Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишловчи ўзбекистонликлар COVID-19 га доир бепул тестдан ўтишлари мумкин

ТММА ваколатхонаси фотосурати

Москва шаҳри ва Москва вилоятида меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик ишчи мигрантлар учун коронавирус ва организмда вирусга қарши кўникма (антитела) борлигига доир тест таҳлилларини ўтказиш бепул ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекивтон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) хабар беради. Агентлик Халқаро Шодиев жамғармаси (ICF) кўмаги остида ушбу акцияни бошлаган.

Лойиҳа ўзбекистонликлар орасида коронавирус тарқалиши, касалликнинг кучайиши ва оғир талофатга олиб келишини олдини олишга қаратилган. ТММА мигрантлар рўйхатини тузиб, тиббий муассасаларга беради, улар ўз навбатида бригадалар тузиб, кўрсатилган манзиллардаги одамларни тестдан ўтказадилар. ICF ушбу лойиҳа доирасида тиббий хизматлар кўрсатилиши, тест унсурлари ва медикаментларни сотиб олинишини молиялайди.

Тестдан ўтишни хоҳлаган ўзбекистонлик +7 925 957 56 46 рақамига буюртма бериши мумкин. Агар COVID-19 анализи мусбат чиқса, бемор карантинга олиниб, давлат тибий муассасида РФ санитария-эпидемиология талаблари доирасида кўмак олади. Беморга керак бўлганда юридик ёрдам берилади.

ОРВИ симптомлари ва коронавирус таҳлили манфий чиққан мигрантлар керакли даъво ва медикаментларни оладилар. Коронавирус тести манфий ва организмида антитела борлиги мусбат натижага эга мигрантларга расмий тиббий сертификат берилади ва улар ўз ишларини давом эттиришлари мумкин.

27 июндан бошлаб чет эл фуқаросидан Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда коронавирус йўқлигига доир справка (маълумотнома) талаб этилади. ТММА ва ICF томонидан бериладиган тиббий сертификат бунга ўтадими-йўқми, ҳозирча номаълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ