Тошкентда ёши бир асрдан ошган дарахтлардан 42 та қолган, холос

Тошкентда панжара билан ўраб қўйилган ёши бир асрдан ошган чинор дарахти. “Ўзбекистон 24” телеканалидан олинган сурат

Тошкентлик экологлар ёши бир асрдан ошган дарахтлардан бор-йўғи 42 тасини санаб чиқдилар, холос. Бундай дарахтлар энди панжара билан ўраб қўйилади ва уларда ушбу табиат ёдгорлиги давлат муҳофазаси остида эканлигини билдирувчи лавҳа осиб қўйилади, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Матбуот хизмати жойлаштирган репортажда пойтахт марказида ўсаётган учта дарахт кўрсатилди, улар Мустақиллик кўчасида жойлашган бўлиб, панжара билан ўраб қўйилган ва лавҳа билан жиҳозланган. Бошқа юз йиллик чинорларга ҳам шундай эҳтиёт чораси кўрилган ёки кўрилмагани ҳақида аниқлик киритилмаган.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасининг мутахассиси Дониёр Турсунбоевнинг тушунтиришича, дарахт танасининг диаметри 100 сантиметрдан ошган тақдирда уларни 100 йиллик дея тан олинар экан. Бундай дарахтлар давлат муҳофазаси остига олиниб, уларни кесиш тақиқланади. Боз устига, ким қонунни бузиб, давлат томонидан қўриқланаётган дарахтни кесадиган бўлса, ундан белгиланган жариманинг 20 баробари миқдоридаги тўлов ундирилади, дейди эколог. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 162-моддасига мувофиқ (“Шаҳарлардаги дарахтларни шикастлантириш ёки уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш”) фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (максимум 2,2 миллион сўм ёки 220 АҚШ доллари), мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача (максимум 4,4 миллион сўм ёки 440 АҚШ доллари) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Экологлар тақдим этаётган маълумотларга кўра, Тошкентда дарахтларнинг 220 тури ва бутасимонларнинг 30 дан зиёд тури ўсади. Ҳозир уларни инвентаризация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Реестрга ҳозиргача 50 мингта ўсимлик киритилган бўлиб, уларнинг ҳаммаси давлат ҳимоясига олинган.

Ўтган йилнинг октябрида ёши бир асрдан ошган дарахтларни муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар давлат кадастрига киритиш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб табиий объектларнинг инвентаризацияси ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Республика шаҳарларида ўсаётган шундай дарахтлар ёнида уларни асоссиз ва ноқонуний равишда кесилиб кетишининг олдини олиш учун давлат назоратининг лавҳалари ўрнатилиши керак эди.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг пойтахт бошқармаси ўтган йилнинг май ойида танлов эълон қилиб, унинг доирасида шаҳарликларга эски дарахтларнинг фотосуратини олишни ва уларнинг манзилини кўрсатиб, экологларга жўнатишни таклиф қилган эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу ғояга сарказм билан қарадилар, кўпчилик фотосуратлар “дарахт кесувчилар учун йўл кўрсатувчи харита бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги”ни айтиб, ҳазил қилдилар.

Аҳоли пунктларини ободонлаштириш давомида дарахтларга шикаст етказиш ва кесилишига қарши фуқаролар томонидан билдирилган кўп сонли норозилик ва шикоятлардан сўнг Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб 2020 йил 31 декабргача ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва бутасимонларнинг қимматбаҳо турларининг кесилишига мораторий жорий этилди. Бироқ ушбу тақиқдан сўнг ҳам республиканинг турли шаҳарларида дарахтларни ёппасига кесиш ҳолатлари қайд этилган эди. Шу йилнинг февраль ойи охирида шандай йирик жарималардан бири тайинланди, ўшанда республика Бош прокуратураси юзтага яқин дарахтларни кесиб ташлаган Building and supplies компаниясидан 1,89 миллиард сўм (деярли 200 минг АҚШ доллари) ундириб олди. Тадбиркорлар билан бирга Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимлигининг ходимлари ҳам жазога тортилган, аммо жарима суммаси ўзаро қандай тақсимот қилингани борасида аниқлик киритилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ