаси қарорини ижро этмаганликда айблайди. Лекин суд мажлиси бўлмади. Аниқланишича, 8 май куни Қирғизистонда районлараро судлар фаолиятига чек қўйилган экан. Бундан ҳатто ишга келган судья ҳам бехабар бўлган. Лекин кейинчалик Олий суд бу борадаги маълумот ташкилотнинг сайтида 30 апрель куни эълон қилинганини маълум қилди.

Ўзбек миллатига мансуб Азимжон Асқаров 2010 йилда Жанубий Қирғизистонда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги жанжалдан сўнг қамоққа олинган. У тартибсизларни келтириб чиқариш, миллатлар ўртасида адоватни қўзғаш, шунингдек, милиционерни ўлдирганлик айблари билан озодликдан маҳрум этилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровдан ўч олиш учун орган ходимлари атайин сохта жиноят ишларини ясаган, деган фикрдалар. Зеро, Асқаров ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг инсон ҳуқуқларини поймол этаётганлигига кўп эътибор қаратганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ