Visa карта соҳиблари энди HUMO тўлов тизимида комиссия пули тўламайдилар

Pxfuel.com сайти фотосурати

23 июндан бошлаб Visa картаси бор ўзбекистонликлар HUMO тўлов тизими орқали харидларни комиссия тўловисиз амалга оширишлари мумкин. Авваллари ушбу тўлов 1,5% иборат эди. Бунга Visa компанияси ва Ўзбекистон Марказий банки ўртасида ўзароҳамкорлик борасида имзоланган келишув орқали эришилди, дейилади Visa компанияси пресс-релизида.

Ушбу келишув мамлакатда нақд пулсиз тўлов экотизимини ривожлантириш борасида қўйилган муҳим қадам эканига урғу берди Миллий банклараро жараён маркази (МБЖМ) директори Шуҳратбек Қурбонов. «Бу Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга кўшилишини тезлаштиради, туризм ва иқтисодий ўсишга яхши туртки беради, маҳаллий корхоналар учун хизмат кўрсатиш сифатини кўтаришга катта имкониятлар туғдиради», — деди у.

Visa компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий менежери Алия Чинибаева тўлов пайтида комиссия пули ушлаб қолинишини мамлакатда нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш йўлида тўғаноқ бўлгани ва одамларнинг тўлов тизимига бўлган ишончига зиён етказганига эътибор қаратди. У энди харидорлар товарлар нархини ҳеч бир қўшимча комиссия пўловисиз харид қилиши мумкинлигини таъкидлади.

2019 йил августида МБМЖ ва Visa компанияси шартнома имзолади. Унга кўра, халқаро тўлов тизими картасига эга ўзбекистонликлар HUMO банкоматларидан пул ечиб олиш имкониятига эга бўлдилар. 2019 йил декабрида Visa картаси бўйича барча HUMO терминалларида тўлов қабул қилиниши эълон қилинди (ҳозирда улар республика бўйлаб 183 мингта ўрнатилган). Шунда ўзбек тўлов тизимидан Mastercard картаси соҳиблари ҳам фойдаланишга эришдилар.

Humo миллий тўлов тизими Марказий банк томонидан президент топшириғига биноан тузилган бўлиб, бунга 2018 йил сентябрда Uzcard тизимидаги носозликлар сабаб бўлди. Humo картасини мамлакатда фаолият юритаётган 28 та банканинг биридан олиш мумкин. Хизмат кўрсатиш турлари қайси банкдан олинишига боғлиқ.