АҚШ америкалик ҳарбийларнинг Ўзбекистондаги базасида заҳарлангани тўғрисидаги ҳужжатни очиқлади

Қарши-Хонободдаги база. Wikimedia.org сайти фотосурати

АҚШда Пентагоннинг маҳфийликдан чиқарилган ҳужжатлари чоп этилди, уларга кўра, 2001 йил 11 сентябрь кунги терактлардан сўнг Ўзбекистон жанубида, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар четидаги Қарши-Хонобод авиабазасида (К2) жойлаштирилган америкалик ҳарбийлар у ерда заҳарли моддалар ва радиация таъсири остида қолган бўлиши эҳтимоли бор бўлган, дея хабар беради CNN.

Минглаб америкалик ҳарбийлар у ерда 2001 дан 2005 йилгача жойлаштирилган эди. Маҳфийликдан чиқарилган ҳужжатларда АҚШ Мудофаа вазирлиги экспертлари томонидан берилган базада 2001, 2002 ва 2004 йилларда ўтказилган экологик хавф экспертизаси натижалари ҳамда ҳарбий хизматчилар соғлиғи учун зарар етиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар бор.

2001 йилги текширувлар натижаларида база атрофидаги тупроқ реактив ёқилғи билан ифлослангани ҳамда улардан ажралиб чиқаётган “буғларни нафас йўллари орқали ютиш” соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилади. Ўшанда экспертлар ифлосланган тупроқ билан ишлашни тақиқлашни тавсия қилгандилар.

2004 йилда ҳарбий хизматчиларнинг 100 фоизи “ҳар куни радиация таъсири остида қолган бўлиши мумкинлиги” маълум бўлди, ҳолбуки лагерда персоналнинг 10 фоизидан камроғи нурланиш таъсири остида бўлганлар, холос. Ҳужжатларга кўра, америкаликларни базага жойлаштиришдан олдин у ердаги совет ракеталари йўқ қилинган, бу эса тупроқнинг сийраклаштирилган уран (уранни бойитиш жараёнида пайдо бўладиган ҳамроҳ маҳсулот) ва асбест билан тўйинишига олиб келган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, асбестнинг барча кўринишлари ўпка саратони, мезотелиома, халқум саратони ҳамда ўпка фибриозини келтириб чиқаради.

Ҳужжатлар АҚШ Конгресси қуйи палатасининг назорат ва давлат ислоҳоти бўйича ост-қўмитаси раиси, демократ Стивен Линч ва республикачилар партиясидан сайланган конгрессмен Марк Грин талабига биноан чоп этилган. Линч К2 фахрийлари “ҳарбий хизмат давомида нималарга йўллиққанларини яхшироқ тушуниб олишлари” ҳамда шунга муносиб равишда медицина ёрдамини олишлари учун зарур, деб билдирди.

“К2 фахрийларида саратонга чалиниш бошқа жойларда хизмат қилган ҳамкасбларига қараганда беш баробар юқори, улардан кўпчилиги касаллик бўйича нафақа олиш ҳуқуқига эга эмаслар”, — дея қўшиб қўйди конгрессмен Линч.

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, уларга ҳеч ким зарарланиш таҳликаси ҳақида гапирмаган. Истеъфодаги сержант Пол Вайднер февраль ойида қўмитага ҳисобот беришича, “уларга кўп маротаба зарарланишнинг хавфи деярли йўқ деб ишонтириб келишган”. Шу билан бирга, фахрийлар ҳарбий контингентнинг сони ва жойлашуви мавжудлиги туфайли маҳфийлаштирилган ҳужжатларни очиқлаш борасида талаб қилганларига анча бўлган.

АҚШ президенти Жорж Буш 2001 йил 11 сентябрь воқеларидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, “Афғонистон ҳудудида жойлашган Ал-Қоиданинг террорчилик гуруҳларини зудлик билан ёппасига қириб ташлаш учун” ўз аэродромларини вақтинча фойдаланиш учун ижарага бериб туришни сўраган эди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу даъватга биринчи бўлиб лаббай дея жавоб бериб, Хонободдаги аэродромни тантанали равишда АҚШга тақдим этганди.