Мирзиёев Давлат статистика қўмитасида аҳолини рўйхатга олиш бўлимини тузишга кўрсатма берди

Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат статистика қўмитасига аҳолини рўйхатга олиш бўйича махсус бўлинма тузишга топшириқ берди. Бу ҳақда 1 июнь куни миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда эълон қилинди.

Президент кўрсатмасига кўра, Давлат статистика қўмитаси махсус бўлинма ташкил этиб, хорижлик экспертларни жалб қилиш, қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш институти фаолиятини такомиллаштириб, аҳолини рўйхатга олишда қатнашадиган барча мутахассисларни ўқитиш юзасидан топшириқларни берди.

Давлат раҳбари аҳолини рўйхатга олиш статистикани шакллантиришда асосий манба экани, бунга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, президент Вазирлар Маҳкамаси, Давлат статистика қўмитасига таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва яна қатор соҳалар статистикасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Соҳада шундай аҳвол юзага келганки, статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланмоқда. Уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилмоқда. Солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкин, дея кўрсатиб ўтди президент.

Бугунги кунда Марказий банк, Молия вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг соҳадаги фаолияти мувофиқлаштирилмайди. Аслида эса, статистик кўрсаткичларнинг 40 фоизи ушбу идоралар томонидан шакллантирилади.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида Ўзбекистонда бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга ўтказиш ишлари ўтказилмаган ва айни пайтда аҳолини икки марта рўйхатга ўтказилиши режалаштирилмоқда. Биринчиси, яъни синов рўйхатга олиш ишлари 2020-2021 йилларда ўтказилади. Бунда аҳоли танлов йўли билан рўйхатга олинади ва 2022-йилда ўтказилиши режалаштирилаётган рўйхатга олишдан олдинги ўзига хос машғулот ўрнини босади.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, аҳолини рўйхатга ўтказиш учун бюджетдан ҳар бир одамга 3 АҚШ долларига тенг маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 33 миллиондан ошиб кетганини ҳисобга оладиган бўлсак, унда бу тадбир учун 100 миллион АҚШ долларидан зиёд пул сарфланишини тахмин қилиш мумкин.