Арзонлаштирилган “Ўзбекистон” меҳмонхонасини Сингапур компанияси сотиб олди

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси. Nuz.uz сайти фотосурати

Сингапурнинг Bashan Investment Group PTE LTD компанияси оммавий савдоларда Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасини («Otel Uzbekistan») 80,1 фоиз давлат улуши сотиб олди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий сайти.

Ўрганиш натижалари бўйича Давлат тендер комиссияси томонидан «Bashan investment group pte ltd» (Сингапур) компаниясининг — 24 ой мобайнида 23,2 миллион АҚШ доллари тўлаш, 1,5 йил ичида 100 миллиард сўм ($10,6 миллион) инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи маъқулланди.

Меҳмонхонанинг янги эгалари ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш, 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

Тўрт юлдузли “Ўзбекистон” меҳмонхонаси 1974 йилда қурилган. Меҳмонхонанинг асосий устунлик жиҳатлари – Тошкентнинг ишбилармонлик марказига, асосий диққатга сазавор ва дам олиш жойларига, шунингдек, аэропорт ва темир йўл вокзалига яқинлигида. Қадрига етувчилар меҳмонхонанинг 17 қаватида жойлашган Шаҳризода ресторанини лаззатли таомлари ва осмонўпар баландликдан туриб Амир Темур Ҳиёбони очиб бераётган манзаранинг кўриниши учун мақташади.

Олдинроқ Қувайтнинг Alshaya Group компаниялар гуруҳи ҳам меҳмонхонани сотиб олишга қизиқиш билдирган эди. Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилди. Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган олтита компанияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди.

Меҳмонхонанинг давлат улуши сотилиши ҳақида 2018 йилнинг август ойида эълон қилинган, 2019 йил февраль ойида эса унинг нархини 33 миллион АҚШ доллари миқдорида белгиланган эди. Кейин бўлса унинг нархи 29,7 миллион долларгача ва ундан кейин яна 24,6 миллион долларгача пасайтиришган ва сентябрь ойига келиб меҳмонхонанинг нархи 23,1 миллион долларга белгиланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ