Хорижликлар IT-мутахассислари ва бошқарувчиларни тайёрлаш бўйича учта ОТМ очадилар

Малайзиядаги Binary университети . Mymobileuni.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда Япониянинг Рақамли университети, Кореянинг Кунмин университети ва Малайзиянинг Binary университети очилади. Норматив-ҳуқуқий актлар порталида учала ОТМга доир ҳукумат қарори лойиҳалари жойлаштирилган.

Япониянинг Digital Knowledge компанияси Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда Рақамли университетни ташкил этади. У ерда инглиз ва япон тилларида «инженер-дастурловчи» ва «бизнес бошқаруви» бўйича мутахассислар тайёрланади. Талабалар «икки босқич» стандартида таълим олиб, Жаҳон тиллари университети ва японларнинг (Отемае университети ёки Токио университети) онлайн-ОТМ дипломини оладилар.

Корейсларнинг Кунмин университети Ангрен шаҳрида очилади. Олий ўқув даргоҳи «инженер иши», «инженер иши ва информатика», «ахборот хавфсизлиги» , «бизнес бошқаруви», «архитектура», «дизайн» мутахассислиги бўйича талабаларни ўқитади. Ҳужжатга кўра, муассислар 400 ўринли ётоқхона қурадилар ва грант асосида ўқийдиганлар учун ўз ҳисобидан 5 фоиз жой ажратадилар. Педагогларнинг камида 40 фоизи чет элликлар бўлиши керак.

Малайзиянинг Binary университети Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида фаолият юритади. Ҳужжатда қайси йўналишда мутахассислар тайёрланиши айтилмаган, фақат «тадбиркорлик ва бошқарув» соҳасида кабрлар тайёрланиши ёзилган. Малайзия университетида ҳам талабалар учун 5 фоизли, ўқитувчиларга нисбатан 40 фоизли квоталар мавжуд. Учала ОТМ 2020 йил ўқув йилидан фаолиятини бошлайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда республикада 116 та ОТМ мавжуд, улардан 95 таси маҳаллий ва 21 таси хорижий олий ўқув юртлари ҳисобланади.

Шунингдек, 2020 йили Ўзбекистонда Россиянинг Астрахан давлат техника университетининг, Санкт-Петербург тоғ-кон университетининг, Перм давлат фармацевтика академиясининг, Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг, Москва архитектура институтининг ва А.С.Пушкин номидаги давлат рус тили институтининг филиаллари очилиши кутилмоқда.