Мирзиёев “хавфсиз” ҳудудлар ва мамлакатлар учун туризмга рухсат беришга қарор қилдим

Stv.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда туризм биринчи босқичда саёҳатчилар учун республиканинг “яшил” ҳудудлари ўртасида ички саёҳатларига рухсат бериш орқали қайта тикланади. Ундан кейин коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашган мамлакатлардан туристлар оқими очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими билан танишиб чиққанидан сўнг билдирди.

Мирзиёев тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Бундан ташқари, президент коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантиришга ва улар билан босқичма-босқич алоқаларни қайта тиклаш бўйича иш олиб боришга топшириқ берди. Бунинг учун туризм соҳаси пандемия шаротида ишлашни ўрганиши керак.

“Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакат 16 мартдан бошлаб ташқи ва ички туристлар учун ёпилган эди. Оқибатда 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳолат гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди. Туризм ва меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи қатор тадбиркорларга вақтинча имтиёзлар – солиқ таътиллари тақдим этилди. Мирзиёев уларни жорий йилнинг охиригача ер солиғидан ва мол-мулк солиғидан озод қилди.

Туризм йўналишида тадбиркорлар кўрган зарарни яқин 1-2 йил ичида тўлиқ қоплаш қийинлиги боис, фойда солиғини ҳисоблашда 2020-2021 йилдаги кўрган зарарларини кейинги йиллар фойдасидан чегириб ташлашга рухсат берилади. Меҳмонхоналарга кўрсатган хизматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, уларга айланма маблағ учун кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия берилади

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ